Минбар 195 10.10.2019 09:21:47

“Бор экан-у, йўқ экан”. Буни ота-оналар билармикан?

“Бор экан-у, йўқ экан”. Буни ота-оналар билармикан?

“Азизахон, қизалоғим, қаердасан?” Қўшни хонадан “мне”, “нунуна” каби овозлар эшитилаётганди. Қўлига Ўткир Ҳошимовнинг “Ўзбеклар” ҳикоялар тўпламини олиб, ўз тилида шивирлаётган қизимни кўриб севиндим. У эса нималарнидир тушунаётгандай тинмай мутолаа қиларди. Кўзмунчоғим ўзимни. Ҳа, китоб мутолааси қандай завқли, ҳузурли машғулот-а.

Буни ҳали икки ёшга ҳам тўлмаган фарзандига “тўртбурчак матоҳ”ни тутқазиб, беҳаё ўйинлар акс этган видео тасвирларни томоша қилаётган она билармикан? У баъзан бўлса ҳам фарзандига эртаклар ўқиб берармикан? Сизчи? Охирги марта қачон болаларингиз билан бирга мутолаа қилдингиз?

Олимларнинг таъкидлашича, боланинг ақлий ривожланиши ҳақида қайғурадиган ота-она унга албатта, китоб ўқиб бериши керак экан. Ҳар куни ётишдан олдин баланд овозда китоб мутолаа қилиш бола психологиясига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг сўз бойлиги ошади, китобга бўлган меҳри шаклланиб, муомиласи чиройли бўлади.

— 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларга кўп китоб ўқиб берилса, уларнинг чап мия яримшарлари яхши ривожланар экан, — дейди психолог Зебинисо Ахмедова. — Болада суҳбат қилиш, тасаввур, тилга мойиллик каби хислатлар юксалади. Шунингдек, китоб ўқилишини кўп эшитган бола буюм ва сўзлар орасидаги боғлиқликни илғаб боради. Айниқса, уйқуга кетишдан олдин китоб ўқилса, бола тинч ухлайди. Бунда ота-она ва фарзанд ўртасидаги ўзаро руҳий муносабат янада мустаҳкамланади. Мактабгача ёшдаги болаларга расмли китоблар харид қилган мақсадга мувофиқ. Кейинчалик ёшига уйғун, илмий ва бадиий адабиётларни тавсия қилган маъқул. Болага китобни мажбурлаб уқтиришга ҳаракат қилманг. Бунинг натижасида унда меҳр ўрнига нафрат пайдо бўлади, умр бўйи китобдан йироқлашиши мумкин. Ҳар доим боланинг қизиқиш ва истакларини инобатга олинг.

Ўтган асрнинг 90- йилларидан ривожланиб бораётган интернет, китоб кўринишига ҳам янгилик киритди. Сўнгги йилларда электрон китоб атамаси оммалашди. Бундай китобларни интернет тармоғида кўплаб учратиш мумкин. Бугун улардан фойдаланувчиларнинг сони ортиб бормоқда. Бироқ китоб мутолаасиниг ўрни ўзгача. Бу машғулотга муносабат ўзгармаслиги лозим. Ахир қаҳрамонларнинг ҳолатини ҳис этиш, уларнинг қайғу-қувончига шерик бўлиш ҳиссини фақат мутолаа ёрдамида туйиш мумкин. Буни нафақат болаликдан, балки она қорниданоқ сингдириш келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевор демакдир.

Агар бола ёшлигида тингловчи сифатида фаол бўлмаса, ўқишни ўрганиб олганидан сўнг ҳам шундай қолавериши мумкин. Болаларнинг китобга бўлган меҳр-муҳаббати катталарга, уларнинг китоб танлаш, ўқиб бериш, қизиқтириш маҳоратига боғлиқ. Бунда мутолаа бола учун оддий бир ҳол, шунчаки бир иш эмас, балки сирли, гўзал, эртакнамо, қувонч бағишловчи бир жараён бўлмоғи лозим. Катта ҳажмли, яхлит мавзуни ўз ичига олган, бир неча кунлар давомида ўқиладиган китобларни мутолаа қилаётганда унинг энг қизиқ жойларида тўхтатиш керак. Шундай қилинганда, боланинг бу китобга бўлган қизиқиши пасаймайди, балки унинг давомини сабрсизлик билан кутади.

— Фарзандларим билан тез-тез китоб дўконларига бориб турамиз,— дейди Дилноза Абдухолиқова. — Улар ўзи қизиқиб, хоҳлаган асарларни танлашади. Кейин ўқиб беришимни илтимос қилишади. Бу биз учун мароқли машғулотга айланган. Бундан ўзим ҳам завқ оламан.

Маълумотларга қараганда бола миясининг 90 фоизи унинг 3 ёшига қадар ривожланар экан. Шу даврда болага китоб ўқиш мия ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Кунига 15 дақиқа давомида болага китоб ўқиб берилса, у 1 йил мобайнида 1 миллионга яқин янги сўзни эшитган бўларкан. Боланинг мактаб ёшигача бўлган даврда ота-онаси билан китоб ўқиши, уни мактаб даврида қизиқувчанлиги ошишига олиб келади. Ёшлигидан китоб ўқишга одатланган болада тил нуқсонлари, гапиришда қийинчиликлар бўлиши кам учрайди. Мактабгача ёшдаги болаларга ота-она китоб ўқиб берса, китобга бўлган қизиқиш юқори даражада бўлади. Кейинчалик ушбу кўрсаткич тушиб кетиши мумкин. Бунинг сабаби, бола билан ота-она бирга мутолаа қилмаслигида экан.

Муқаддас хазина
Эсимда болалигимда бувижонимнинг уйида каттакон китоб жавони бўларди. Унда турли ҳажмдаги адабиётлар жамланганди. Ҳар гал борганимизда бувим бобомнинг бу дурдоналарни мисқоллаб йиққанини, у пайтлар китоблар жуда қиммат бўлиб, ҳамманинг ҳам сотиб олишга қурби етмаганини, ушбу асарлар бобомдан қолган муқаддас хазина эканлигини таъкидларди.
Бир куни бувимникига барча қариндош-уруғ йиғиладиган бўлди. Меҳмонлар келишига тараддудланаётган келнойим мени ёрдамлашгани чақирди. Биз келадиганлар учун жойларни хозирладик. Хонтахталарни бирлаштириб чиқаётганимизда, биттасининг “оёғи” калталик қилаверди. Шунда келнойим, жавондаги китоблардан тўрттасини олиб хонтахта тагига қўйди. Хайрон қолдим. Шу пайтгача мен китобни фақат ўқиш, билим олиш учун яратилган манбаа деб билардим-да. Меҳмонларни кузатдик. Ҳамма хурсанд. Негадир бувижонимнинг авзойи менга ёқмади. Кун бўйи хомуш бўлиб юрдилар. Шу пайт ярқ этиб хаёлимга хонтахта остига қўйилган китоблар келди. Бувим шуни кўриб хафа бўлган экан-да. Ўша куни бувим ҳеч ким билан гаплашмади. Жавонхонадан чиқмади. Бу китоблар бувим учун қанчалик қадрли эканини, ўшанда тушунгандим.

Ҳар куни минглаб китоблар босмадан чиқади. Сўнгги йилларда уларнинг энг кам қисмини ҳам ўқишга улгурмаяпмиз, баъзида эса умуман китоб ўқишни унутиб қўямоқдамиз. Китоб ўқишнинг пасайиб кетиши нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам кўп кузатилмоқда. Бу асосан, ривожланган давлатларда яққол кўзга ташланмоқда. Буюк Британия, Америка Қўшма Штатлари ҳамда Россияда сўнгги йилларда китобга бўлган қизиқиш сусайиб бормоқда. YUNESKO берган маълумотларга кўра энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлар орасида Ҳиндистон, Таиланд, Миср давлатлари юқори ўрин олган. Хусусан, ҳиндистонликлар китоб ўқишга ҳафтада 10,7 соат, таиландликлар, 9,4 соат вақт ажратишар экан. Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон ёки Таиландда Буюк Британия, Япония, Франция каби давлатлардагидек юқори сифатли техник воситалар, мутолаа учун турли қулайликлар, минглаб кутубхоналар мавжуд эмас.

Китобхонликда айниқса, уй кутубхонасининг ўрни беқиёс. Тўғри, бу масканни ташкил этиш осон бўлмайди. Бунинг учун йиллар давомида турли мазмундаги китобларни тўплаб бориш керак. У безак ёки дабдабага эмас, маънавий баркамолликка хизмат қилиши лозим. Жавонингизда бадиий адабиётлар билан бирга болалар тарбиясига оид, пазандалик, боғбонлик, гулчилик, тикувчиликка оид китоблар, қомусий адабиётлар бўлса фарзандингиз улардан истаган вақтда фойдаланиши мумкин. Уй кутубхонасининг яна муҳим жиҳати шундаки, у келажак авлод учун катта маънавий мерос бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир аёл, ҳар бир она уй-рўзғор ишига ўралашиб қолмай, кунига ҳеч бўлмаса, ярим соат вақтини фарзанди билан мутолаага сарфласа, келажакда албатта бунинг ижобий самарасини кўради. Шундай экан фарзандларимизга китоб ўқиб берайлик! Зеро келажакда ҳар бир бола ота-онасидан миннатдор бўлиб яшасин.

Зарнигор АБДУВОҲИДОВА, журналист


Мавзуга оид