Ўзбекистон 390 05.04.2019 09:00:49

Қўшилган қиймат солиғига ўтган корхоналар нега тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмади?

Қўшилган қиймат солиғига ўтган корхоналар нега тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмади?

Жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган. Лекин қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг содда механизмлари самарали ташкил этилмагани сабабли ушбу тизимга ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда халқаро экспертлар билан биргаликда Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақланиб қолинаётганидир. Президент бу борадаги ишлар натижалари мутлақо қониқарли эмаслигини таъкидлади. Шу сабабли бу борада қабул қилинган дастурий чораларни жонлантириш топширилди. 

Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсманга ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш ва фаолиятини тиклашда уларга кўмаклашиш вазифаси юклатилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида кўрсатилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 триллион сўм тушишини таъминлаш мумкин.

Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 200 миллиард сўмдан, Қашқадарёда 170 миллиард сўм, Андижонда 140 миллиард сўм, Қорақалпоғистонда 130 миллиард, Фарғонада 100 миллиард, Самарқанд ва Наманганда 80 миллиард сўмдан, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда 60 миллиард сўмдан, жами қарийб 2 триллион сўм бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконияти мавжуд.


Видеоселектор солиқ