Ўзбекистон 161 23.05.2019 12:44:59

Тошкентда мол-мулк солиғи тўловчи юридик шахслар 8 507 тага кўпайди

 Тошкентда мол-мулк солиғи тўловчи юридик шахслар 8 507 тага кўпайди

Тошкентда жорий йилнинг 1 май ҳолатига жами 10 337 та мол-мулк солиғи тўловчи юридик шахслар рўйхатга олинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 8 507 тага кўпайган. Натижада бюджетга 411 млрд. 626 млн. 69 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, 2019 йил 1 январдан бошлаб, барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, айланмаси (тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш белгиланган.

Шунга мувофиқ, солиқ соҳасида амалиётга жорий этилган мутлақо янги механизмда ҳам бунга алоҳида эътибор берилган. Албатта, ҳаммага маъқул келадиган тарзда. Яъни юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси аввалгидай 5 фоиз эмас, 2 фоиз қилиб белгиланди.

Хўш, мазкур тартибнинг киритилиши қандай наф беради? Бундан кўзланган мақсад нима?

Таъкидлаш жоизки, бундай тартибнинг жорий этилишидан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга қўшимча солиқ солиш эмас, аксинча мол-мулкидан унумли ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлашдир.

2019 йил 1 январдан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар ишловчилар сони ва реализация ҳажмларидан қатъи назар мол-мулк солиғи тўловчилар бўлишди. Илгари улар бу солиқни тўлашмаган. Ягона шарт – солиқ солиш объектининг мавжудлиги ҳисобланади. Солиқ бўйича жорий тўловлар бор. Улар жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотнома асосида тўланади, кутилаётган солиқ суммаси бир йил учун солиқ солинадиган мол-мулкнинг тахмин қилинаётган ўртача йиллик қиймати ва солиқ ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Солиқ кодексига асосан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўловчилар қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз мулкида кўчмас мулкка эга бўлган юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари.

Солиқ кодексига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг солиқ солиш базасига қуйидагилар киради:

– кўчмас мулк бўйича – ўртача йиллик қолдиқ қиймати. Кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати ушбу мол-мулкнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация ҳажми ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади;

– норматив (белгиланган) муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари ва ишга туширилмаган асбоб-ускуналар бўйича — тугалланмаган қурилишнинг ва ўрнатилмаган асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қиймати.

– Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг кўчмас мулк объектларига нисбатан ушбу мол-мулкнинг ўртача йиллик қиймати солиқ солинадиган базадир.

Бу муҳим!

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш реализация бўйича айланмага боғлиқ эмас. Уни солиқ солиш объекти бўлган барча ташкилотлар тўлайди.

Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар қайси муддатларда тўланади?

Микрофирмалар ва кичик корхоналар чорак охирги ойининг 25-санасигача йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида жорий тўловларни тўлайдилар. Яъни 25 мартгача, 25 июнгача, 25 сентябргача ва 25 декабргача.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар уларни ҳар ойнинг 10-санасигача йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида тўлайдилар. Агар сиз 10-сана соат 24:00 гача солиқни тўласангиз, қоидабузарлик бўлмайди.

Норматив муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари бўйича мол-мулк солиғи икки баравар ставкада тўланади.

Солиқ даври мобайнида солиқ тўловчилар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловлар тўлайдилар. Жорий тўловлар миқдори жорий солиқ даврининг 10 январигача (янги ташкил қилинганлари эса давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай) мўлжалланаётган солиқ солинадиган базадан, яъни мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва маълумотнома шаклида жойдаги туман (шаҳар) ДСИга тақдим этилади.

Тошкент шаҳар Сергели туманидан рўйхатдан ўтган “IQBOL BARAKA TEX” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ишлаб чиқариш корхонаси жорий йилдан мол-мулк солиғи тўловчисига айланди ҳамда унга нисбатан 1 373,4 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланди.

Яъни мол-мулк солиғи қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
ММС = CCБ + СС
ММС = 68 667,6 минг сўм * 2% = 1 373,4 минг сўм
Бунда,
ММС – мол-мулк солиғи;
ССБ – солиқ солинадиган база;
СС – солиқ ставкаси.

Юқоридаги мисолдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, корхона 68 667,6 минг сўмлик объект учун 1 373,4 минг сўм мол-мулк солиғи тўлайди.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимида солиқ тўловчилар ўртасидаги солиқ юки даражасини тенглаштириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш учун барча тадбиркорлик субъектларига юридик шахслардан олинадиган ер, мол-мулк ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларини тўлаш мажбурияти жорий этилди.


Тошкент солиқ

Мавзуга оид