Минбар 234 14.11.2019 08:10:34

“Қўғирчоқлар девори” ёхуд зўравонликдан азият чеккан аёллар

“Қўғирчоқлар девори” ёхуд зўравонликдан азият чеккан аёллар

Ер сайёраси тўхтовсиз ўз ўқи атрофида айлангани каби, замон ҳам унга ҳамнафас бўлиб, фақат олдинга силжиб, тинимсиз ривожланяпти. Ажойиб ва изоҳлаб бўлмас кашфиётлар, технологиялар ва ҳоказолар… Лекин, аксарият инсонларнинг фикрлаш ва дунёга бўлган “қараш”лари эса, афсуски, ўша-ўша.. Инсониятнинг бошқа жонли мавжудотдан фарқи — унда онг борлигида. Онги унинг яшаш тарзини, атроф-муҳитга бўлган муносабатини ва ўзининг хатти-ҳаракатларидаги масъулиятни ҳис қилдириб туради. Шу масъулият қаергадир йўқолиб қолаётгандек. Негаки, дунё миқёсида ҳар икки кунда, бир аёл оилавий зўравонлик қурбони бўлмоқда. Ўлим билан якун топаётгани эса ниҳоятда ачинарли ҳолдир. Статистика бўйича жаҳонда зўравонлик, тазйиқларнинг 70 фоизи оила аъзоларга нисбатан амалга оширилар экан. Масаланинг энг оғриқли нуқтаси ҳам шу аслида. Сабаби, оиладаги зўравонлик вояга етаётган фарзандлар кўз олдида содир бўлади.

Зўравонлик ва тазйиқ — инсониятнинг йиллар давомида курашиб келаётган иллатдир. Дунёни қамраб олган интернетни ҳам, қуёш батареяларини ҳам инсон яратди, унинг онги мислсиз кашфиётларни, тилсиз механизмларни бошқара олсаю, наҳот ўз жаҳлини жиловлай олмаса?!

Яқинда мамлакатимизда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Умуман олганда, бу қонуннинг пайдо бўлиши — бу давр талаби. Қонунни ўқир эканман, янги атамалар мени мазкур мақолани ёзишимга туртки берди. Ҳимоя ордери…бу жумла мени бир тарафдан сергаклантирди, бир тарафдан эса сескантирди. Ҳимоя ордери зўравонликдан азият чеккан жабрдийда аёл ва қизларга бериларкан, нусхаси эса зўравон шахсга. Энг қизиғи, бунинг назорати маҳаллий профилактика инспекторига юклатилиб, эндиликда зўравонликлар статистик ҳисобга олинаркан. Қизиқ, бир парча қоғоз билан, билагига кучи сиғмай отилиб кетаётган зўравон шахсни тўхтата олармикан? Ёки шугина қоғоз, калтак ва тазйиқдан жабрланаётган, оғриқни танаси-ю қалби ила ҳис қилган ожизанинг илтижоли кўзларидан-да кучлироқ таъсир қилармикан? Шу қоғозгина, зўравон шахснинг “блокланган” онгини очармикан?

Ҳозир ўз жуфти ҳалолидан азият чеккан аёлни давлат томонидан ҳимоя қилиниши юзасидан ордер чиққан бўлса, эртага зўравон эркакларнинг ўз ожиза аёлларини калтаклаб қўймасликлари учун қўл ёки оёқ навигаторлари (балки смарт тасмалар) таъқиб юришлари тўғрисида бирор меъёрий ҳужжат чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Инсон ўз танасини онгли равишда ҳимоя қилади, яъни оловга яқинлашмаслик, юқори қаватдан сакрамаслик, автомобил рўпарасига чиқмаслик ва ҳоказолар. Булар шартсиз рефлекс тарзда рўй беради, ҳимоя-да! Йўқса, тана жароҳатланади. Хўш, шундай экан, зўравонлар ҳам ўз яқинига озор бераётганини сезармикан?! Мамлакатимиздаги жазо тизимига ўзгартириш киритиш таклифини бергим келади. Аёнки, англо-саксон ҳуқуқ тизимида суд прецеденти деган тушунча бор, яъни, бирор ҳолат учун қабул қилинган суд қарори ёки ҳукми, келгусидаги шунга ўхшаш ҳолатларда намуна норма сифатида такрорланиши шарт. Зўравон шахсларга, зўравонлик содир этаётган пайтдаги жабрланувчига етказган тан жароҳатини, унинг ўзига худди ўша жароҳатнинг оғирлик даражаси каби етказишдай прецедент жазо амалиётга жорий қилинса эди, балки ўз танасини оғритмаслик учун ҳам зўравонлар тийилармиди?!

25652888618_00e21a422a_b.jpg

Жаҳонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолати қай даражада?

Дунёнинг яшаш шароити энг яхши ҳисобланган шаҳарларидан бири — Миланда, “Қўғирчоқлар девори” деб аталувчи хотира майдони мавжуд. Бир қарашда ёш болалар учун бурчакдай кўринадиган мазкур деворга синчиклаб қаралса, христиан хочлари устига қўғирчоқлар осилганини кўриш мумкин. Мазкур девор 2016-йилда Милан шаҳрининг Навигли туманида, ўзи ҳам зўравонлик қурбони бўлган, рассом Жое Ринг исмли аёл томонидан яратилган. Деворга уйида зўравонликдан азият чеккан аёллар ўзлари тимсолида қўғирчоқ осиб кетишлари мумкин экан. Афсуски, йилдан йил бу каби қўғирчоқлар сони кўпайиб борган.

Шу билан бирга, деворда 2016-йилда зўравонлик оқибатида ҳаётдан кўз юмган аёлларнинг фотосуратлари ҳам акс этган.нг сўнгги фотосуратга “?” белгиси қўйилади. Яъни бу “кейинги жабрдийда ким?” деган кинояли маънони билдиради. Қўғирчоқлар жабр кўрган аёллар сингари бошларини ерга эгиб, хомуш туради. Деворга осилган, кийимлари йиртилган, юлинган ва бўлакларга бўлинган қўғирчоқларга қарар эканман, ғоя муаллифи аёлларга нисбатан турли ваҳшиёна зўравонликларни акс эта туриб, “биз қўғирчоқ эмасмиз” деган илтижони ифодалагандек, назаримда.

Аёл — гўзаллик, нафосат, меҳр тимсоли. У энг аввало, она, опа-сингил, муштипар ғамхўр. Уни таҳқирлашга ва ҳуқуқларини поймол қилишга, жонига озор беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мадина АБДИЖАЛИЛОВА


Мавзуга оид