Лойиҳалар 124 10.07.2019 08:20:58

Имконияти чекланган шахслар учун саёҳат қилиш енгиллашади

Имконияти чекланган шахслар учун саёҳат қилиш енгиллашади

Айни пайтда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 709 минг киши истиқомат қилади. Уларнинг саёҳатини қўллаб-қувватлаш ва жойларда махсус шароит яратиш мақсадида «Саёҳат барча учун» хайрия саёҳати лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ушбу саъй-ҳаракатлар Президентнинг 2019-йил 5-январдаги 5611-сонли Фармони билан тасдиқланган «2019-2025-йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси»ни амалга ошириш бўйича 2019-йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳамда «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида режалаштирилмоқда. Бугунги кунда мазкур йўналишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳатини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ягона тизим мавжуд эмас.

Таҳлилларга кўра, имконияти чекланган шахсларнинг сайёҳатини ташкил этиш ва улар учун жойларда зарурий шароитларни яратиш борасида Европа, жумладан, Германия, Испания, Англия, Франция каби давлатларда бир қатор имкониятлар яратилган. Ихтисослашган интернет-порталлар, туроператорлар ва турпакетлар ташкил этилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ижтимоий туризмни ривожлантиришга йўналтирилган «Саёҳат барча учун» номли хайрия саёҳати лойиҳасида жамоатчилик хайрия маблағларини жалб этиш мақсадида «Туристларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК ҳисоб рақами оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Ҳисоб рақамга келиб тушган хайрия маблағлари қуйидагача тақсимланади:

50 фоизи — ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳатини ташкил этишга;

25 фоизи — жойлардаги туризм инфратузилмаси обектларини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштиришга;

25 фоизи — ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий (тадбиркорлик фаолияти, ногиронлик аравачалар ва бошқа махсус жиҳозлар) билан таъминлаш учун сарфланади.

«Имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий фаоллиги ва уларнинг ҳудудлар тўғрисидаги билимларини ошириш, мазкур тоифадаги шахслар учун жойларда туризм инфратузилмасида тегишли шароитлар яратишга кўмаклашиш учун юртимиз фуқаролари ва хориждаги ватандошларимиз ушбу туризм турига жалб этилади», — дейилади қўмита хабарида.



Мавзуга оид