Минбар 372 15.11.2019 14:53:03

Адлия — коррупциядан ҳоли орган (ми?)

Адлия — коррупциядан ҳоли орган (ми?)

Оммавий ахборот воситаларини кузатиб борар эканмиз, нашрларда у ёки бу мансабдор шахсларнинг ўз мансаб лавозимларини суиистеъмол қилганлигини ёки порахўрлик билан боғлиқ ҳолатларни кўп учратамиз.

Жамиятимизда бу иллатнинг ҳар қандай кўринишини йўқ қилишга қаратилган бир қатор самарали чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, коррупцион ҳолат энг кўп даражада юз берадиган соҳаларда аҳоли ва давлат органлари ўртасида электрон мулоқотни жорий қилиш, бу борада тегишли вазифаларни инсон омилисиз амалга ошириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда фуқароларда муросасиз ҳуқуқий онгни шакллантириш каби вазифалар белгиланди. Бу мақсадлар йўлида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2752-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан коррупцияга қарши курашишда тегишли вазифаларни умумлаштирувчи орган − Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

Натижада, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда “коррупциясиз соҳа” дастурлари кенг жорий қилинмоқда. Жорий йил 29 октябрда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар дастури” қабул қилинди.

Шунга мувофиқ, адлия органлари ва муассасаларида ушбу иллатни олдини олишга қаратилган телеграм ижтимоий тармоғида @antikorbot номли махсус бот яратилди. Аҳоли билан қайта алоқани таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлигининг www.daxizmat.uz веб-саҳифаси ишлаб чиқилди, шунингдек, www.facebook.com ижтимоий тармоғида “Davlat xizmatlari agentligi” номли саҳифа очилди ҳамда телеграм мобиль иловасида “Davlat xizmatlari” канали ишга туширилди.

Агентликнинг info@davxizmat.uz электрон почта манзили ҳамда “davxizmat@exat.uz” идоралараро тезкор электрон ҳужжат алмашуви тизими ҳам йўлга қўйилди. Бундан ташқари “Сирли мижоз” тадбирлари доимий тарзда олиб борилмоқда. Бунинг натижасида, биргина 2018 йил давомида жами 1062 та сирли мижоз, 5924 та профилактик суҳбатлар ўтказилган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига мос равишда 1015 та ва 6306 тани ташкил этган.

Шунингдек, Давлат хизматлари марказларида коррупцияга қарши ҳамда “ДХМ ходими хизмат кўрсатганда қандай тамойилларга риоя қилиши кераклиги тўғрисида” намунавий ахборот бурчаклари ташкил этилган. Марказларнинг ҳар бир хизмат кўрсатиш ойнасида ходимлар билан мулоқотда фуқаролар коррупция аломатларига дуч келганда, дарҳол мурожаат қилишлари ва бу билан коррупцияни жамиятимизда йўқ бўлишига ўз ҳиссасини қўшишлари учун Агентликнинг “ишонч телефони” рақами (1148) ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.

Ҳар бир заҳматли меҳнатнинг шарафи бўлгани каби, Давлат хизматлари агентлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида 2018 ва 2019 йилларда аҳоли орасида олиб борилган аноним сўров натижаларига кўра, “Коррупциядан ҳоли орган” сифатида Адлия органлари эътироф этилди.

Аббос Аҳмедов
Давлат хизматлари агентлиги Кадрлар бўлими бошлиғи


Мавзуга оид