Минбар 954 13.05.2019 12:16:02

Миллат заволи ёхуд қизининг тўйини кўролмаган муҳожир ота қисмати

Миллат заволи ёхуд қизининг тўйини кўролмаган муҳожир ота қисмати

Сеулнинг марказий туманларидан бири бўлмиш Жонгно-гу ҳудуддаги Донгдемун мавзеси билан ҳам машҳур. Бу ер улкан савдо марказлари, Осиё ва жаҳон миллатларининг ошхоналари, тарихий обидалари билан ажнабийларни ўзига чорлайди. Ўзбек тамаддихоналари саф тортган "Ўзбек кўча" ҳам шу манзилда.

Мусофирликда шуурингдаги юрт соғинчи кўнгилнинг бир четида шабнам мисол омонат титраб турар экан. Ўқишдан ҳориганда бир фурсат ана шу кўчада юрт хуморида кезаман.
Тараққиёт жараёнидан ортда қолмаслик учун жонсарак чопаётган кореяликлар каби, бу ерда мусофирлар ҳам доим шошқалоқ; улар учун ҳам ҳар сония ғанимат. Ёнингдан она тилингда сўзлашиб, шоша-пиша ўтиб кетаётган нотанишлар ҳам юракка яқиндек.

Одатимга кўра, навбатдаги дам олиш куни Донгдемунга бордим, миллий тамаддихоналардан бирига кирдим. Нон-чой буюртириб, атрофдагиларга назар солдим: ўзбеклар, қардошлар, руслар... Чойни ҳафсала билан қайтара бошлаганимда, чамаси олтмиш ёшлардаги новча киши қаршимдаги ўринга келиб ўтирди. Истарасидан ўзбеклигини тусмоллаб, салом бердим. Сўрашдик.
Нодир ака самарқандлик экан. Кўзлари атрофини қоплаган ажин, қўрғошин тусга кирган учбурчак шаклдаги қошлар остидан маъноли тикилиб турган ўткир нигоҳдан унинг кўпни кўрган инсон эканини пайқадим.

"Ўқиган яхши, укажон, ўқиган яхши. Мана, вақтида ўқимадик. Бугун на кетмонга даста, на ғулбага латта бўлдик", деди суҳбатдошим талаба эканимни билгач. Унинг дардчил овозидан ғамгин ҳикояси борлигини сезиб, сўзини бўлмадим.

"Кеча қизимни узатдик. Кеча уйим ғуж-ғуж меҳмонга тўлди. Лекин, ўзим боролмаганим уят бўлди-да. Алам қилаяпти. Энг бахтли кунида алладан азиз қилиб улғайтирган кенжа қизимнинг олдида бўлмадим."

Аъзои-баданим вижирлаб кетди. Нодир аканинг қайғуга ботган нигоҳига тикилишга ботина олмадим. Негадир бу кўзлар қаршисида ўзимни айбдор ҳис қилдим.
"Мана, етти йилдан бери Кореядаман. Бу ерга келганимда эллик беш ёшда эдим. Синфдошларим ҳассага таяниб қолган бир пайтда, ҳангукнинг оғир-енгил юмушларини қилиб юрибман. Майли, шунисига ҳам шукур", Нодир ака чой ҳўплай туриб, пахта гулли пиёладан кўтарилаётган буққа тикилиб қолди.

Менинг хаёлим Нодир акасиз ўтган тўйда: оппоқ либосдаги келин тинмай йиғлар, икки кўзи эшикда эди. Ҳамма хурсанд. Хонадонида шодиёна давом этаётган бир пайтда, уйнинг устуни бу ерда мусофирчиликнинг аччиқ тузини тотишга маҳкум. Унинг йўқлигини тўйдаги кимдир сезди, кимдир сезмади.

"Бу ергача келиш осон бўлмади. Ўзбекистонга қайтиб борсам, Кореяга бошқа киролмаслигим мумкин. Шунинг учун яна бир оз сабр қилишга тўғри келади".

Шу пайт бир неча соат аввал метродаги эълон кўз олдимдан ўтди. "Ноқонуний меҳнат муҳожири ҳақида маълумот берган фуқаро мукофотланади..." Бу эълонни ўқиб туриб америкалик ёзувчи Жеймс Купернинг Чингачгук ва ҳиндулар ҳаётига бағишланган романларидаги эълон ёдимга тушди: "Ҳар бир қизил танлининг боши учун мукофот берилади."

Нодир ака шўрвадан бир-икки қошиқ ичди-да, сўнг қошиқни косага суяб, сўзлай кетди. Тушунаман, мусофирликда доим ҳам дардингни тўкиб соладиган одамни ёки сени тушунадиган суҳбатдошни топиш мушкул. Уни тинглагим келди. Чунки унга ачинаётган эдим.

"Кенжа қизим. Тўнғичларимдан қутулганман. Лекин, Шуҳратжон, тўй ўтди - ташвиш тугади, дегани эмас экан. Ташвишлар тўйдан кейин бошланади. Кимдир мени пулнинг ортидан чопиб юрганликда айблайди. Ҳатто ўртанча куёвим ҳам қизимга шундай гап қилибди. Лекин, машина олишига ёрдамлашганим, ҳар замонда қимматбаҳо совғалар билан уйига йўқлаб боришимиз кўзига кўринмайди. Эшшакнинг ўзи ҳаром, меҳнати – ҳалол, дегани шу бўлса керак. Мана, ўзингиз кўринг, Шуҳратжон, бир кўринг", Нодир ака кафтини тўлдириб турган смартфонда суратларни кўрсата бошлади.

Олдига арчалар экилган, гуллар гуркираб турган кўркам ҳовли. Ўртада устига ёпинчиқ ташланган машина. Кейин тўйдан лавҳалар намоён бўлди. Ҳаммаси ўзим тасаввур қилгандек. "Товба, бу нима? Қарғишми?" ўйладим. Корейсларнинг бойларида шундай ҳовлилар бор. Ҳатто Нодир ака қўл остида ишлайдиган одамлар учун ҳам бундай ҳовли-жой – ушалмас орзу. Шунча йиллик меҳнат ортидан бунёд бўлган серҳашам уй-жой кексаликда осойишта қўрғонга айланмаса, ундаги шароит, савлат тобутни чиқаришга ярайдиган бир лаҳзалик орзу-ҳавасми?

"Тўнғич қизим ажрашиб кетмаслиги учун унга уй-жой қилишга қарашдим. Ўғлим йўқ, демадим. Имкон қадар куёвларни ўғилдай билдим. Аммо, бугун уларнинг хизматкорига айланиб қолгандай ҳис қиламан ўзимни. Ҳаммаси менга арқайин. Бу ерда пул топиш осонми?"

Ноқонуний меҳнат муҳожирига қийин. Корейслар уларнинг меҳнаткашлигига қойил қолади. Аммо, барибир ноқонуний ишчининг ҳолига вой: таҳқирлашса – кўз юмади; жеркишса – карга айланади; қувишса – жон-жаҳди билан қочади. Ҳаммаси уч-тўрт сўм пулни деб.

Аммо ана шу азоблар ортидан пул топаётган, шунча йил саргардон юрган Нодир ака нима топди? Халқимиз бекорга "топганинг ўзингга буюрсин", деб дуо қилмас экан.
"Бир оз сармоям бор. Ўзбекистондаги ўзгаришлардан илҳомланиб, бизнес қилишни ҳам ўйлаб қоламан. Аммо, иккиланаман, қўрқаман ... Майли, ё, Олло, етказганинга шукур", Нодир ака чуқур уҳ тортди.

Донгдемуннинг тарихий кўчаларида кезар эканман, Нодир акасиз ўтаётган тўй, усиз ҳуввиллаб қолган шинам ҳовли кўз ўнгимдан ўтди. Унга ёрдам беришга уриниб кўрган одам қаршисида минглаб “Нодир акалар”нинг умид билан чўзилган илтижоли қўлларини кўради. Шундай азим, шундай улуғ миллатнинг заволига нима сабаб бўляпти?

Адам Смитнинг "Халқларнинг бойлиги" асаридаги фикрлар миямда чарх урди. Таомга бўлган эҳтиёж ҳар бир инсоннинг ошқозон ҳажмига қараб чегараланган. Бироқ қулайлик ва ҳашамнинг, кийим ва уй учун жиҳозларга бўлган орзу-ҳаваснинг чегараси йўқ. Чегарасиз мақсадлар эса бизни залолатга бошлайди.

Шуҳрат САТТОРОВ,
“Human.uz”нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Сеул муҳожир ота