Минбар 702 05.05.2019 17:18:45

Тилимни суғуриб олишмоқчи эди... (эссе)

Тилимни суғуриб олишмоқчи эди... (эссе)

Жаҳон давлатларида бўлмаганман, уларнинг турмуш тарзи, қадриятлари ҳақида китоблардан, фильмлардан, оммавий ахборот воситаларидан танишман. Шу сабабдан оилавий муҳитлари ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Аммо ўзбекнинг оиласи ва ундаги қадриятлар менга бегона эмас ва мен қандайдир оилада эмас (бу мақтаниш эмас), ўзлигини билган, миллийлигини англаган оилада вояга етганман. Шу боисданми оиламизга зид бўлган бирор бир ишни қилишда отамиздан жуда қўрқардик (ҳамон шундай). Шунинг учун оиламизда ҳеч кимнинг бирор нарсадан норозилиги, қарши бориши кузатилмайди. Тартиб-интизом олий қонун ҳисобланади.

Давлатчилик, миллатчилик ҳам худди шундай. Айниқса, бизда, ўзбекларда, туркийларда. Бунга мисоллар келтириш шарт эмас, чунки бунга барчамиз гувоҳ, дунё шоҳид. Сўнгги кунларда рус тилини Ўзбекистоннинг иккинчи давлат тилига айлантиришга хайрихоҳлар пайдо бўлгани, бу борада аллақайси давлат раҳбарига бир гуруҳ ўзбек зиёлилари мурожаат қилгани, яна қайсидир хориж ОАВи орқали буни ёқлаб интервью беришгани, ўзбекни ўзбек қилган шу миллат эканлиги ҳақида турли фикрлар пайдо бўлди.

Демак, оиламизга, оиламиз ички-тартиб интизомига қарши, боболаримиз маърифатига қарши бир илкис шамол қадриятларимиз уруғи ундирган дарахт учларини тебратгандек бўлди. Айнан тебратгандек, тебратди эмас. Нега? Чунки бу дарахтнинг илдизи шундай чуқур-ки, новдалари шундай бақувватки, Ғарбдан келадими, Шарқдан келадими, ҳар қандай шамолнинг кучи етмайди.

Рус тилини иккинчи давлат тили қилайлик дейишибди... Агар сиз четда юрган бирор бир америкаликка ёки европаликка тегишиб кўринг қани, қандай савдоларга қоласиз. Ўзининг юртида эмас, хорижда. 40 миллионга яқинлашиб қолган ўзбек миллати учун ўз юртида, ўз миллатдоши томонидан қилинаётган бу маломатлар нимаси энди?

Эртага бирор бир гуноҳ иш қилиб қўйсанг, бообрў оиланинг фарзанди бўла туриб, ота-онанингнинг кўзига қандай қарайсан? Сен шарафли миллатнинг фарзанди бўла туриб, боболаринг, миллат, дин, тил, маърифат учун жонини жабборга берган аждодлар олдида қандай бош кўтарасан, деган ўй келмадими хаёлингиздан? Бизни одам қилибди шулар дебсиз, демак улар бизни туғдирган ва катта қилган экан-да?.. Илм-маърифат дейишга шошилманг, у нарса ўзбекнинг қонида бор. Бозорда сарғайиб савдо қилаётган, мардикорчиликда турган, бир кунда 20 соатлаб ишлаётган, боласини “онангни” деб сўкаётган, чўлда қотиб қолиб ўлиб кетаётган, автобусда ёниб кетаётган ва хуллас уларнинг барчасида илм-маърифат бор.

Олдин ҳам айтгандим, ошда, маъракада эмас, айнан оммавий ахборот воситалари орқали, “Ўзбек, деганда эҳтиёт бўл!”, деб.

Бу, асло, таҳдид эмас. Бу миллатни, Ватанни, онани, тилни севиш. Ҳа, ўзбек худди мана шундай севади!!!

Мен хурсандман, рус тилини иккинчи давлат тили сифатида кўрсатишни истаганлар ичида ёшларнинг бўлмаганидан.

Мен жуда хурсандман, ўзини ҳақиқий зиёлиман деган ҳар бир киши бу ҳолатга бефарқ қарамади, дардини, фикрини айтди, ғазабини сочди, маҳзун бўлди, аммо бўш кетмади.

Чунки “Султон суягини хўрлатмас”, деганларидек, ўзбек ҳеч қачон ўз тилини яккалатмайди, унутмайди, хўрлатмайди.

Сарвар Анвар ўғли,

Human.uz журналисти


ўзбек тили маънавият