Ўзбекистон 435 05.04.2019 08:09:30

Қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлиги танқидий кўриб чиқилади

Қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлиги танқидий кўриб чиқилади

Жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Биринчи чоракда мамлакат бўйича бюджет тушумлари тўлиқ ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп бажарилди. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.

“Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин”, - деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев олдинган қўйилган вазифаларни ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди. Жумладан, бюджетга тушумлар прогнози 9 туман ва шаҳарда бажарилмаган.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан еттитасида тушумлар прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарлари томонидан бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Бундай ҳолатлар вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушумлар прогнози бажарилмаган қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.


Видеоселектор солиқ бюджет

Мавзуга оид