Ўзбекистон 378 22.05.2019 10:17:03

Тошкент шаҳар ҳокими бузилган 78-уй эгалари билан учрашди

Тошкент шаҳар ҳокими бузилган 78-уй эгалари билан учрашди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жаҳонгир Ортиқхўжаев илгари анҳор бўйида жойлашган ва бузилган 78-уй эгалари билан учрашди. Ҳозирги кунда учрашув иштирокчилари янги манзилда – Қозиробод кўчасида яна ўша анҳор бўйидаги 7 та хонадонларнинг эгалари бўлишди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Учрашувда шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари Даврон Хидоятов, Шайхонтоҳур туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев, Капитал қурилиш Бош бошқармаси вакиллари ва Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги ”Мижозларни қўллаб-қувватлаш ягона хизмати” инжинеринг компанияси директори Собир Арипов таклиф этилди.

Учрашувга янги уйлардаги коммуникация хизматларининг қисман уланмаганлиги сабаб бўлди. Айни пайтда ушбу уйларда газ ва электр таъминоти йўлга қўйилган. Сув таъминоти эса ҳокимият масъуллари сўзларига кўра, марказий каналга уланган бўлиб, тез орада тўлиқ йўлга қўйилади.

Шунингдек, собиқ 78-уй бошка аҳолисининг Қори Ниёзий кўчасидаги уйларга кўчиши масаласи кўтарилди. Бироқ, бугунги кунда янги уйларда қурилиш ишлари давом этаётгани сабаб, у ерга кўчиб ўтишнинг имкони йўқ.

Очиқ сухбат услубида ўтган учрашувда фуқаролар ўз муаммоларини айтишди. Хусусан, янги уйга кўчиш жараёнининг кечикаётганлиги ва шу туфайли ҳозирда яшаётган уйларининг ижара хаққи ошаётгани туғрисида ҳамда якуний таъмирлаш ишлари билан боғлиқ ноқулайликлар хақида ўз муаммоларини маълум қилишди. Алоҳида масалаларга келадиган бўлсак, 30 та велосопед учун тураргоҳ ажратиш масаласи инобатга олиниб, бу борада зарур кўрсатмалар берилди.

Учрашув давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев ушбу камчиликларга йўл қўйган, янги уйлар топширилишининг кечикишига сабабчи бўлган ва бошқа коммуникацион ва таъмир ишлари бўйича сусткашликка йўл қўйган тегишли мутасаддиларни танқид қилди.

Ушбу мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар назорати Шайхонтоҳур туман ҳокими A. Тўхтаев, унинг ўринбосари, шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи уринбосари Д. Хидоятов зиммасига юклатилди ҳамда воқеалар ривожи хақида ҳокимни хабардор қилиб туриш вазифаси топширилди.

Барча камчиликларни бартараф этиш учун 25 май шанба кунигача муддат белгиланиб, ижара ҳаққи тўлови муамоси ҳам ижобий ҳал қилинди. Кўчиш ва мебелларни ташиш учун транспорт билан ҳам таъминлаш ҳақида кўрсатма берилди.


Тошкент шаҳар ҳокими учрашув