Ўзбекистон 172 22.05.2019 14:31:57

Халқ таълим вазирлиги ота-оналардан тилхат олишга кўрсатма бермаган

Халқ таълим вазирлиги ота-оналардан тилхат олишга кўрсатма бермаган

Ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида умумий ўрта таълим мактаблари директори, синф раҳбарлари томонидан мажбурий равишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан фарзандларини ёзги таътил кунларида тўлиқ назорат қилишлари бўйича тилхат олинаётганлиги тўғрисида турли хил маълумотлар чоп этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма берилмаганлигини расман таъкидлайди.

Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан турли мазмундаги тилхат олиниши мактаб директори ва синф раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилган хатти-ҳаракатдир.

“Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатлар содир бўлганида ота-оналар мактаб вакилларига бундай ҳаракати нотўғри эканлигини тушунтиришлари лозим. Ўз навбатида мана шундай хатти-ҳаракатлар юзасидан вазирликнинг 10-06 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш зарур. ХТВ томонидан аниқланган ҳар бир салбий ғайриқонуний ҳолат юзасидан мактаб директори, синф раҳбари ва мутасаддиларга нисбатан қонунчилик доирасида жазо чоралари кўрилади” – дейилади Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик чораларини кўриш, таътилни мазмунли ўтказиш бўйича мактабларда ота-оналар йиғилишларини ўтказиш ва ушбу йиғилишларда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга тегишли тавсиялар бериш юзасидан барча халқ таълими ҳудудий бошқармаларига кўрсатмалар берилди.


ХТВ ота-она кўрсатма