Минбар 491 16.04.2019 08:54:00

Йўл ҳаракати қоидаларида янги ўзгаришлар: пиёдадан тортиб, юк машинасигача

Йўл ҳаракати қоидаларида янги ўзгаришлар:  пиёдадан тортиб, юк машинасигача

Сўнгги йилларда ҳаётимизнинг турли жабҳаларида содир бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Соҳани такомиллаштириш, унга янги, инновацион технологияларни жорий этиш, қонунчиликни замон талаблари даражасига кўтариш йўналишидаги ишлар шулар жумласидан. Биз ушбу янгиликлар ҳақида одамларга маълумот бериб боришни мақсад қилганмиз.

Бугунги мақоламизда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиев Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилнинг 9 апрель куни имзоланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 292-сонли қарори хусусида батафсил тўхталиб ўтади. (Ўқувчиларимизга тушунарлироқ бўлиши учун киритилган ўзгаришларни қорайтирилган ҳолда берамиз).

— Хабарингиз бор, Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага камералар қўйилганидан кейин, қоидабузарликлар сони сезиларли даражада камайди, —дейди Х.Сайдалиев. — Аммо камералар ишлаши баробарида қоидаларнинг айрим бандларига тўлдиришлар киритиш зарурлиги аён бўлди. Бу ерда гап 5.33 рақами билан белгиланган тўхташ чизиғи тўғрисида кетяпти. Камералар бу қоидабузарликни ҳам тасвирга туширар, ҳайдовчилар эса айрим ҳолларда бунга эътироз билдиришарди. Яъни, “Машинам ғилдираги тўхташ чизиғини босмаган, олдинги нуқтаси чизиқ устида турибди” каби тушунмовчиликлар юзага келаётганди. Шу сабабли, қоидалар 41-бандининг биринчи хатбошиси қуйидагича қайта таҳрир қилинди.

“41. Светофорнинг (реверсивдан ташқари) ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида (бунда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кемаслиги керак), бундай чизиқ бўлмаганда эса...

Шунингдек, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 78-банди иккинчи хатбошиси ҳам таҳрир қилинди. Эндиликда у қуйидаги кўринишда ўқилади.
«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори ва кичик тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситаларига ҳаракатланиш тезлигини оширишга ва пасайтиришга (тегишли йўл белгиларини ўрнатиб) ваколатлидир».

Аввалги таҳрирда фақатгина тезликни ошириш ёзилган эди. Лекин транспорт воситалари ҳаракатининг таҳлили тезликни ошириш баробарида уни пасайтириш ҳам зарур эканини кўрсатди. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигини ошиши йўл-транспорт ҳодисасида фуқароларга етказилган жароҳат оғирлигининг тезликка нисбатан геометрик прогрессия тарзида ошишига олиб келмоқда. Хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда, Европанинг ривожланган 31 давлатларида, жумладан, Буюк Британия, Германия, Франция, Финляндия, Австрия, Бельгия, Болгария, Дания, Греция, Ирландия ва бошқа қатор давлатларида ушбу тезлик соатига 50 километр этиб белгиланган. Озарбойжон, Грузия, Россия, Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларда эса соатига 60 километр этиб белгиланган.

Хорижий давлатларда ўтказилган изланишлар ҳайдовчининг йўлдаги хавфни кўрганидан сўнг автомобилнинг тўхташигача босиб ўтган “Тўхташ йўли” тезлик қанча юқори бўлса, ушбу йўл янада узун бўлишини кўрсатган. Жумладан, тезлик соатига 70 километр бўлганда ушбу йўл узунлиги 56 метрни, тезлик соатига 60 километр бўлганда “Тўхташ йўли” узунлиги 45 метрни ташкил этади. “Тўхташ йўли” тушунчаси тормоз йўли тушунчасидан фарқ қилиб, ушбу йўл узунлигига ҳайдовчи хавфни кўриб, автомобилни тўхтатишга қарор қабул қилиши ва тормоз педалини босгунга қадар муддатда босиб ўтган йўл ҳамда ҳайдовчининг тормоз педалини босгандан сўнг автомобилнинг тўлиқ тўхташигача босиб ўтган “тормоз йўли” киради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, эндиликда йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилидан келиб чиқиб ҳокимликлар айрим йўл участкаларида тезликни пасайтиришлари ҳам мумкин бўлади. Бу иш албатта ДЙҲХХ билан келишган ҳолда, йўл белгиларини ўрнатиб, жиҳозлангач амалга оширилади.

88-банд кўпчиликка тушунарли бўлган тарзда қайта таҳрир этилди ва қуйидаги кўринишга келтирилди.
“Аҳоли пунктларидаги иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади.

Ушбу ўзгартириш кўча ва йўллар ўтказувчанлигининг ошишига хизмат қилади.
Агар бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда ҳаракат бўлаги битта бўлиб, ўнг ва чап томонга транспорт воситаси тўхтаганда бошқа транспорт воситалари йўлнинг ушбу қисмидан ўтишига имкон қолмайди.

89. Транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисмида бир қатор қилиб, қатнов қисми четига параллел равишда, кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.

Транспорт воситаларининг қатнов қисми четига бурчак остида қўйилиши қатнов қисмини сунъий торайишига, яъни 1,5 ҳаракат бўлагини эгаллашига олиб келади. Натижада кўчанинг ушбу қисмида ўтказувчанликни пасайишига сабаб бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда 89-бандга “қатнов қисми четига параллел равишда” сўзи қўшилди.

Қоидаларнинг “Чорраҳада ҳаракатланиш” деб номланган бобининг 98-бандига ҳам қўшимча киритилди. Бу ўзгаришга асосан “Айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга”

Бунинг сабаби шундаки, Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да айланма ҳаракат ташкил этилган чорраҳада ҳаракатланиш тартиби белгилаб берилмаган эди. Шунинг учун айлана ҳаракат ташкил этилган жойлар бир-биридан фарқ қиларди. Ҳаракатланиш йўл белгилари асосида ташкил этиларди. Шунингдек, ушбу қоидаларнинг 60-бандида ҳайдовчи ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли ҳозирги кунда айлана бўйлаб ҳаракатланаётган транспорт воситаси ўнг томондан айланага яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши натижасида айланада тирбандлик ҳолатлари юзага келиб, кесишманинг ўтказувчанлигига салбий таъсир кўрсатаётган эди. Эндиликда бу масалага ҳам ойдинлик киритилди.

Амалдаги “йўл ҳаракати қоидалари”нинг “Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш” деб номланган бобининг 138-бандида бир қатор ҳолларда ва айрим транспорт воситаларига куннинг ёруғ вақтида ҳам яқинни кўрсатувчи чироқларини ёқиб юриш мажбурияти юкланган эди. Масалан, транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганида ёки йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситалари чироқларини ёқиб юришлари лозим эди. Эндиликда ушбу банд қуйидаги таҳрирда баён этилди.

“Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт”.

Бу нарса хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилди. Сабаби чироқлари ёқилган ҳолда ҳаракатланаётган транспорт воситаси тез эътиборга тушади. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам уни ўз вақтида илғаб олишига имкон кенгаяди.

Кўчаларимизда юк ташиётган автомобилларга назарингиз тушса, уларнинг устидаги юк аксарият ҳолларда очиқ бўларди. Масалан, қум, шағал, тупроқ ташиётган юк автомобиллари кўчаларни ифлослантириб юборади. Ҳозирги кенг кўламдаги қурилишлар олиб борилаётган вақтда бундай ҳолатлар кўпайиб қолган эди. Шуларни инобатга олган ҳолда йўл ва кўчаларимизнинг ифлосланишини олдини олиш мақсадида қоидаларнинг “Юк ташиш” деб номланган бобининг 162-бандига қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилди.

“(автотранспорт воситаларининг очиқ юк ташиш платформаларида, иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек, тўкиладиган бошқа юкларни ташишда) юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан ёпилган бўлса...

Ушбу бобнинг 164-банди ҳам таҳрир этилди ва транспорт воситаси ҳамда тиркамаларнинг узунлигига ойдинлик киритилди.

Қоидаларнинг велосипедчиларга тааллуқли 168-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди.
“рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно)”. Эндиликда велосипедчилар рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланишлари тақиқланди. Бу велосипед ҳайдовчилари билан боғлиқ кўнгилсизликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Булардан ташқари “йўл ҳаракати қоидалари”нинг 1-ва 2-иловаларига ҳам қўшимчалар киритилди. Бир қатор янги йўл белгилари жорий этилди.
001 (2).JPG
002 (2).JPG

Албатта, амалга оширилаётган бу ишларнинг барчаси йўлларимизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Шундай экан, ҳаракат иштирокчилари бу ўзгаришларни тўлиқ ўзлаштириши ҳамда унинг талабларига амал қилиши шарт.

                   Мансуржон Рихсиев,

журналист 



Йўл ҳаракати қоидалари

Мавзуга оид