Минбар 606 07.05.2019 10:49:19

Чет элдан иш чиқди. Қулликка тушиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш зарур?

Чет элдан иш чиқди. Қулликка тушиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш зарур?

Бугун кўпчилик қуллик деганда уни эскилик сарқити, дея ҳисоблайди. Аммо, афсуски, пул топаман деб хорижга ишга кетиб, у ерда қулчилик исканжасига осонгина тушиб қолишмоқда. Яхши яшаш жойи ва мўмайгина маош – иш излаб борганларни алдаб қўймоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, агар иш берувчи саволларингизнинг барчасига аниқ ва ойдин жавоб бера олишмаса, билинг-ки, сиз хавф ёқасидасиз. Бундан ташқари, хорижга ишлаш учун у ердаги танишларга ишониш, тегишли ҳужжатларсиз ҳаракатланиш ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини етарли англамаслик ҳам инсонларни одам савдоси қурбонига айланишларига сабаб бўлмоқда. Биз қуйида хорижда одамларни қандай алдашлари, у қандай механизмга асослангани ва бу тузоққа тушмаслик учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида сўз юритамиз.

Сир эмас-ки, кўпгина юртдошларимиз ишлаш учун Россияни маъқул кўришади. Шу боис у ердаги таниш-билишларига суяниб, кўр-кўрона у ерга равона бўлишади. Аммо Австралиянинг Глобал қуллик глобал индекси (Walk Free Foundation) ташкилоти тақдим этган ҳисоботга кўра, бу мамлакатда қуллик исканжасига тушиб қолиш хавфи ўта юқори. Россияда бугунги кунда 1 миллиондан зиёд қул бор ва у бу борада дунё мамлакатлари орасида еттинчи ўринни қайд этган. Умумий ҳисобда дунёда 45 млн.дан зиёд қуллар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Ҳиндистон, Хитой ва Шимолий Кореяда қайд этилган.

Россияда қуллар меҳнатини жалб этиш ва ундан фойдаланиш учун “бизнес занжири” мукаммал қурилган бўлиб, ундан айб топиш ўта мушкул ҳисобланади. Мамлакат қонунчилигида одам савдоси учун тегишли қонун чоралари бўлгани билан, бу иш билан шуғулланувчиларни топиб жазолаш, мураккаб ҳисобланади.

“Россияда мажбурий меҳнат, асосан, норасмий ва кам тартибга солинадиган соҳаларда учрайди. Бундай ҳолатларни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, уйдаги меҳнат, тиланчилик, чиқинди йиғиш ишлари ва ноқонуний рўйхатга олиш соҳаларида учратиш қийин эмас. Мажбурий меҳнатга мамлакатда меҳнат қилаётган мигрантлар (асосан ноқонуний равишда) ёки мамлакатга эксплуатация мақсадида олиб келинганлар жалб этилади. Қуллик исканжасига тушиб қолувчи мигрантлар Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон), Украина, Вьетнам, Хитой ва Шимолий Кореядан келган бўлишади”, - дейилади ҳисоботда.

Одам савдосига қарши кураш соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг таъкидлашларича, қул меҳнатидан фойдаланиш доим даромадли бўлган. Чунки бундай иллат комига тушиб қолган барча ҳам полицияга мурожаат қила олмайди. Айримлар ҳатто бу осон бўлса-да, ўз ҳудудларидан четга чиқишга қўрқишади.

Қурбонлар, асосан, соғлом ва бақувват эркаклар бўлиб, улар ўта оғир шароитларда ҳам ишлайверишади.

“Замонавий қуллар – кишан ва занжирларда юрадиган кишилар эмас. Биз ҳужжатларини олдириб қўйган ва иш жойини ихтиёрий ташлаб кета олмайдиган ҳар қандай кишини қуллар деб атаймиз”, - дейди Россия ва хорижда 500 дан зиёд қуллик исканжасида юрганларга ёрдам берган “Альтернатив” жамоатчилик ҳаракати етакчиси Олег Мельников.

Масалан, бир заводни олайлик. У миллионлаб даромад қилади. Унинг эгаси иш ҳақи фондига, салоққа, суғурта ва пенсия тўловларига маблағ сарфламайди. Ишлатаётган кишисига эса кам миқдорда маош беради. Уларнинг кетиб қолишидан чўчимайди ҳам. Чунки уларнинг ўрнини босадиган минглаб мигрантларни топиши билади.

Жиноий иш қўзғатилгани билан фойдасиз: озод бўлган ишчи полицияга мурожаат қилса, суриштирув ишлари давом эттирилаётган вақт аризачи қаердан мурожаат қилган бўлса, ўша ерда бўлиб туриши керак. Бу суриштирувлар икки ойлаб давом этади. Шу сабаб ҳеч ким полицияга мурожаат қилмайди, уйига кетишни афзал билади.

Қуйидаги ҳолатларга жиддий эътибор қаратмасангиз аниқ одам савдосининг қурбонига айланасиз:

Қаерда ва нима иш қилишингизни аниқ билмасангиз;

- иш шартлари билан таниш бўлмасангиз;

- ишонишингиз қийин бўлган шартлардаги ишларни таклиф этишса;

- агар кимдир паспортингиз ёки бошқа ҳужжатларингизни сўраса;

- агар йўлкирангизни тўлаб бериб, “маошингдан келишиб кетаверамиз”, деган маънодаги гапларни гапирса;

- Қариндошларингиз ёки дўстларингиз иш таклиф қилишса ҳам, барибир, эҳтиёт бўлинг;

- Қарз олишдан ҳам эҳтиёт бўлинг;

- Чет элга олиб бориш тўғрисидаги ёлғон хабарларга ҳам алданманг.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

Human.uz журналисти


Россия одам савдоси

Мавзуга оид