Минбар 514 16.10.2019 12:41:40

Неомусулмонча романтик суратлар - фаросатсизлик ва беҳаёликнинг бир тури!

Неомусулмонча романтик суратлар - фаросатсизлик ва беҳаёликнинг бир тури!

Кейинги пайтларда фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда соқолли мусулмон эркак ва унинг рўмолли аёлининг бир-бирига эҳтирос ва меҳр-муҳаббат билан қараб турган ёхуд эрининг орқа тарафидан билдирмасдан келиб, икки қўли билан кўзларини юмиб, ҳазил қилаётган ёки нафаслари аралашиб кетадиган даражада юзлари бир-бирига яқин турган эр-хотиннинг романтик (беҳаё деб атаса ҳам бўладиган) расмлари жуда кўпайиб кетяпти.

Буни тарқатаётганлар ўзларича, динга хизмат қиляпмиз, деб ўйлаяптилар. Шу билан гўёки, эр-хотинлар ўртасидаги муҳаббатни кучайтиришга хизмат қилмоқчилар.

Лекин, бундай позаларда туриб, учинчи одамга атайин суратга олдириш бироз ажабланарли.

Агар эътибор берсангиз, бундай неомусулмонча романтик суратларда савлат тўкаётганларнинг аксари Россия, Кавказ, Туркия, Эрон ва айрим араб давлатларининг аҳолиси бўлиб чиқади.

Бу жуда ҳам ғалати. Чунки, биринчидан, Қуръони каримдаги кўзни тийишга бўлган буйруқ ва бегоналардан ҳижобланиш ҳақидаги ояти карималарнинг моҳияти кишилар онгини шаҳвоний ҳислар эгаллаб олиб, жамиятда фасод тарқалишининг олдини олишдан иборат. Бундай "ҳижобли" беҳаё суратлар эса бу мақсадга хизматга қилмайди балки, унинг аксига хизмат қилади. Яъни, буларни кўрганда инсоннинг ҳирси кучайиб, шаҳвоний истаклари жунбушга келади. Бу эса ҳижоб ва кўзни тийиш ҳақидаги ояти карималарда кўзланган мақсаднинг том терсидир.

Бу фаросатсизлик ҳам. Фаросатсизлик ҳам турли даражаларда бўлади. Шунингдек, бу ҳам беҳёликнинг бир тури ҳамдир гарчи, мазкур суратлардаги аёлларнинг бошида рўмоли бўлса ҳам.

Ҳатто совет пайтида, атеистик идеология ва мазкур идеологияга асосланган тузум ҳукмрон бўлган даврларда ҳам бундай фаросатсизлик ва ҳаёсизли кузатилмаган. У вақтнинг ўзбек аёллари ҳижоб ўрамасалар ҳам ҳеч қачон кўча-кўйда ўз эри билан ошиқ-маъшуқ қилиқларини қилмаганлар.

Буни қўйинг, ҳатто эр-хотинлар кўчада бир-бирининг қўлидан тутиб юришга ҳаё қилганлар. Бу ҳам бўлса, халқимиз коммунистик тузум туфайли гарчи, эгнидаги ҳижобидан айрилган бўлса-да қалби ва онгидаги ҳижобига соҳиб чиққанлигини ва тасаттур тушунчасининг дақиқ-дақиқ жойларигача идрок этганлигининг ёрқин далилидир.

Бизнинг урфимизда яхши одамлар кўчада ўз хотинини эркалаб, қучоқлашиб, ҳамманинг диққатини тортмайдилар. Бундай ғалати ҳолатни Туркияда кўрдим. Жамоат жойларида соқолли йигит ҳижобли хотини билан ўйнашиб, ўпишиб юраверар экан. Бу ҳақиқатан ғалати. Ҳижоб ўрагани нимаю бундай шаҳвоний хатти-ҳаракатлар билан бегоналарни ўзига қаратгани нима(?!), деган савол туғилади ўз-ўзидан. Ҳижобдаги аёлларнинг ресторанларда ўз эри билан сигарет ва чилим чекиб ўтирганини кўрганимда яна-да ҳайратим ошди.

Тўғри, демократия, шахс эркинлиги деган нарсалар бор. Аммо, ташқи кўринишидан диндор бўлиб кўринган одам ўзгалар кўз ўнгида Ислом ҳақида салбий фикрлар пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолмаслиги ҳам мақсадга мувофиқдир. Чунки, ўзгалар Ислом ҳақида мусулмонларнинг сийратига қараб ҳукм чиқарадилар.

Алишер Султонходжаев


Мавзуга оид