Минбар 142 10.10.2019 23:02:30

“Оқ бўрилар”нинг “ови” бароридан келди...

“Оқ бўрилар”нинг “ови” бароридан келди...

Ишончли ўйин, чиройли ғалаба, супер голлар ва дастлабки 3 очко...

Тўкис бахтга «Чайф» гуруҳидан “Ўзбекистон-Яман 5:0” деган қўшиқ етишмаяпти, холос.

Келинг, жаноб Абрамовдек бу ғалабадан қувонмай турамиз. Сабаби, ҳали олдинда катта-катта довонлар бор. Масрурликдан кўзимизга тўлган ёшни артайлик-да, бошқа гуруҳларга ҳам бир наззора қилайлик.
photo_2019-10-10_18-56-41.jpg Эҳ-е, деб юборадиган ҳисоблар: Австралия-Непал 5:0, Япония-Монголия 6:0, Қирғизистон-Мьянма 7:0, Хитой-Гуам 7:0, Жанубий Корея-Шри Ланка 8:0, Эрон-Камбоджия 14:0.

Ҳа, Осиё қитъасида ана шундай кескин фарқлар мавжуд. Аслида 1-босқич саралаши бошқа грандлар қатори Ўзбекистон учун ҳам йирик ҳисобдаги ғалабаларга бой ўтиши керак эди. Бироқ, Фаластин билан ўйин... Келинг, унутамиз.
photo_2019-10-10_18-56-34.jpg Бугунги ўйин ҳақида. “Барселона” ўйинига ишқибоз бўлган Абрамов шу кунларда “Манчестер Сити” ўйинини футболчиларга томоша қилдиргани ҳақида узунқулоқ гаплар етиб келди. Демак, у жаноб Гвардиола услубининг мухлиси. Тўп назоратидаги устунлик, қисқа паслар, комбинацион ўйин бугунги Ўзбекистон услубида кўзга ташланган жиҳатлар эди. Ўхшайди-я!?

Шундай даврлар бўлдики, бир неча йиллар олдин Осиёнинг кучли тўртлигида юрадиган миллий жамоамиз учун хужум қилиш, дарвозага зарба бериш армонга айланганди. Услубсизлик услубида ўйнаган жамоамизни юрак ховучлаб кўриш даражасига етгандик. Ҳайрият, бугунги ўйин кўрсатдики, ўша қора кунлар аста ортга чекинётгандек.

Ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида “Сиз ҳар бир ўйинга алоҳида услуб танлайсизми ёки бир услубни доим қўллайсизми”, деган саволга Абрамов “Ҳозир фақат Яман билан ўйин ҳақида ўйлаяпмиз. Аммо ўйиндан-ўйинга ўз фалсафам ва услубни сингдириб, шакллантириб бораман”, дея жавоб берганди. Қисқа фурсат ўтган бўлса-да, жамоа унинг фалсафасини ўзлаштириб бораётгандек. Ҳар ҳолда буни “ўзбекистонликман” деган футбол мухлиси, айниқса, футболчи Абрамовнинг аввалги терма жамоаси ўйинлари орқали жуда яхши билади.
photo_2019-10-10_20-40-55.jpg Дебютант “бунёдкорчи” Санжар Қодирқуловнинг илк голи, Машариповнинг қанотлардаги “рақси”, “Голдор” Шомуродовнинг ўз услубидаги аниқ зарбаси, Сергеевнинг “голсизлик синдроми”дан қутулиши (1428 кунлик омадсизликдан сўнг) ва бизни сал-пал ҳавотирга солган Яманнинг мазмунсиз ўйини қадрдон “Пахтакор” стадионига йиғилган қарийб 29 минглик мухлисларни хурсанд қилгани бор гап.

Тан олиш керак, жуда 6 та гол уришимиз ҳақида орзу қилмаган бўлсак ҳам, ғалаба қозонишга ишонган эдик (Одил Аҳмедовнинг урган голи инобатга олинмади). Бироқ Яманнинг нурсиз ўйини чиндан кутилмаган бўлди. Ҳимоя ва тезкор қарши хужумга таяниб ўйнашни мақсад қилган яманликларнинг режалари бугун “ўхшамади”. Буни учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Сами Ал Наш таъкилаб ўтди. Тажрибали Вадим Карленович эса муҳим ўйинлар ҳали олдинда эканини жуда яхши билгани ҳолда ғалабани хотиржамлик билан қабул қилаётганини таъкидлади.

Оддий кўз билан қараганда ҳам миллий жамоа ўйинига мазмунга кираётгандек. Тўғри, Яман Корея, Япония, Эрон ёки Австралия савиясидаги жамоа эмас. Бироқ ўйинда реал ўзгариш, чизгилар кўзга ташланди ва бу яна мукаммалаша боришига ишониб қоламиз.
photo_2019-10-10_18-56-57.jpg Ҳозирча 3 очко чўнтакда. Саноқли кунлардан кейин эса Сингапур сафари кутиб турибди. Бугун Саудия Арабистонидан 3 та гол ўтказиб юборган Сингапур гуруҳда 4 очкога эга жамоа сифатида, афсуски, биздан тепада турибди. Тан олиш керак, Сингапур аввалгидек саккизталаб гол ўтказмайди. Бироқ футболи ўсиб бораётганига қарамай Шарқий Осиё минтақаси вакили Ўзбекистон учун жиддий рақиб мақомига чиқиб улгурмаган. Ўзбекистон ўз ўйини ва савиясини кўрсатса, 2-3 тўп фарқи билан ютиб келиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, “оқ бўрилар”нинг “ови” бароридан келди. “Ов”нинг кейинги макони Шарқий Осиёда. Умид қиламизки, униси ҳам омадли келади. Яна гаплашамиз!

Муслим Мирзажонов


Мавзуга оид