Минбар 2875 17.04.2019 18:12:24

Нотариусдаги “ўйинлар” давом этмоқда

Нотариусдаги “ўйинлар” давом этмоқда

Human.uz таҳририятига нотариуслар томонидан битимларни расмийлаштирганлик учун йиғимларни ундиришда ҳамон адолатсизликлар бўлаётганлиги, ундириладиган йиғимларни ҳисоблашда “қўшиб айтиш” ҳолатлари кузатилаётганлиги ҳақидаги мурожаатлар келмоқда.

Ушбу ҳолатлар ҳақиқатга қанчалик мос келишини ўрганиш мақсадида Human.uz таҳририятининг ташаббуси билан эксперимент ўтказишга қарор қилинди.

Эксперимент учун Тошкент шаҳридаги икки нотариус – Шайхонтоҳур туман 8-сонли Давлат нотариал идораси, нотариус Н.Алиахунов ва Учтепа тумани 7-сонли Давлат нотариал идораси, нотариус О.Мусаевлар танлаб олинди.

15.04.2019 йил. Шайхонтоҳур туман 8-сонли Давлат нотариал идораси, нотариус Н.Алиахунов. “Damas” русумли, 2018 йилда ишлаб чиқарилган, 38 от кучига эга автотранспорт воситасининг олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди.
Олди-сотди шартномасига кўра:
Давлат божи учун: 810920 сўм;
Герб йиғими учун: 20273 сўм;
Тушунтириш учун: 20273 сўм;
Битим лойиҳасини тузиш учун: 40546 сўм;

Тақиқ текшириш учун: 30409 сўм, жами 922 421 сўм ундирилганлиги кўрсатилди. Бироқ, ҳақиқатда эса, фуқародан 1 045 000 (бир миллион қирқ беш минг) сўм, тўланиши лозим бўлган суммадан 122 579 (бир юз йигирма икки минг беш юз етмиш тўққиз) сўм кўп пул олинди.

14.04.2019 йил. Учтепа тумани, 7-сонли Давлат нотариал идораси, нотариус Мусаев Одил Василевич. “SPARK” русумли, 2015 йилда ишлаб чиқарилган, 68 от кучига эга автотранспорт воситасининг олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди.
Олди-сотди шартномасига кўра:
Давлат божи учун: 810920 сўм;
Герб йиғими учун: 20273 сўм;
Тушунтириш учун: 20273 сўм;
Битим лойиҳасини тузиш учун: 40546 сўм;

Тақиқ текшириш учун: 30409 сўм, жами 922 421 сўм ундирилганлиги кўрсатилди.Ҳақиқатда эса фуқародан 1 045 000 (бир миллион қирқ беш минг) сўм, тўланиши лозим бўлган суммадан 122 579 (бир юз йигирма икки минг беш юз етмиш тўққиз) сўм кўп пул олинди. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳар иккала ҳолатда ҳам фуқаро томонидан нотариус ходимларига нақд пул топширилди. Чек берилмаган.

Гувоҳ бўлганингиздек, ҳудди келишиб олингандек, Тошкент шаҳрининг турли туманларидаги фаолият юритувчи икки нотариус, икки хил турдаги автотранспорт воситаларини олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда расмийлаштирганлиги учун айнан бир фуқародан бир хил - 1 045 000 (бир миллион қирқ беш минг) сўмдан пул ундириб,унинг манфаатларига жами 245 158 сўм зарар етказмоқда.

Табиийки, юқорида қайд этилган нотариус ходимларининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан нотариат соҳасини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларга зиддир.  Нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда қабул қилиш механизмининг жорий этилганлигига қарамай, бундай ҳолатлар такроран учраётганлиги аҳолида ушбу соҳа вакилларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини кучайтиради.

Шу ўринда нотариал ҳаракатларда иштирок этган ёки этмоқчи бўлган фуқароларга тавсия: нотариал ҳаракатлар учун тўлов амалга оширганингиздан сўнг қўлингизга берилган, нотариал тасдиқланган битимни яхшилаб ўқинг, сиз ҳақиқатда тўлашингиз лозим бўлган сумма шу битимда рақамлар ва сўзлар билан аниқ ва тиниқ қилиб ёзиб қўйилган бўлади. Битимда кўрсатилганидан ортиқ миқдорда тўлов талаб қилиниши қонунга хилофдир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳам бир таклифимиз бор эди: агар имкони бўлса, норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартириш киритилиб, нотариал тасдиқланган битимларда фуқаролардан жами қанча ундирилганлигини рақамларда акс эттириш талаби киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.


нотариус Адлия вазирлиги