Минбар 450 02.04.2019 08:30:39

Тараққиётга изоҳ керак бўлса, кутубхоналарига боқинг...

Тараққиётга изоҳ керак бўлса, кутубхоналарига боқинг...

Сўнгги ўн йилликда Ҳиндистон ва Хитой "жаҳоннинг энг китобхон давлатлари" рейтингида етакчиликни сақлаб туришибди. Бу икки давлатда истиқомат қилаётганлар ҳафтасига 10 соатдан ошиқроқ вақтларини китоб ўқишга сарфлашади. Ҳиндистонда аҳолининг саводхонлик даражаси 74.04 фоизни ташкил этса ҳам, ҳиндлар инглиз тилини билиши эвазига халқаро китоб бозоридаги маҳсулотлардан тўғридан-тўғри баҳраманд бўлишади. Хитойда эса матбаа соҳаси яхши ривожланган. Хусусан, ҳар йили дунё миқёсида чоп этиладиган китоб маҳсулотларининг 25 фоизидан ошиғи Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Жанубий Корея китобхонлик масаласида юқоридаги икки давлатдан анча паст бўлса-да, кореяликлар ўқиганларини амалга татбиқ этиш масаласида дунёнинг иккинчи рақамли халқи ҳисобланишади. Бу масалада ҳозирча сингапурликларга етадигани йўқ. Кореяликлар электрон китоб маҳсулотларини ўқишда ҳам етакчи халқ. Электрон китоблар ўрнини айни кунларда "овозли китоб" (аудио китоб)лар эгалламоқда. Мамлакатда асосан муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт йўналишидаги, аниқ фанлардаги китоблар яхши ўқилмоқда.
IMG_20190331_145852_HDR.jpg
Жанубий Кореяда аҳолининг китобхонлик даражасини кўтариб туриш учун жамоат кутубхоналарини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, айни пайтда мамлакат миқёсида 1042 та бундай кутубхоналар мавжуд. 2019 йилнинг январь ойида қабул қилинган беш йиллик дастурга мувофиқ, мамлакат бўйлаб қўшимча 426 та жамоат кутубхоналарини, шунингдек 700 дан зиёд кичик ўлчамли кутубхоналар ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Мазкур масала шахсан давлат раҳбари назорати остида амалга оширилади.

Суратларда пойтахтдаги таниқли COEX кўнгилочар савдо марказида жойлашган Starfield жамоат кутубхонасини кўриш мумкин. Китобхонлар даврасига қўшилиб, улкан билим манбасининг бир бўлагига айланишингиз билан, шовқинни ҳам унутасиз.

Кутубхонадан фойдаланиш бепул, ортиқча расмиятчиликларга ҳожат йўқ: кирасиз, зарур китобни танлайсиз ва ўқишга киришасиз. Бу ерда китобхонлик учун барча шароитлар мавжуд. Китобхонлар 50 мингдан зиёд номда жамланган китобларни, халқаро ва маҳаллий журнал ва газеталарни мутолаа қилишлари мумкин. Ташриф буюрувчилар ўзлари учун зарур манбаларни электрон тизимдан осон излаб топишлари, электрон шаклда олишлари мумкин.
IMG_20190331_145902_HDR.jpg
Биргина пойтахт Сеулда 120 дан зиёд жамоат кутубхоналари мавжуд. Уларнинг 7 тасида хорижий тиллардаги китоблар мавжуд ва хорижликлар ҳам бу ердаги хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Юқоридаги барча давлатларнинг айни кунда жадал ривожланишидан ҳам кўриниб турибдики, китобхонлик ва бу орқали билимларни ўзлаштириш жамият тараққиётида юқори аҳамиятга эга.

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университети тадқиқотчиси


Кутубхона Жанубий Корея