Минбар 742 19.04.2019 11:12:51

“Корея мўъжизаси”ни яратган сармоя

“Корея мўъжизаси”ни яратган сармоя

Ўрганишга бўлган иштиёқни уйғот. Ана шунда ҳеч қачон ўсишдан тўхтамайсан. Жанубий Корея иқтисодиётининг, кореяликлар турмуш тарзининг юксалиб бориши ҳам таълимга эътибор ҳамда ўқиб-ўрганишга бўлган иштиёқ билан боғлиқ. Кореяликларнинг таълим олишга бўлган "очлиги" ярим ҳазил, ярим чин маънода "таълим иситмаси" дейилади. Айнан мана шу феномен ярим аср илгари оч-яланғоч бўлган миллатни халқаро миқёсида энг сифатли олий таълимга эга ишчи кучи етказиб берадиган жамиятга айлантирди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказилган PISA халқаро тадқиқотларида Корея таълими жаҳонда энг яхши деб топилган. Юқори мактабни тамомлаган ўқувчиларнинг 80 фоизи таълимни университетда давом эттиради. Яъни, жаҳондаги юқори кўрсаткичлардан бири. Натижада, олий таълим даражасига эгалик бўйича кореяликлар жаҳонда пешқадам. Аҳолининг 25-34 ёшли қатламидан 68 фоизи бакалаврлик дипломига эга. YUzhnokorejskie-studenty-155731590-676x450.jpg Таълим тизимида замонавий ислоҳлотлар Корея Республикасида 19 асрнинг охирларида бошланган. Япония ҳарбийлари мамлакатни тарк этгач, ҳукумат таълим фалсафасига диққатини қаратди. Корейс тили ва ёзувини қайта тиклаш, аҳоли саводхонлиги ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, таълим институтларини ташкил қилиш бош мақсадга айланди.

Жанубий Кореяда олиб борилган оммавий саводсизликка қарши ислоҳотлардан кейинги икки авлод кучли билимли, иқтисодиёт соҳалари учун рақобатбардош бўлиб вояга етди. Samsung ва Hyundai, Daewoo ҳамда LG каби брендлар, тараққиёт кореяликларнинг қатъийлиги, меҳнаткашлигининг маҳсули. Ярим аср ичида Корея Республикаси эришган натижаларга бошқа ривожланган давлатлар ҳам ҳавас қилади. Экспертларнинг фикрича, иқтисодий тараққиётнинг тагзамини таълим тизимидир.

Сўнгги 60 йилдан буён Корея Республикасининг таълимни ривожлантиришга ажратган маблағи ўсиб келди. 1975 йилда таълим учун 220 млрд вон, яъни ялпи миллий маҳсулотнинг 2.2 фоизи ёки умумий харажатларнинг 13.9 фоизи сарф қилинган бўлса, 1986 йилда таълим учун давлат бюджети маблағларининг 27.3 фоизи ажратилган. 2015 йилда эса бу маблағнинг миқдори 43.1 млрд АҚШ долларига етди. Яъни, давлат бюджетининг 17 фоизига тенг маблағ. Шу йили ота-оналар томонидан болаларининг таълими учун тикилаётган маблағ ҳам чакки эмас – 37.3 млрд АҚШ доллари. Таҳлилларга кўра, 2020 йилга келиб оилаларнинг таълимга ажратадиган сармоялари 48.6 млрд АҚШ долларига етади. Эришилган натижалар ҳам ҳавас қилгулик.

Кореяда давлат жамоат мактабларини ҳам, хусусий мактабларни ҳам молиявий қўллаб-қувватлайди. Ривожланган давлатларнинг ёшлари орасида аниқ фанларни ўзлаштириш бўйича кореяликлар пешқадам. Жанубий Кореянинг таълим соҳасидаги ютуқлари ҳатто Буюк Британияни ҳам ўз тизимини қайта ислоҳ қилишга илҳомлантирган.

Олий таълим аҳоли учун жиддий масала. Фарзандларининг академик муваффақияти ота-она учун катта шараф. Ота-оналар мажлисига борган фуқаро фарзандини рейтингнинг юқори ўринларида кўришни истайди. Кореяликларнинг фикрича, таълим аҳолининг ўрта қатламига қўшилиш учун зарур эшикларни очиб беради. Хусусан, мамлакатдаги пешқадам университетларда таълим олиш жамиятдаги нуфузни оширади. Турмуш қуриш ёки турмушга чиқиш жараёнида ҳам куёвнинг молига ёки қизнинг сепига эмас, қаерда таълим олганига диққат қаратилади. Яхши коллежга ўқишга кириш эса осон иш эмас. Шу боис, кореялик болалар эрта ёшдан рақобатга тайёрланадилар.

Коллежда таълим олишни истамайдиган ўқувчилар касбга йўналтирилган махсус мактабларда ўқийдилар. Бу ерда асосан технология, қишлоқ хўжалиги, молия каби қисқа ўқувлар ташкил қилинади. full_size_1518436210-70f343a4692d7ddd734469767e96a7dc.jpg "Маҳорат мактаби" деб аталувчи бундай муассасалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар мунтазам олиб борилади. Унинг бош мақсади автоуловларни таъмирловчи усталар, санитария техниклари, пайвандчилар, электр усталари, дурадгор ва эҳтиёж юқори бошқа мутахассисларини тайёрлаш.

Кореялик ота-она фарзанди ақлини таниши билан тахминан шундай дейди: "Юртимизнинг табиий бойликлари кам, унумдор ерларимиз ҳам чегараланган. Бизнинг бор-йўқ бойлигимиз – одамлар. Агар шу юртда бахтиёр яшашни истасак, куч-ғайратимиз билан ҳаракат қилмоғимиз лозим. Келажакда фаровон яшашинг учун ёшлигингда машаққат билан билим олишинг керак." Таскин ёки тасалли бўлиб кўринган бу сўзлар беҳуда эмас.

Давоми бор ...

Шуҳрат Сатторов, 
Human.uz сайтининг Жанубий Кореядаги мухбири 



Жанубий Корея таълим

Мавзуга оид