Ўзбекистон 349 04.04.2019 13:41:19

Қонунчилик палатасида йўлларнинг сифатсизлиги танқид остига олинди

Қонунчилик палатасида йўлларнинг сифатсизлиги танқид остига олинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”га қуйи палатадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Саноат, савдо ва қурилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг ҳамда шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоқларининг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала киритилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Ҳукумат соати”га қуйи палата депутатларига ахборот ҳамда саволларга атрофлича жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаров таклиф этилди.

Дастлаб парламент вакиллари кўтарган масала юзасидан қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. Сўнгра, депутатлар томонидан қўмита фаолиятига муносабат билдирилиб, жойлардаги муаммолар аниқ далил ва мисоллар билан келтириб ўтилди. Хусусан, йўлларнинг сифатсиз қурилиши аҳоли ёки давлатга нафақат иқтисодий зарар, балки бошқа талафотларни ҳам келтириб чиқараётгани, йўл-транспорт ҳодисаларининг муайян қисми айнан йўлларнинг носозлиги туфайли содир бўлаётганлиги айтилди.

Шу билан бирга, йўлларни сифатли ва узоқ муддатли хизмат қилишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги ҳам танқид остига олинди. Депутатлар йўл қурилишида зарур материаллар ва техниканинг етишмаслиги, ички йўлларда белгиланган меъёрдан ортиқ вазнга эга юк автомобилларининг ҳаракатланишини чеклаш, автомобиль йўлларини рисоладагидек ҳолга келтиришда давлат ва хусусий сектор муносабатларини ривожлантириш бўйича ишлар талаб даражасида эмаслигига эътироз билдирди.

Қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозара руҳида кечган “Ҳукумат соати”да йўлларнинг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш борасида қилинаётган ишларни жадаллаштириш, сифатини ошириш юзасидан Автомобиль йўллари қўмитасига тавсиялар берилди. Бу борада самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан эса, масаланинг долзарблиги, мавжуд камчилик ва муаммоларнинг республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мавжудлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирига парламент сўрови юбориш таклифи билдирилди.


Қонунчилик палатаси Транспорт вазирлиги