Ўзбекистон 234 18.05.2019 12:48:45

Самарқандда Wi-Fi зоналари ташкил этилди

Самарқандда Wi-Fi зоналари ташкил этилди

Самарқанднинг аҳоли ва сайёҳлар гавжум ҳудудларида пулли ва бепул Wi-Fi ўрнатилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

“Самарқанд вилоятидаги қуйида келтирилган 13 та объект атрофида бепул (1 Мбит/с гача) ва пулли (10 Мбит/с гача) Wi-Fi зоналари ташкил этилди:

Регистон майдони;
Самарқанд халқаро аэропорти;
Темирйўл вокзали;
Ҳазрати Хизр масжиди;
“Афросиёб” музейи;
“Амир Темур” мақбараси;
“Хўжа Дониёр” мақбараси;
“Шоҳи Зинда” ансамбли;
М.Улуғбек расадхонаси;
“Бибихоним” мажмуаси;
Ал-Бухорий мажмуаси;
“Сиёб” бозори;
М.Улуғбек автошохбекати

Ҳозирги кунда Wi-Fi зоналари сонини ошириш бўйича ишлар давом этмоқда” – дейилади хабарда.

Шунингдек, хабарда айтилишича, юқорида кўрсатилган объектларда Wi-Fi га уланганда, фойдаланувчига бепул ва пулли Wi-Fi тармоғига уланиш таклиф этилади.

Фойдаланувчи бепул тармоқни танласа, унга 30 секундли реклама ролиги кўрсатилади, ушбу роликни кўриб бўлгандан сўнг бепул Интернет тармоғидан фойдаланиши мумкин. Интернетга уланиш тезлиги 1 Мбит/с гача бўлади.

Агар фойдаланувчи пулли Интернетга уланмоқчи бўлса, унда унга Интернет тармоғидан фойдаланиш давомийлиги вақти таклиф этилади. Фойдаланувчи 1, 3, 9, 24 соат ва 1 ҳафта давомида Интернет тармоғидан фойдаланишлардан бирини танлайди, уларнинг нархи ҳам турлича бўлиб, мос ҳолда 1000, 2000, 4000, 6000 ва 24000 сўмни ташкил этади.

Фойдаланувчи ўзига керакли тарифни танлаб, тўловни Click ёки Payme тизимлари орқали амалга оширади ва Интернет тармоғига уланади. Ушбу ҳолатда фойдаланувчининг Интернет тармоғига уланиш тезлиги 10 Мбит/с гача бўлади.


Самарқанд Wi-Fi