Минбар 354 15.04.2019 13:35:16

“Километрлараро” оралиқдаги чиқинди қутилари

“Километрлараро” оралиқдаги чиқинди қутилари

Швейцариядаги шаҳарлар инновацион роботлаштирилган дастур ёрдамида тозаланади. Берлин шаҳрида эса ер ости бўйлаб чиқинди саралайдиган механизм узлуксиз ишлайди. Бизда-чи? Ҳалигача пойтахтимиз кўчаларида чиқинди “урна”лари камлиги ҳақида гапириб ўтирамиз. Ғалати-а, шундай эмасми? Ҳа, токи муаммо бор экан, у ҳақда ёзаверамиз...

Кўп қаватли уйда яшаймиз. Атрофимизда тўртта “дом”, футбол стадиони ва яна бир нечта хизмат кўрсатиш объекти бор. Ҳар куни фарзандим болалар майдончасида ўйнайди. Бу ерда иккита чиқинди қутиси бўлса-да, биттаси яроқсиз. Иккичисидан эса чиқинди тўлиб-тошиб ётади. Ярмидан кўпи ер билан битта бўлиб ёйилиб кетган. Музқаймоқ, шоколад ва яна аллақандай енгил қоғозлар бир учиб, бир тушади. Атрофда шу иккита дуруст урнадан бошқа ҳеч вақо йўқ.

Аслида, қоидага кўра, пиёдалар серқатнов кўчаларда ҳар чиқинди тўплаш шохобчалари турар жой биноларининг деразалари, болалар муассасалари майдонларининг чегараси, дам олиш жойларидан 20 метрдан кам бўлмаган ва 100 метрдан узоқ бўлмаган масофада жойлаштириш керак. Лекин амалда-чи?

Магистрал йўлларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Роса ачинарли тус олган. Кузатиб кетсангиз, йўл ёқаларида чиқинди уюмлари, ҳатто, дарахт шохларида (шамолда кўтарилиб илиниб қолган) салафан пакетлар, “савлат тўкиб туради”. Тўғри, машинадан чиқинди улоқтирганга жарима белгиланган. Бундай маъмурий қоидабузарликни суратга олиб, тегишли жойга жўнатганга мукофот бор. Бир ҳисобда шундай бўлгани яхши. Лекин чиқинди ташлашга махсус жой бўлмагани учун ким айбдор? Уни ўрнатмаганга ҳам чора кўриладими?

Мана, чекка-чекка қишлоқларда аҳоли чиқиндини ҳали-ҳануз тупроққа кўмади. Энди ўйланг, бунақада тупроқда сифат ва унумдорлик қоладими? Хуллас, саволлар талайгина. Яна бир гап: аксарият кўчаларда, хиёбонларда, йўлакларда, савдо шохобчалари ёнида чиқинди контейнерлари етишмайди. Улар сони жуда кам. Айримлари эса сифатсиз ёки талабга жавоб бермайди.

Дарвоқе, бетон урналар ҳақида. Назаримда, улардан мутлақо воз кечиш керак. Сабаби, уларни бўшатиш ноқулай, ҳам усти очиқ. Ёмғир-қор ёғса, ичи сувга тўлиб, чиқинди сочилиб кетади. Устига-устак, қайта ишлов берилиши керак бўлган баъзи чиқиндилар яроқсиз ҳолга келади...
Мақоламизни Европа давлатларидаги ҳолат билан бежиз бошламадик. Гап шундаки, Швейцария дунёдаги энг тоза шаҳарлардан бири. Пойтахти Берн шаҳрида кунига 1300 та контейнерга жойланадиган тахминан 8,5 минг тонна чиқинди 10 маротаба бўшатиб турилади. Таққослаш учун, Тошкент шаҳрида кунига ўртача 2200 тонна чиқинди тўпланади.

Швейцариядаги ўқув муассасаларининг бирида тозаликни сақлашга ёрдам берадиган хотирасида 40 турдаги икки сантиметргача чиқиндини ўрганиш дастурига эга ноутбукка уланган видеокамера мавжуд. Уни шаҳар чиқинди йиғиш машинасига, велосипедда ёки бошқа паст тезликда ишлайдиган воситага ўрнатиш мумкин. Ускуна шаҳар атроф-муҳит ҳолати тўғрисида маълумот тўплаш, чиқинди қидиришда кўча қопламини сониясига икки квадрат метр тезликда кўришга қодир. Ҳақиқий инновацион лойиҳа.
  
Германия ҳақида ҳам қисқача. Берлин марказидаги Постдам майдонини эшитган бўлсангиз керак. Бир пайтлар бу ерда Берлин девори бўлган. Бугунги кунда у тижорат ҳамда транспорт воситалари зич ҳаракатланувчи марказга айланган. Майдонга кунига 100 мингдан ортиқ киши келиб, 8 тоннага яқин чиқинди қолдиради. Одамларнинг ҳеч бири ўзлари турган майдон остида 15 метр чуқурликда тармоқланиб кетган туннел тизими борлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Бу ерга шаҳарнинг барча кафе, ресторан, магазинларидан чиқадиган чиқиндилар жамланади. Иш даставвал, рўйхатга олишдан бошланади, сўнг гуруҳларга ажратилади. Мақсад – чиқинлардан имкон борича қимматли материалларни ажратиб олиш. Ахир, бу бизнес, катта даромад манбаи.

Махсус хизматчилар чиқиндилардан 100 грамм аниқликкача қоғоз, пластик ҳамда маҳсулот қолдиқларини ажратади. Бу — шаҳар чиқиндиларни қайта қўллаш яъни “Urban mining” деб юритилади. Шаҳарнинг қимматбаҳо материал изловчилари Берлиннинг 3,5 миллион аҳолиси ташлаётган маиший чиқиндиларни мунтазам ўрганади. Мазкур тизим немис саноатида стратегик аҳамиятга эга. Жаҳон нефтига оид прогнозлар ўзгариб турса-да, бир нарса аниқ: нефть захиралари камайиб боряпти. Устига-устак, пластик буюмлар ёнувчан моддалардан олиняти. Демак, нефть тақчиллиги бора-бора пластик инқирозига олиб келади.

Шаҳар чиқиндиларининг қайта ишланиши эса хавфсиз омил. Бу тизимга янги замонавий технологиялар жорий этилган: чиқиндиларни саралашда металлни ўзига тортувчи магнит қўлланмоқда. Германияда темирнинг ярми чиқиндилардан олинади. Бундан ташқари, махсус қурилманинг вазифаси — пакет ҳамда фольгаларни ўзига тортиб олишдан иборат. Инфрақизил сканер нурлари эса керакли пластик турини саралайди. Энг қизиғи, улар 96 фоиз аниқликда ишлайди. Турларга ажратилган чиқиндилар прессланган кубик шаклида туннелни тарк этади. Айтганча, улар жаҳон бозорида энг харидоргир экани сир эмас. Шу орқали немис саноати йилига чет эл хомашёсига йўналтириладиган 12 миллиард еврони тежайди.
Ҳа, гапирса гап кўп. Шундай экан, юртимизда шу каби технологияларни татбиқ этиш фурсати аллақачон етган. Инновацион ривожланиш вазирлиги олдида қатор-қатор масала-вазифалар турибди. Улар ечими устида жиддий бош қотиришни бугундан бошлаш шарт.

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда ҳам чиқиндиларни саралайдиган жойларни кўпайтириш учун илк қадам ташланган эди. Фақат бу қадамнинг излари ҳозирча тўлиқ кўринмаяпти. Чунки ҳануз чиқинди ташлаш пунктларида бир хил контейнерлар хизмат қилмоқда. Ҳамон кўчаларимизда урналар етишмайди. Бундан чиқадиган хулоса эса оддий: одамлардан тозаликка риоя этишни талаб қилиш — кир жойда ободлик ҳақида маъруза қилиш билан тенгдир.

Наргиза Юнусова
Human.uz сайти журналисти


экология тозалик