Ўзбекистон 135 24.05.2019 15:22:31

Электр таъминоти корхонаси истеъмолчига ноқонуний ёзган 23 миллион сўм қарздорлик қайтарилди

Электр таъминоти корхонаси истеъмолчига ноқонуний ёзган 23 миллион сўм қарздорлик қайтарилди

Қашқадарё вилояти Касби тумани Комилон қишлоғида яшовчи фуқаро Б. Э туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, электр таъминоти корхонаси томонидан унинг номига ноқонуний тарзда далолатнома расмийлаштирилиб, 23 миллион сўмдан ортиқ жарима қўлланилганидан норозилигини маълум қилган, деб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мурожаат ўрганилганда, Б.Э номига 2017 йилнинг 18 январида Касби туман электр таъминоти корхонаси собиқ назоратчилари томонидан электр тармоғига ноқонуний уланганлиги асос қилиниб, далолатнома расмийлаштирилганлиги ва 23 445 632 сўм жарима қўлланилганлиги маълум бўлди. Ўрганиш жараёнида ушбу далолатнома амалдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” талабларига зид равишда расмийлаштирилганлиги аниқланди. Фуқаро Б.Эшонқулов томонидан ноқонуний фойдаланилган электр сарфи тўла қувват бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, бу 1 052 502 сўмни ташкил этади.

Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ноқонуний қўлланилган жаримани бекор қилиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд томонидан Б. Эшонқуловга нисбатан асоссиз қўлланилган 22 393 130 сўм жаримани бекор қилиб, қарздорлик ҳисобидан чиқариш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.

Шунингдек, собиқ назоратчилар томонидан истеъмолчига нисбатан 1 052 502 сўм жарима ўрнига, амалдаги қоидалар талабларига зид тарзда 23 миллион сўмдан ортиқ миқдорда жарима ҳисобланганлиги қайд этилди.


Электр таъминоти қарздорлик