Минбар 4758 25.04.2019 10:50:31

СССРни қулатган “махлуқ”

СССРни қулатган “махлуқ”

Болалигимда юрмай қолганим боис, аравачада ҳаракатланаман. Бироз кўнгил ёзиш учун гоҳида 5-синфда ўқийдиган жияним билан кўча айланамиз. Айланиш асносида жиянимга атрофдаги олам ҳақида гапириб бераман. Бу сафар суҳбатимиз СССР деган улкан давлат ва у нега инқирозга учрагани ҳақида бўлди...

“Ер деҳқонларга, корхоналар ишчиларга”
Бу каби жозибали шиорлар остида 1917 йилда пировардида ер қуруқлигининг олтидан бир қисмини ўз ичига олган улкан давлатга асос солинди. Аммо 70 йил давомида дунёни зир-титратган бу давлат 20-асрнинг охирига келиб қисқа даврда инқирозга юз тутди. Нега яхши шиорлар муваффақият гарови бўлолмади? Умуман, давлатнинг муваффақияти нимага боғлиқ? Жияним билан буларни таҳлил қилишга уриниб кўрдик.

Бунинг учун биз давлатни одам организмига қиёслашга қарор қилдик. Зеро, организм ҳам, давлат ҳам мураккаб тизим бўлиб, икковида кечадиган жараёнларда турфа ўхшашликлар бор ва икковининг муваффақиятига омил бўладиган жиҳатлар ҳам гўё эгиздек. Танадаги аъзолар ўз вазифасини яхши бажарса тана соғлом бўлади, мамлакат ҳам шу – ҳар бир нарса ўз жойида ўз вазифасини адо этса, мамлакат муваффақиятли бўлади.

Иммунитет
Организм саломатлигини тутиб турувчи муҳим омиллардан бири бу – иммунитет – организмда кечаётган жараёнларга тезкор (оператив) равишда муносабат билдирувчи миллионлаб кичкина организмлар. Иммунитетни “сергак субъектлар ҳамжамияти” деб атаса бўлади. Бу ўта донолик билан тузилган, муваффақиятли тизим бўлиб, бу тизимга талофат етса инсон танасини касалликлар ишғол этади. Мамлакат ҳам шунга ўхшаш – ундаги муаммоларни ҳал қилишда миллионлаб, вазиятга муносабат (реакция) билдирадиган шахслар иштирок этмаса, мамлакат муаммолар гирдобида қолиб кетади. Бундай ижтимоий иммунитет “фуқаролик жамияти” деб аталади.

СССР давлатининг асосчилари гарчи давлат шўро (маслаҳат) билан идора қилинишини айтишган булсада, ўзгача фикрни, ҳурфикрликни қувғин қилишди, маслаҳатдан воз кечишди – ишлар хос равишда “тепадан тушадиган” буйруқлар билан амалга ошадиган бўлди ва бу тузумнинг асосий белгисига айланди. СССР мамлакатининг иммунитети аввалбошдан заиф бўлди.

“Саратон”
Тепадан тушган буйруқларни ҳаётга татбиқ этиш учун эса, албатта, маъмурий тизим керак бўлди. Натижада улкан, таъбир жоиз бўлса, мамлакат ичидаги мамлакатга айланган, иши фақат буйруқ бериш ва бюжет маблағларини йўналтиришдан иборат тизим шаклланиб, кучайиб-каттариб борди, алоҳида бир синфга айланди. Айнан шу – ўргимчак тўридек ҳаммаёқни ўраб олган бюрократия тобора ўсиб, ривожланиб, мамлакат танасидаги “саратон”га айланди ва алал-оқибат бу давлатнинг инқирозига сабабчи бўлди. Нега?

Жияним билан бу тузумнинг бошқа жиҳатларини чекага қўйиб туриб, уни – СССРдек давлатни қулатган “махлуқ” – маъмурий-буйруқбозлик тизими ҳақида суҳбат қилдик.

Умидлар нега пучга чиқди?

1. Эгасиз мол
Нарсанинг эгаси бўлсагина ўша нарса азиз бўлади, ўсади ва ривожланади. Бу ҳатто ёш бола ҳам осон тушунадиган ҳақиқат. СССР да эса ҳусусий мулкчиликка сал кам барҳам берилган эди. Улкан давлатнинг улкан моддий бойликларининг деярлик эгаси йўқ эди.

2. “Халқ мулки”
Мулклар эгалик эканини билдириш учун “халқ мулки” деган ибора киритилди. Бу билан гўё мулклар ҳаммага тегишли ва бутун жамият мулкларнинг тасарруфчиси экани даъво қилинди. Аслида ундай эмас эди. Катта моддий ресурсларнинг тасарруфини тор доирадаги раҳбар шахслар юритишар, улкан маблағларни ўзлари лозим деб билган томонга йўналтиришарди. Кенг жамоатчилик бу қарорларни унсиз қабул қилиши лозим эди, муҳокама қилиши мумкин эмасди.

3. “Монстр”
Коммунистик партияси раҳбарлари улкан маблағларни қаерга йўналтиришни белгилашар эди. Бу маблағларнинг кейинги тақдири эса тепадан пастгача узун йўлак бўйича тушиб келадиган бюрократик тизим билан боғлиқ эди. “Халқ мулки” уни ишлаб топмаган, уни асраб-авайлашга, тўғри тасарруф этишга рағбати бўлмаган синф – барча соҳаларни қамраб олган “саккизоёқ” – бюрократиянинг измида эди.

4. “Ўзлаштириш”
Киши ўзининг мулкини ўзи ўғирлашини тасаввур қилиб бўлмайди – мантиқсиз манзара бу. Эгалик мулк – ҳимоя остидаги мулк.

Мулк эгасиз бўлса, “ҳамманики” бўлса-чи? Бунда “ўғирлик” тушунчаси бирмунча хиралашади. Шундай бўлди ҳам: СССРда кишилар ўз ишлаётган жойидан махсулотлардан азгинасини уйига олиб кетиши расман бўлмаса ҳам, норасман ўғирлик бўлмай қолди. “Ахир бу ҳамманики-ку!” деган туйғу тобора ғолиб келадиган бўлди.

Бюрократик тизим эса қўли остидан ўтадиган, “ҳамманики” бўлган маблағларни “ўзлаштириш”нинг минг хил услубини ўйлаб топди ва бу амалиёт тобора кенг кўлам олди. Бунинг оқибатида давлат заҳираларига самарали тасарруф этиш кўзи билан эмас, балки “ўзлаштириш” кўзи билан қараш ғолиб бўлди. Мулкларнинг аксари давлат тасарруфида бўлгани боис уларни талон-тарож қилиш тобора авжга чиқиб бораверди. Текширув-кузатув тизимлари эса борган сайин иш бермай қолди.

5. Кўзбўямачилик
СССР мамлакатини эгаллаган, сурункали тус олган дардлардан яна бири – оламшумул миқёсга чиққан кўзбўямачилик бўлди. Мулклар, маблағлар, ашёлар “ҳечкимники” бўлгани боис қадрсиз эди ва бир давр келиб ҳеч ким уларни авайламай қўйди. Қилиниши керак бўлган ишларни хўжакўрсинга қилиш бениҳоя кенг қулоч ёзди. Натижада “юқоридан ажратилган” миллиардларнинг катта қисми мақсад-мўлжалига етмай ҳавога учиб кетарди. Ҳеч бир соҳа қолмадики, маблағу ашёлар эгасиз бўлгани боис хор қилинмаган бўлса. Ва бориб-бориб...

СССР инқирозга юз тутди
Жияним икковимиз давлатни инсон организмига қиёслашга келишиб олган эдик. СССР давлатининг ичида кечган жараёнларни биз мажбурлаб, “таёқ остида” ишлатилган танага, табиий иммунитетсиз бир муддат яшаб, охир-оқибат саратонга қаршилик кўрсатолмай нобуд бўлган организмга ўхшатдик.

Зеро жамият аъзоларининг табиий истакларини, соғлом жамият тамойилларни инкор этган, табиий кечиши лозим бўлган жараёнларнинг ўрнини маъмурий-буйруқбозлик билан алмаштирган тузум иммунитети ўлдирилиб, хос антибиотиклар билан бир муддат яшаб кейин ўлиб қоладиган организмга ўхшайди.

“Саккизоёқ мероси”

Тарихда қолган СССР ҳақида қилган кичик таҳлилимизни якунлаб, жияним билан мавжуд воқелигимизга – бир вақтлар собиқ СССР сафида бўлган, аммо 27 йилдирки мустақил бўлган Ўзбекистонимизга назаримизни қаратдик. Хулосамиз шу бўлдики, узил-кесил ислоҳотлар йўлини танлаган Президентимизнинг саъи-ҳаракатларга ҳозирда айнан шу – эски тузумдан қолган кўникмалар ва бу кўникмаларни ўзида олиб юрган тоифалар тўсқинлик қилишмоқда.    

Манзарани тасвирловчи икки оддий мисол:

Биринчи мисол. Йўл қуриш учун яхши ниятда бизда маблағ ажратилади. Аммо йўл сифати яхшиланмайди. Нега? Чунки бу маблағ бориб йўлларга айлангунча ўша эски маъмурий, шаффоф бўлмаган, маблаққа кўзбўямачилик ва талон-тарож кўзи билан қарашга ўрганган тизим қўлидан ўтади ва, натижа – сифатсиз йўллар.

Иккинчи мисол. Президент ташаббуси билан мамлакат бўйлаб намунали уйлар қуриляпти, табиийки, бунга ҳазилакам маблағлар ажратилмаяпти. Аммо маблағларнинг қай қисми ўз ўрнида сарф бўлаяпти, деган саволга журналистларга келаётган мактублар жавоб бўлади – сифатсиз қурилган, томидан чакки оққан, ҳали одам кирмай туриб нураган уйлар – булар умуммиллий маблағларнинг заволга учраётганига яққол ишора.

Сайр якунида

Сайримиз тугаб, уйимизга етиб қолганимизда жияним икковимиз хулосага қелдик: мамлакатимиз заҳиралари тўғри истифода этилиши, мисқоллаб йиғилган, аксар пешона тери билан топилган ва солиқлар тарзида йиғилган умуммиллат маблағлари мақсад-манзилига етиши учун, эзгу ниятда бошланган ислоҳотлар юриб кетиши учун СССР мероси бўлмиш маъмурий тизимни ислоҳ қилишимиз лозим.

Муҳаммад Шакур, журналист


Мавзуга оид