Минбар 192 04.10.2019 15:11:32

Суғурта хизмати бизга нима беради?

Суғурта хизмати бизга нима беради?

Кўча-куй, таниш-билишлар ёки оммавий ахборот воситалари (масалан, “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатуви) орқали кимдирнинг бошига фалокат тушгани аҳён-аҳёнда қулоққа чалинади. Биров касодга учраган, ногирон бўлган, табиий офатдан зарар кўрган ёки кўнгилсиз ҳодиса оқибатида вафот этганлиги кундалик хабарлар сирасига киради. Унинг оқибатида юзага келган ижтимоий муаммолар, айниқса зарарни қоплашнинг молиявий томони билан боғлиқ қийинчиликлар бугун жамиятимиздаги муҳим масалалардир.

Умуман, инсон ҳаёти хатарларга тўла. Бу ҳамма замонларда турли кўринишда бўлган. Ҳаётда мана шу хатарлар билан ҳисоблашмас эканмиз, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолмаслигимизга ҳеч қандай кафолат йўқ демак. Масалан, касодга учраб йўлини тополмай юрган тадбиркор, бахтсиз ҳодиса туфайли ўта камтарона турмуш шароитида яшаётган ногиронлиги бўлган шахслар, кредитга олинган машина билан йўл транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчи ёки табиий офат оқибатида уй-жойи, дўконидан айрилган фуқаролар ҳақида эшитамиз, биламиз. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам вазиятдан чиқишда оғир аҳволда қолмайди. 

Молиявий хизматлар ичида энг оммалашгани ва ишончлиси суғурта ҳисобланади. Ғарбий Европа ва ривожланган мамлакатларда одамлар суғурта хизматларидан кенг фойдаланади. Боиси, суғурта соғлиқ, бизнес ва мулкингизни турли хатардан ҳимоялашнинг ҳамда зарарни камайтиришнинг муҳум омилидир. Тарихдан ота-боболаримиз келажакдаги кўнгилсиз ҳолатларни ҳисобини олиб, бир ишга киришган бўлсада, айни кунда суғурта хизматларига аҳолининг қизиқиши талаб даражасида эмас. Буни кўпчилик суғурта ташкилотларига ишончсизлик билан боғлайди.   

Бироқ фактлар суғурта хизматларига ишонмаслик учун асос йўқлигини кўрсатади. Мисол учун, шу йили Ангрен кўмир саноати касб-ҳунар коллежи директор ўринбосари С.А.А йўл транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган эди. “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан бу бўйича қарийб 379 миллион сўм суғурта товони тўлаб берилди. Мазкур тўлов “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” шартномасига кўра амалга оширилди. Ушбу маблағдан оила аъзолари ва унинг қарамоғида бўлган шахслар фойдаланиши мумкин бўлади.     

Бундан ташқари, Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро Ибадуллаева Сурайё Садуллаевнанинг яшаш уйида ёнғин келиб чиқди. Оқибатда унинг мол-мулкига 16 миллион сўмдан ортиқ етказилган зарар Жамиятимиз томонидан қопланди.   

Яна бир мисол, Қорақалпоғистон Республикаси, Хужайли туманидан фуқаро Сидиков Музаффар Жанабаевичга “Ипотека кредитларини комплекс суғурта қилиш” шартномасига кўра яшаш уйининг табиий офат натижасида зарарланган қисми ҳисобланиб, унга қарийб 19 миллион сўм тўлаб берилди.   

Шунингдек, Самарқанд вилояти, Пастдарғон тумани, Зангибой маҳалласида истиқомат қилувчи Гадаев Акмал Абдукахорович ҳам “Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш” полисига кўра олган тан жарохати бўйича деярли 19 миллион сўмлик суғурта товони тўланди. 

Юқоридаги каби мисолларни узоқ келтириш мукин. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қарийб 10,5 минг нафар жисмоний ва юридик шахслар билан суғурта ҳодисаси содир бўлди. Бу бўйича “Ўзагросуғурта” Акциядорлик Жамияти томонидан 30 миллиард 295 миллион сўмдан ортиқ суғурта товонлари тўланди. 

Афсуски, Ўзбекистонда суғурта хизматларидан фойдаланиш ҳажми мақташга арзигулик эмас. Гўёки, ижтимоий ҳаётдаги турли хатарлар бизни четлаб ўтиши кафолатлангандек осонгина уйга келган суғурта агентларига эшик қаердалиги кўрсатиб қўямиз. Демак, аҳоли ўртасида суғурта маданияти сустлигининг сабаби ишончсизлик эмас, балки ушбу молиявий хизмат бўйича билимлар етарли эмаслиги ҳисоболанади. Яъни одамларда суғурта, унинг шартлари, шартнома тузиш тартиби тўғрисида бирламчи тасаввурлар ҳам етарли даражада эмаслиги турли тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. 

Хулоса шуки, суғурта бу хотиржамлик гарови. Зеро, ҳар қандай ишончли дўст ҳам бошга ташвиш тушганда синалади. Дўст панд бериши мумкин, лекин суғурта ташкилоти оғир вазиятларда бировнинг қўлига қараб қолмаслигингизга аниқ кафолат беради. Суғурта бировга муаммо билан мурожаат қилмасликка, муаммоларингизни ўзингиз ҳал қилишингизга ўргатади. Шундай экан, сиз бошқалар билан дўстлик ва бошқа оилавий муносабатларингиз барқарор бўлишида суғурта хизматлари ҳақида кўпроқ билиш мақсадга мувофиқ.

“Ўзагросуғурта” АЖ Ахборот хизмати


Мавзуга оид