Минбар 586 14.05.2019 13:11:26

"Дамас" – тез ёрдамга мос эмас

"Дамас" – тез ёрдамга мос эмас

Замонавий фикр, замонавий технология, инновация, ноу-хау ва ҳоказолар... Бугунги кун қатор соҳаларда ана шундай ёндашувни тақазо этмоқда. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимидаги тез тиббий ёрдам хизмати ҳам. Албатта, кейинги йилларда соҳа анчагина тараққийлади. Дори-дармон ассортиментидан тортиб, қўйингки, замонавий автомобилгача янгиланди. Лекин...

Сир эмаски, тез тиббий ёрдам тизимида ҳануз “Дамас” русумидаги енгил машиналар ҳам хизмат қилмоқда. Бу эса ижобий ҳолат эмас. Негаки, ушбу улов бемор ташишга мослашмаган. Устига-устак, у енгил бўлгани учун ўнқир-чўнқир йўлларда (бундай йўлларимиз қанча экани эса ўзингизга яхши маълум) одамни силталаб ташлайди. Бундан ташқари...

Келинг, қолганини давом эттирмай, ўзимизни гўёки автомобиль эксперти сифатида тутмайликда, айнан “Дамас”га gm.uzbekistan сайтида берилган тавсифга эътибор қаратайлик. Унда хусусан ана шундай жумлалар бор: “Автомобиль тижорат ёки оилавий эҳтиёжлар учун мўлжалланган. Шаҳарнинг тиқилинч шароитида ва зич транспорт оқимида, тез-тез тўхтаб, юк тушириш ва юк ортиш билан юриш учун бундан ҳам қулайроқ бўлган юк ташувчи автомобилни топиш қийин”.

Кўриб турганингиздек, миллий автосаноатимизнинг ифтихори бўлган ушбу автомобиль, энг аввало, юк учун ихтисослашган. Айтиш керакки, тез ёрдам машинаси масаласи бундан нақд икки йил олдин кўтарилган эди. Яъни, юртимизда аслида жорий йилдан бошлаб Франциянинг Peugeot Citroen Automobiles компанияси технологиялари асосида тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқарилиши керак эди. 2017 йилда GM Uzbekistan компанияси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Рустам Ражабов 2019 йилга келиб Жиззахдаги янги заводда биратўла икки турдаги замонавий ана шундай машина ишлаб чиқариш кўзда тутилганини маълум қилганди.

Ўшанда мутасадди раҳбар Ўзбекистондаги тез ёрдам хизматида зарур тиббий ёрдам кўрсатишга деярли мослашмаган “Дамас” автомобилларидан фойдаланилаётганини айтганди. Бундан ташқари, у реанимобиль эмаслиги, “Дамас” орқали оддий биринчи ёрдам кўрсатиш мумкинлиги ҳамда унинг асосий вазифаси беморни имкон борича тиббиёт муассасасига тезроқ етказишдан иборатлигини баён этган. Жиззахда қад ростлайдиган янги заводда эса икки — “А” ва “В” тоифасидаги тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқарилиши лозим эди: “А” тоифадаги автомобиллар аҳволи оғир бўлмаган беморларга тиббий ходимлар билан ёрдам кўрсатишга мўлжалланса, “B” тоифадаги автомобиллар шифокорлар бригадаси томонидан операция ўтказиш, беморни касалхонага етказиш ва унинг аҳволини мониторинг қилиш имконини бериши зарур бўлган.

Мана, 2019 йилнинг ярмига ҳам етиб келдик, аммо ҳали жим-житлик. Янги завод бўйича эса ўтган вақт давомида турли хабарлар чиқди. Улардан яхши хабардорсиз, албатта. Майли, буни бир чеккага сурайлик. Шунча вақтдан бери бу ушбу машиналарнинг ақалли намунасини-да кўрмадик. Режалар режалигича қолаётганга ўхшайди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан, айни вақтда кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 2017 йилда 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинадиган бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги соҳага оид яна бир қарорида эса 2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилингани, бу эса ҳудудларнинг уларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини бергани айтилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил сарҳисоби ва 2019 йилдаги устувор вазифалари тўғрисидаги ахборотга асосланиб гапирсак, шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Сир эмаски, илгари шошилинч тиббий ёрдамга мўлжалланган автотранспортлар ҳатто, 10-12 йиллаб ишлатилган. Оқибатда манзилга ўз вақтида етиб бориш, беморни тиббиёт муассасасига етказиш каби вазифаларни бажаришда муаммолар кузатилган. Бу камчиликларни бартараф қилиш мақсадида охирги икки йил ичида 1450 яқин янги автотранспорт харид қилинди.

Жумладан, 91 та “Nissan”, 140 та “Hyundai”, шунингдек, гуманитар ёрдам сифатида жойларга 50 та “Tоyota” етказиб берилди. 231 та тез ёрдам машинаси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу чора-тадбирлар тез ёрдам хизматини халқаро андозалар даражасига кўтаришга замин бўлмоқда. Эътиборлиси, 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури, фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланган. Тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган. Бу эса соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун, шубҳасиз, муҳим қадам.

Маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда мамлакатимизда шошилинч тиббий ёрдам хизматига фуқаролардан 8,5 миллиондан кўпроқ мурожаат тушган. Аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бораётганини инобатга олсак, ушбу кўрсаткич янада кўпайиши мумкин. Биргина шу рақамнинг ўзи тизимни тўлиқ ихтисослаштирилган замонавий автомобиллар билан таъминлаш лозимлигини англатади. Содда қилиб айтганда, бугунги кундаги “Дамас”лар “умри”ни, хизмат муддатини ўтаб бўлгач, уларни замонавий автомобилларга алмаштириш фурсати етди, бизнинг-ча.

Мана, яқинда Бўстонлиқ ва Паркент туманлари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига “Malibu” ҳамда “Tracker” автомобиллари топширилди. Умуман, ҳар бир соҳа вакиллари ўзига хос ва мос автотранспорт воситасига эга, шунда ҳаракатланади. Шундай экан, бемор, умуман, соғлиқни сақлаш тизими ҳам замонавий, тўлиқ жиҳозланган тез ёрдам машиналарига эга бўлишга тўла ҳақли.

Наргиза Юнусова,
Шаҳобиддин Расулов, 
  "Human.uz" журналистлари.


Тез ёрдам

Мавзуга оид