Минбар 260 30.04.2019 10:29:13

АҚШда болалар хавфсизлигини таъминлаш – биринчи вазифа

АҚШда болалар хавфсизлигини таъминлаш – биринчи вазифа

Сўнгги пайтларда бир қатор ижтимоий тармоқларда тарқатилган айрим видеолар ва хавотирли овозалар узоқ Америка Қўшма Штатлари мактабларида жорий қилинган тартиблар ва болалар хавфсизлиги масалалари ҳақида икки оғиз тўхталишга ундади. Тўғри, икки энлик мақола ичида бутун Америка бўйлаб амалга оширилаётган чора ва тадбирлар ҳақида аниқ-тиниқ ҳикоя қилишнинг имкони йўқ. Шу боис бугун АҚШнинг Пенсилвания штатида жорий қилинган ва жиддий амал қилиниши шарт бўлган чора-тадбирлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Аввало, эслатиб ўтиш жоиз, Америкада болалар ўн икки йиллик мактаб таълимига эга бўлсалар-да, у битта бино, бир муассаса ичида ўтмайди. Таълим жараёни уч босқичда алоҳида-алоҳида мактабларга бўлинади: бошланғич мактаб (Elementary school), ўрта мактаб (Middle school) ва юқори мактаб (High school). Ундан аввал мактабгача таълим ҳам бор (Kindergarten). Бу таълим атиги бир йил.

Kindergarten тарбия муассасаси, бошланғич таълим (яъни илк 1-5 синфлар – муаллиф) мактаби биносида жойлашган бўлади. Сабаби оддий. Бунда болалар келгуси 5 йил давомида қатнашлари шарт бўлган мактабларига кўникишлари эътиборга олинган. Америкада, хусусан, Пенсилванияда мактабгача тарбия синфларида ҳам болалар учун ҳарфлар билан танишиш, синфда ўзини қандай тутиш, ўқитувчи ким, мактаб нима каби кўникмалари шаклланитирилади. Гарчи бу дарслар кўпроқ ўйинлар шаклида, эркин ҳолда ўтса-да, асосий мақсад болаларни мактабга тайёрлашдир. Айни мана шу пайтдан бошлаб болаларга хавфсизлик борасида ҳам махсус дарслар ўтилади. Жумладан, йўл ҳаракати қоидалари пухта ўргатилади. Айтайлик, болаларга мактабдан қандай чиқиш, йўлакда қандай юриш, йўлни айнан қаеридан ва қай тартибда кесиб ўтиш ва муассасадан уйга ким билан ва қандай кетиш ҳақда таълим берилади.

Америка учун бу жуда ҳам муҳим ва жиддий масала. Зеро бу мамлакатда болаларнинг йўқолиши жуда кўп кузатилади. Мактабларнинг ҳар бири болалар ота-онаси билан мунтазам ва мустаҳкам алоқани йўлга қўяди. Бу учун болангизни илк бор мактабга олиб келган пайтингиз сиздан доим ёнингизда бўладиган телефонингиз рақами, электрон почтангиз, ишхонангиздаги телефон рақамлар, машинангизнинг тури ва давлат рақами ёзиб олинади. Эътиборли жиҳати шундаки, боланинг ота-онасини ҳар иккаласидан ана шу тарбидаги тўлиқ маълумотларидан ташқари зарурат туғилганда, фавқулодда боғланиш учун қўшимча ишончли шахс (Emergency contact) телефон рақамлари ва электрон почтасини қолдириш талаб этилади. Бунда ана шу ишончли шахснинг болага жуда ҳам яқин қариндош бўлиши зарурлиги (токи болани унга ишониб топшириш мумкин бўлган шахс – муаллиф) урғуланади.

Айтайлик, мактабда қандайдир фавқулодда ҳолат юз берса, барча ота-оналарнинг электрон почтаси ва шахсий телефонларига бу ҳақда огоҳлантирув маълумоти етказилади. Одатда, бундай маълумот мактаб раҳбари ёки ўқув ишлар бошлиғи номидан келади. Маълумотда фавқулодда вазият қандай содир бўлгани ва бу ҳолатни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилгани ҳамда ота-оналар болаларини олиб кетиш учун келганларида нимага алоҳида эътибор қаратишлари лозимлиги баён этилади. Шу билан бирга, ота-онага аша шу тахлид маълумот берилганида, одатда, мактаб жойлашган ҳудуд полицияси раҳбариятидан ҳам кўрилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот етказилади. Токи ота-оналар ваҳима қилмасин.

Дарвоқе, мактаб ва полиция ўртасида доимий алоқа ўрнатилган. Зарурат туғилса, полиция махсус бўлинмаси саноқли дақиқаларда мактабга етиб келади. Мактаб ҳудудидаги полиция бўлинмаси шерифи, катта лавозимдаги зобитлари мунтазам мактабга келгани боис, аксар болалар уларни бир кўришда танийди.

Баъзан, ҳатто, кўчада, дарсдан ташқари кунлари ҳам полиция зобитлари ва болалар бир-бирини учратганда америкаликларга одат бўлган услубда бир-бири билан дўстона салом қилишади. Яъни болалар полиция ходимларини, полициячилар эса болаларни танишади. Мактаб маъмурияти ва полиция зобитлари бундай таниш бўлишлик баъзи ҳолларда болаларнинг зарурат туғилса, ёрдамни қайси томондан олишларини аниқ билишларида қўл келади. Бола мактабга келганда уни бир вақтнинг ўзида уч-тўрт мактаб ходими кутиб олади. Улар ўқувчини ўз синфларига киришдан олдин тўпланишлари керак бўлган ҳудудга боришларини назорат қилишади. Ота-онага жуда ҳам кам ҳолатларда мактаб ҳудудига киришларига рухсат берилади. Катта танаффус вақти ҳам, мактабнинг бир неча ходими болалар дам олаётган ёки ўйнаётган ҳудуд атрофини назорат қилиб туради. Ташқаридан бегона инсон киришига мутлақо рухсат берилмайди.

Баъзан об-ҳаво ҳам инсон соғлигига жиддий зарар етказиши мумкинлиги ҳаммамиз биламиз. Америкада макталар об-ҳавони ҳам жиддий ўрганиб боради. Бунда уларга об-ҳавони кузатиш марказлари ёрдам беради. Зеро, ана шу марказ ишчиларининг ҳам фарзанди бор. Агар кучли бўрон, қаттиқ совуқ ёки кучли ёмғир бўлиши кутилса, ота-оналар электрон почталарига махсус хабар келади, телефонларига овозли маълумот қолдирилади. Ушбу маълумотларда баъзан боланинг уст-кийимига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги айтилса, баъзан дарслар бир-икки соатга кеч бошланиши, баъзан эса дарслар бекор қилинганини огоҳлантирувчи хабар берилади. Айрим пайтлар (бу айниқса, Доналд Трамп Президент бўлганидан сўнг учрай бошлади – муаллиф) бирор шахс ёки катта ёшдаги болалар, аллақандай безорилар мактаб эшиклари ёки болалар ўйингоҳида бўлмағур ирқчиликка оид ёзувлар қолдирса ҳам, болалар руҳиятига таъсир қилмаслиги учун полиция тавсияси билан дарслар ё кечиктирилади ёки бекор қилинади ва бу ҳақда ҳам ота-онага хабар юборилади.
Одатда, мактаб атрофидан ўтувчи барча йўлларга ҳаракатланиш тезлигини чекловчи огоҳлантирувчи белги ўрнатилади. Пенсилванияда мактаб ёнидан ўтаётган автомобиль тезлиги соатига 15 милядан (24,14 км) ошмаслиги даркор. Агар тезлик бу кўрсаткичдан ошса, катта миқдорда жарима белгиланган ва ҳатто, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиш ҳам мумкин. Деярли барча мактаблар атрофида кузатув камералари ўрнатилган. Болалар мактабга келиш ва кетиш вақтларини одатда ҳудуд полиция ходимлари назоратга олади. Бордию болалар йўлни кесиб ўтишлари лозим бўлган тақдирда йўловчилар ўтиш жойларида ўрнатилган махсус сигналлик ускуналар ишга тушади ва машиналар тўхташи лозимлиги ҳақдаги белги ёнади. Шунга қарамай, деярли ҳар бир пиёда ўтиш жойида махсус шахслар туради ва улар болалар йўлдан ўтар пайт “СТОП” белгисини кўрсатиб автомобиль ҳаракатини тўхтатади.

Америкаликлар уларни кўнгилли ёрдамчилар, деб аташади. Мактаб кунлари соат 07:00 дан 09:00 гача, тушлик пайти соат 11:00дан 13:00 гача ва дарс якунланган вақт соат 15:00дан 17:00гача шаҳарнинг ҳар бир кўчасида навбатчилик қиладилар. Зеро улар нафақат болалар мактабдан чиққан пайт, балки махсус автобусларда уйларига келганларида ҳам, бордию йўлни кесиб ўтишлари лозим бўлса, ўқувчи учун хавфсиз шароит яратиб берадилар.

Аслида мактаб автобусларининг ўзлари ҳам ана шундай хавфсиз шароит яратиб бериш учун барча зарурий белгилар билан жиҳозланган. Дарвоқе, мактаб автобуслари Америкада алоҳида, жиддий эътибор қилиниши шарт бўлган транспорт воситаси ҳисобланади. Автобус сариқ рангда бўлиши ҳам аслида бежиз эмас. Ғоя муаллифлари ДуПонт (аслида йирик кимёвий компания – муаллиф) компанияси мутахассислари фикрича, сариқ ранг ҳар қандай ҳолатда минглаб автотранспортлар ичида алоҳида ажралиб турувчи рангдир. Боз устига унинг исталган жойига қора рангда огоҳлантириш ёзувлари ёзилганда бошқаларга у яққол кўринади.

Автобус болаларни олаётганда ёки аксинча тушираётган пайт унинг олд ва орқа қисмида қизил огоҳлантирув чироқлари ёнади ҳамда ҳайдовчи тарафдан эса “СТОП” белгиси очилади. Бу ҳолатда йўлнинг икки йўналиши бўйлаб ҳам ҳаракатланаётган автомобиллар тўхташи шарт. Автобуснинг чироқлари болалар йўлни тўла кесиб ўтиб, хавфсизлиги таъминланмагунча ўчмайди ҳам жойидан ҳам қимирламайди. Автобус тўхтаб, чироқларини ёққан вақтда уни айланиб ўтишга уринган ёки қарама-қарши йўлдан ўтиб кетган ёхуд ён кўчага киришга уринган ҳар қандай автоулов ҳайдовчиси катта миқдордаги жаримага тортилади. Тахминан бундай ҳолатда 300 дан 500 АҚШ долларигача жарима белгиланган. Боз устига ҳайдовчига нисбатан балл, яъни рақамли жарима миқдор белгиланади. Агар бу миқдор 7 баллдан ошиб кетса, ҳайдовчилик гувоҳномаси икки йилга мусодара этилади.

Албатта, шундай чоралар жорий қилинганига қарамай баъзида қоидани бузишга уринувчилар учраб туради. Айнан мана шу сабабли ҳам Пенсилванияда барча йирик автойўлларда, чорраҳаларда, метро бекатлари, кўприклар ёнларида, айниқса, шаҳар маркази ва автомагитралга чиқиш кўчалари олдида юқорида келтириб ўтганимиз назоратчи кўнгиллилар туради. Улар йўлнинг ўртасига чиқиб, болалар автобусдан тушиб хавфсизлиги таъминлангунга қадар ҳаракатни тўхтатиб турадилар. Ҳар бир мактаб ёнида автобуслар учун алоҳида ҳудудлар барпо этилган. Бу ҳудудларга мактаб автобусидан ташқари ҳеч қандай транспорт воситаси киритилмайди. Автобуслар бу ҳудудларга кирган ва чиққан вақтда мактаб атрофидаги кўчаларга ўрнатилган светофорларда қизил чироқ ёнади.

Болалар юқори синфлар учун белгиланган таълоим муассасасига ўтгунларига қадар оралиқдаги ўқувчилар, албатта, ота-она ёки ёши катта бирор қариндоши кузатувида мактабга келишлари ва кетишлари шарт. Агар болани олиб кетгани белгиланган вақтда ҳеч ким келмаса, ўқувчи мактаб офисига (одатда асосий эшикдан кираверишда жойлашган қабул бўлинмаси хонаси – муаллиф) олиб кетилади ва ўша ерда яқинлари келгунга қадар ушлаб турилади. Гарчи ўқувчининг уйи йўлнинг нариги бетида бўлса ҳам ёлғиз кетишига изн берилмайди. Қўшнилар ҳам олиб кетиши мумкин эмас.

Фикримни қуйидаги мисол орқали далилласам. Америкада истиқомат қилувчи ўзбекистонликлардан бири ишдан бироз барвақт қайтади. Шундоққина уйи ёнига етганида мактаб автобуси тўхтаб, болаларни тушираётганини кўради. У автобус ёнига келади ва унинг ҳам фарзанди келган-келмаганини қарайди.

Кўнгилли назоратчи (айтганча, бу назоратчиларда полициячилар ҳуштаги ва зудликда полиция билан боғланиш учун махсус алоқа воситаси бўлади – муаллиф) фарзанди қайси мактабда ўқишини сўрайди, ватандош айтади. Автобус чиндан ҳам ўша ватандошимизнинг фарзанди таълим оладиган мактабга қарашли бўлади. Назоратчи кўряптики, ота бор аммо фарзанд автобусдан тушмади. Зудликда полицияга хабар беради, автобус ҳайдовчиси ўз навбатида мактабга шошилинч хабар йўллаб йўлида давом этади. Саноқли дақиқаларда ота ёнига икки-уч полициячи етиб келади, айни ўша пайт шаҳарнинг бошқа тарафида мактаб ёнига ҳам полиция ходимлари, ижтимоий хизмат ходимлари, тез ёрдам ва зудликда ёрдам кўрсатиш хизмати етиб боради. Бола йўқ. Тезкор чоралар кўрилади, автобус йўналиши бўйлаб қидирув ишлари бошланади.

Табиийки, ватандошимиз қўрқиб кетмасин деб, бу ҳақда рафиқасига айтмайди. Аммо кутилмаганда, воқеа жойи, яъни автобус тўхташи керак бўлган кўча бошида ватандошнинг рафиқаси ўз машинасида пайдо бўлади. Аёлнинг ёнида эса йўқолди дея гумон қилинаётган бола ҳам бор. Маълум бўлишича, аёл ҳам ишдан эрта чиққан ва фарзандини мактабнинг ўзидан олиб, бироз айланиб келишни аҳд қилган. Албатта, полиция ҳам, ижтимоий хизмат вакиллари ҳам воқеа бу қадар ижобий якун топгани боис ортиқча гап-сўзсиз тарқалган. Аммо эртаси куни мактаб маъмуриятига боғланиб, бола уйига албатта автобусда бориши лозимлиги ва агар ота-онадан кимдир болани шахсан олиб кетмоқчи бўлса, бу ҳақда оиланинг иккинчи вакилига, автобус ҳайдовчисига ва ҳатто, боланинг уйи ёнида турувчи назоратчига хабар бериш лозимлиги уқтирилган.

Аммо шунга қарамай, Америка мактабларида кўнгилсиз ҳолатлар учраб туради. Мактабга қурол кўтариб келиш, синфдошларини ўққа тутиш ҳоллари, гиёҳванд моддалар савдоси шулар жумласидандир. Бундай ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар ҳақида эса кейинги сафар суҳбатлашамиз…

Ҳусниддин Қутбиддинов


АҚШ болалар хавфсизлиги

Мавзуга оид