Минбар 134 24.10.2019 13:22:28

Сенатор: Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар фаолияти чекланадими?

Сенатор: Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар фаолияти чекланадими?

Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланган эди. Давлатимиз раҳбари 2019 йил 23 октябрь куни мазкур Қонунни имзолади.

Маълумки, она сути гўдак учун энг табиий ва мақбул озиқа ҳисобланади. Кўкрак сутининг таркибида чақалоқнинг соғлом униб-ўсиши ва унинг организмининг ривожланиши учун зарур бўлган барча микро ва макро элементлар мавжуд. Бундан ташқари, она сути таркибидаги тоуринг моддаси боланинг ақлий салоҳияти шаклланиши, яъни бош миянинг ривожланишида муҳим роль ўйнайди.

Тиббиётда исботланган статистик таҳлилларга кўра, она сути билан озиқлантириш ҳар йили дунёдаги 20 минг аёлни кўкрак саратони ёки тухумдон саратони туфайли ҳаётдан кўз юмишининг олдини олишга ёрдам беради. Қолаверса, кўкрак сути билан озиқланаётган болалар сунъий сутли аралашмалар истеъмол қилаётган тенгдошларига нисбатан анчагина соғлом ўсади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, болаларни она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатлари белгиланган.

Шу билан бирга, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида маданий-кўнгилочар муассасалари, шунингдек автовокзал, аэропорт ва темир йўл вокзалларида махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши кераклиги белгиланган. Қолаверса, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек рекламани тайёрловчилар ва тарқатувчилар фаолиятига оид чекловлар ўрнатилган. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишмасдан гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланишига доир илмий тадқиқотларни молиялаштиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги рекламаларни оналар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида тарқатиш тақиқланади. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли сақлаш шароитларига эга бўлмаган ҳамда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена талабларига мувофиқ бўлмаган жойларда реализация қилишга йўл қўйилмайди.

Қонунда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озик-овқат маҳсулотларинииг ўровига (идиши) ҳамда уларни тамғалашга доир, шунингдек идишчаларни ва сўрғичларни тамғалашга талаблар ўз аксини топган.

Умуман олганда, ушбу Қонун талабларига риоя этилиши, шунингдек гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги устидан давлат назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қонун миллат генофондини сақлашга, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади.

Орал Атаниязова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси


Мавзуга оид