Минбар 313 14.05.2019 08:39:18

Япониялик кексалар – замонавий самурайлар…

Япониялик кексалар – замонавий самурайлар…

Ёшларни тушунишни истасанг,
кексаларга мурожаат қил!
Япон халқ мақоли

Кексалар ва сайёҳлик. 2006 йили Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида хизмат тақозоси билан малака ошириш курсларида таҳсил олаётган кезларимиз эътиборли бир воқеа хотирамда ҳамон сақланиб қолган. Биз қўним топган мўъжаз меҳмонхонадаги сайёҳларнинг асосий қисми япон миллатига мансуб кекса фуқаролар эди.

Уларнинг деярли барчаси ёши улуғ кишилар, тахминан етмиш-саксон ёшларни қоралаб қўйган бўлса-да, хатти-ҳаракатлари жуда чаққон, жисмоний ва руҳий тетик кишилар эди. Энг таъсирлиси, ёнларида турмуш ўртоғлари ҳамроҳ ва йўлдош эди.

Бугун япон пенсионерларининг асосий хоббиси дунё мамлакатлари бўйлаб ва диққатга сазовор жойларга саёҳат қилиш ҳисобланаркан. Яхшигина ҳақ билан пенсияга чиқиб олган оилавий жуфтликлар мароқли сафарлар уюштиришар, турли халқларнинг тарихи, урф-одатлари, қадриятлари ва анъаналарини, кўп асрлик меъморий ёдгорликлари ва кундалик ҳаёт тарзини яқиндан ўрганишар эканлар.

Уларнинг зўр ғайрат ва шижоати, жуда қизиқувчанликлари дунё сир-асрорларини ўрганишга бўлган қатъий интилиши мени ҳайратлантирар эди.

Эндиликда ҳар йили 66 ёшдан ошган икки миллион японияликлар хорижий давлатларга сафар қилишмоқда.

Дунёга машҳур Сабуро Шочи 106 ёшида ҳам мамлакатлар бўйлаб саёҳатга чиққан бўлса, Ючиро Миура саксон баҳорни қоралаганида осмонўпар Эверест чўққисини мардонавор тарзда забт этган эди.
20180426013851.jpg Японлар фаол меҳнат фаолиятини якунлагач, йиллар давомида жамғарган пенсия пулларига жаҳонгашталик қилишни жуда хуш кўришади. Бир қарашда биз учун ноодатий кўринган бундай илғор тажриба ҳақиқатдан ҳам ноёб ва ўзига хос бўлиб, менда жуда катта таассурот қолдирган эди.

Чунки олтмишдан ошган отахон ва онахонларимизни чет элда сайру томоша қилиб юришлари биз Ўзбекистон шароитида дабдурустдан тасаввур этишимиз қийин. Аввало, саломатлик масаласи бунга имкон бермаса, аксарият пенсионерларнинг иқтисодий қуввати ҳам у қадар катта деб бўлмайди. Бу иккиси бадастир бўлган шароитида эса ўзбек кексаси уй-жой қурилиши, бола-чақанинг орзу-ҳаваси ва тўй-томоша саодатидан ортмайди.

Японлар тажрибасини бизда ҳам секин-аста синаб кўрилса, аҳамияти чуқурроқ тушунтириб борилса, қарияларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган туркомпаниялар кўпроқ очилса, ёши улуғлар учун мамлакат ичида алоҳида сайёҳлик йўналишлари яратилса, жуда мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўйлайманки, бу каби зиёратлар улар руҳига ажиб таъсир кўрсатиб, ҳаётини янада мазмунли ва шод қилиши, шубҳасиз.

100 ёшдан ошганлар кўпаймоқда, аммо... “Кунчиқар юрт”да охирги юз йилда аҳоли сони уч маротаба ўсди, уларнинг 99 фоизи япон миллатига мансуб . Аҳолининг катта қисми шаҳарларда истиқомат қилмоқда, уларнинг 60 фоизи тўртта йирик шаҳар-агломерацияга бирлашган.

1920 йили ўтказилган рўйхатга олиш натижасида 65 ёшдан ошганлар улуши аҳолининг атиги 5,3 фоизини ташкил қилган эди. 2018 йилда улар 25 фоиздан ошди. Ҳозирда Японияда 40 миллион пенсионер яшамоқда ва 100 ёшдан ошганлар умумий сони 67 минг, 90 ёшдан ошганлар 2 миллион нафарга етди.
star1909-2.jpg Кексаларининг муттасил кўпайиб бораётгани албатта, давлатнинг фаровонлиги, иқтисодий ва иқтисодий салоҳиятининг ўзига хос намойишидир. Охирги йилларда журналистлар ва халқаро жамоатчилик Японияни ўхшатиш қилиб «узоқ умр кўрувчилар мамлакати» деб атаётгани бежиз эмас. Бу гапда ҳақиқатда жон бор. Ўртача умр кўриш бўйича япон аёллари (87,3 йил) дунёда биринчи, эркаклари (81,1 йил) эса Исландия ва Гонгконгдан кейин учинчи ўринда бормоқда .

Ваҳоланки, 1947 йилда Қариялар кунини нишонлаш ҳақида ғоялар илк кўртак ёзаётган пайтларда ўртача умр кўриш даражаси аёллар учун 54, эркаклар учун 50 ёшдан ошиб-ошмас эди.

Хўш, бунча узоқ умр кўришга японлар қандай эриша олди? Узоқ умр кўриш асосан тиббий хизматнинг ривожлангани, барчани бирдек қамраб олувчи ишончли ва самарали тиббий суғурта тизимининг яратилгани, соғлом турмуш тарзининг йўлга қўйилгани, барқарорлик ва юксак моддий таъминланганлик билан чамбарчас боғлиқми?

Албатта, буларга қўшимча равишда овқатланиш маданияти, жисмоний фаоллик, ўзаро ёрдам тизими ва хулқ-атвор тарзи ҳал қилувчи рол ўйнамоқда.

Жумладан, моаи феномени узоқ яшашнинг сирларидан биридир. Бунда одамлар аввал бир-бирига молиявий ва жисмоний ёрдам беришган, кейин эса ўйинлар ўйнаш, қўшиқ куйлаш ва қувноқ мулоқот учун йиғилишган. Чунки қарияларни ижтимоий изоляцияси уларга катта зарар етказади, оила аъзолари билан яхши муносабатлар эса улар умрини узайтиради.

Окинава оролида яшовчи 100 ёшдан ошган Итокадзу Ивао бу борада шундай дейди: “Ўйлашимча, менинг асосий сирим – бу менинг оилам. 7 та болам, 13 та неварам, 40 та эварам бор. Улар ҳар куни менга яшаш учун қувонч ва куч бағишлайди”.

Дарҳақиқат, булар ҳал қилувчи омиллар бўлмоқда. Лекин анъанавий япон жамияти тез қариб бормоқда, демографик чуқурликка тушиб қолган. 2019 йилда аҳоли сони 126 миллион нафардан камайиши башорат қилинмоқда. 2018 йилда 310 814 чақалоқ туғилган бўлса, 375 676 фуқаро оламдан ўтди. 20 621 киши бу ерга четдан кўчиб келганига қарамай мувозанатни таъминлаш қийин кечмоқда. Бинобарин, 2019 йилда аҳоли 150 минг нафарга қисқаради. 2100 йилга бориб 85 миллион кишига тушиб қолади. Айрим қишлоқларда фақат 70 ёшдан ошган кексалар яшамоқда.

Минг афсуски, “тўқликка – шўхлик” аниқроғи иқтисодий мустақиллик ва “ўзи учун яшаш” тамойили борган сари устувор бўлиб қолмоқда. Ёшлар асосий эътибори ва кучини фақат ишга ва кўпроқ бойлик орттиришга сарфламоқда. Турмуш қуриш шундай ҳам жиддий муаммога айланиб қолган жамиятда ҳатто оилалилар ҳам фарзанд кўришга ошиқмаяпти ва буни ўзи учун “ортиқча юк”, деб ҳисобламоқда.
121122311_3906024_elderly_japan_77665600.jpg “Кўплаб ёш оилалар эса цивилизация равнақидан тўйиб роҳат олишни, умрини роҳат-фароғатда ўтказишни, битмас-туганмас сайру саёҳатлар қилишни афзал билмоқда. Аксарият замонавий япон аёллари ҳомиладор бўлишни ва чақалоқлар памперсини алмаштиришни мутлақо истамаяпти”.

Японияда 2015 йили 1,5 миллион чақалоқ дунёга келди. Яъни туғилиш ва ўлим ўртасидаги фарқ сўнгги 15 йилда деярли нолга тенг бўлмоқда. Бу мураккаб вазиятда пенсия тизимини янада такомиллаштириш ва демографик инқироз шароитига мослашиш бирламчи аҳамиятга эга.

2040 йилга бориб пенсияга чиқиш ёшини ҳозирги 65 ёшдан 70 ёшга кўтаришга тўғри келади ва бу муқаррар жараёнга айланади. Ҳозирча бу масалани ҳукумат томонидан ҳар қандай илгари сурилиши аҳоли учун норозилик уйғотиши тайин. Шу туфайли ҳозирги босқичда ҳукумат ва парламент доирасида жиддий муҳокама қилинаётгани йўқ. Чунки ҳукмрон сиёсий партия қалтис ва таъсирчан мавзуни кўтариб қўйиб, сўнг ўз сайловчиларини йўқотишдан чўчийди.

Ижтимоий таъминот миллий кенгаши яқин йилларда пенсияга чиқиш чегарасини амалдаги 65 ёшдан 67 ёшга кўтаришни ва буни фаол баҳс-мунозара қилишни таклиф этаётир.

1990 йиллар ўрталарида 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган меҳнатга яроқли аҳоли сони 86 миллион киши эди. 2040 йилга бориб, улар 52,5 миллиондан ошмайди.

Япониянинг ташқи қарзи ҳозир 3,2 триллион долларга яқинлашди. «Қариётган давлат» сифатида ишчи кучисиз, эртами-кечми иқтисодий муаммолар гирдобига тортилиши муқаррар.

Лазиз Раҳматов, 
журналист


Мавзуга оид