Минбар 196 29.09.2019 13:31:00

Қурилишга яраша бурилиш бўлсин

Қурилишга яраша бурилиш бўлсин

Ғурурланиш теран фикрли, ўткир нигоҳли ёшларни кўрганда, истиқболга ишонч билан назар ташлаганда ўз моҳиятини намоён этиши аниқ. Оилада ота-она ўз фарзандининг камолини, ютуқларини кўриб қанчалик қувонишини тасаввур этиш қийин эмас. Давлат раҳбарининг юрт келажаги, эртанги куннинг таянчи бўлган билимли, салоҳиятли ёшларни кўриб ўн карра шод бўлмаслиги, асло мумкин эмас. Шунинг учун ҳам келажак бунёдкори бўлган ёшларни ҳар томонлама мукаммал бўлиб улғайиши учун барча шароитларни яратишни қалб амри деб билган президентимиз таълим соҳасида инқилобий эврилишларни амалга ошираётгани сир эмас.

Ушбу ҳаракатнинг самараларидан бири Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг очилиши бўлди десак, муболаға бўлмайди. Ғурур ва ифтихор аслида, ишончдан туғилади. Президентнинг фахрланиш туйғусида ҳам ана шу ҳақиқат бор. "Энди чет элдан нуфузли меҳмонлар келса, катта-катта заводларни эмас, Президент мактабларини кўрсатамиз." Давлат раҳбарининг ушбу ўгити қатъий ишонч ва мақсаднинг аниқлигидан нишондир.

Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сонли Фармонларига асосан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб юртимизда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоқлари борасидаги мулоҳазалари ҳам ана шу мақсадга қаратилган.

Ҳамма нарса кадрларга, уларнинг савиясига, тажрибасига боғлиқ экан, таълимнинг сифати ва самараси масаласи яна кун тартибига чиқаверади. Бусиз жамиятимизнинг келажагини тасаввур қилиш қийин. Болаларимизни ёшлигидан дунёқараши кенг, мушоҳадакор, ўз фикрини эмин-эркин баён қила оладиган, интеллектуал салоҳияти кучли қилиб вояга етказиш давлатимизнинг истиқболи учун қайғуриш демакдир. Бу борада мамлакатимизда ташкил этилаётган Президент мактабларининг янги авлод кадрларини тарбиялашда роли беқиёс. Чунки бу ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Шундай мактабларнинг биринчиси пойтахтимизда фойдаланишга топширилди. Оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида келтирилган маълумотларга кўра, 168 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси юксак даражада бунёд этилди. Жорий йилда мактабнинг 5-10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинди. Канаданинг “Teachaway” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келингани таълимнинг ривожи ва самарасига ижобий таъсир этиши тайин.

Отанинг ўз фарзандларига умид ва ишонч билан қараши уларнинг қобилиятларини ич-ичидан тан олиши билан боғлиқ. Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига ишонч билдирган давлат раҳбари болаларга қараб "Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди”сизлар, келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган куч бўласизлар", - дея мурожаат қилди.

Хориждан келган педагоглар катта куч ва етук билим хазинаси. Болаларимиз чет тилларни ўрганиши хорижга чиқиш, замонавий билимларга эга бўлиши эса мамлакатимизнинг тараққиётига хизмат қилиши муқаррар. Истайлик-истамайлик, ҳар бир хорижий тилни ўргатиш жараёнида унинг остида ана шу халққа мансуб бўлган қараш ва одатлар ҳам сингиб бориши аниқ. У ижобий ёхуд салбий маънода бўлишидан қатъий назар халқимизнинг ўзлиги, менталитетини сақлаб қолиш ҳар қачонгидан муҳимдир. Чунки ҳаракатларимиз замирида ўз халқимиз дунёқарашининг ўсиши, мамлакатимизни энг ривожланган давлатлар сафида кўриш иштиёқи бор. Бу хайрли ҳаракатга борадиган йўл эса фақат ёшларга бериладиган таълим-тарбиянинг сифати ва самарасига боғлиқ. Ўз соҳасининг, касбининг фидойи ва малакали мутахассисларининг тажрибасигина бунга йўл очади. Бу эса маърифатпарварлик замиридаги ватанпарварликдан келиб чиқади. Ватанпарварлик миллий-маънавий қадриятларга садоқат руҳи, аждодлар ўгити, замонавий билимлар, компьютер технологиялари орқали уларни янада тараққий эттириш шижоати билан белгиланади. Президент бу борадаги қувончни ҳам, қайсидир маънодаги "ҳадик"ни ҳам сезган ҳолда огоҳлантиришлари табиий. "Мактаб ўқувчилари замонавий билимларни ўзлаштириш билан бирга миллий ўзлигимизни чуқур англаши, тарихимиз ва она тилимизни мукаммал билиши шарт"лигини алоҳида таъкидладилар. Чунки маънавий озиқ ва тарбия ўзлик дарахтининг теран томирларидан куч олади.

Давлатимиз раҳбари педагоглар билан, хорижлик етук ва малакали мутахассислар билан мулоқотда бўлганларида, "Юрагимдаги гапимни билишларингизни хоҳлайман: мен сизларга энг катта бойлигимни ишониб топширяпман. Болаларимизнинг кўзини, билимини, ғурур-ифтихорини кўриб, йўлимиз тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим. Ислоҳотларимизга, фарзандларимиз тарбиясига елкадош бўлганингиз учун сизларга миннатдорлик билдираман," - дея мурожаат қилганларида ҳам юқоридаги мулоҳазаларнинг тасдиғини сезиш қийин эмас. Ўз фарзандининг эртаси, таълими ва тарбияси учун куюнган меҳридарё отагина шундай дея олади, умид ва ишонч билан қарайди. Ишончни суистеъмол қилмаслик, омонатга хиёнат этмаслик дўстлик кўпригининг мустаҳкамлигига, ўзаро ҳамкорликнинг бардавом бўлишига замин ҳозирлайди. Жуда катта билимга эга бўлиш, замонавий компьютер технологияларини эгаллаш, бир нечта хорижий тилларни ўзлаштириш таълим самараси ва натижадорлигининг бир томони холос. Ўз билимини, маърифатини ўқувчи қалбу онгига сингдириш механизми алоҳида масала. Уйингизда катта от кучига эга автомобилингиз бўлсаю, сиз уни ҳайдамасангиз, у сизнинг узоғингизни яқин этишга хизмат қилмаса, у оддий темир-терсакдан бошқа нарса эмас. Ана шунинг учун ҳам хорижлик таълим мутахассисларининг аксарияти педагогнинг коммуникатив компетенциясини, аниқроғи, риторик маҳоратни обдон эгаллашган. Биз улардан ана шу жиҳатни ўрганишимиз ҳамда тўла-тўкис ўзлаштиришимиз шарт. Таълимнинг сифати ва самарасини усиз тасаввур этиш қийин. Кўпкарида чапдаст, абжир, чаққон чавандознинг, теша ва болтаси билан ёғочдан санъат асари ярата оладиган уқувли дурадгорнинг, масаллиқлар келтириб тансиқ ва тотли таом тайёрлай оладиган таббох, яъни ошпазнинг, тошларни йўниб бадиият намунасини кўз олдимизда жонлантира оладиган ҳайкалтарошнинг, мой бўёқлар билан гўзал картиналар ярата оладиган мусаввирнинг маҳорати таҳсинга, хизмати қадрланишга лойиқ. Демак, педагогнинг нутқий маҳорати ҳам муҳим. Зероки, олдин такрорлаб ўтганимиздек, таълимнинг калити нутқ, тарбияники эса хулқ, мулоқот нутқ билан, муомала хулқ билан

Шундай экан, билимли, уқувли, сўзи "юқумли" педагоггина ўқувчини эргаштиради ва қизиқтира олади. Бу эса фақатгина педагогнинг герменевтик қобилияти ва риторик маҳорати билан белгиланади.

Ўқувчиларнинг ота-оналари ва илм-фан намояндалари ҳам Президентимиз сингари ўз фарзандларининг иқболини юрт истиқболи билан боғлиқ ҳолда тасаввур эта уриб, Ўзбекистонда бошланган ушбу инқилобий эврилишни учинчи ренессанс даври бошланди дея мамнуният билан таъкидлаганлари бежиз эмас. Бундай йўсиндаги Президент мактаблари шу йилнинг ўзидаёқ, Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилиши борасидаги хушхабар барчани жонлантиргани, руҳлантиргани аниқ. Худди шунингдек, 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши белгилангани барча истиқболли режаларимиз, мақсад ва интилишларимиз жамиятнинг кучи, асоси ва пойдевори таълимга боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Президентимиз куни кеча Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида самимий дил изҳорларини айта туриб, "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган ғояни амалга оширишга даъват қилганларида ҳам таълимнинг таянч нуқтаси ва пойдевори бўлган ўқитувчиларнинг жамиятдаги ижтимой нуфузини янада кўтаришга эътибор қаратганлари рост. Шунингдек, табрик нутқларида маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг",- деган сўзларини келтириб ўтганлари ҳам бежиз эмас.

Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шароитлар, қурилаётган иншоотлар, ёшларимизнинг кенг ва чуқур таълим олишлари учун берилаётган имтиёз ва имкониятлар, бунёдкорлик йўсинидаги барча ҳаракатлар мақбул. Эндиликда эса шунга яраша бўлиш ва иш тутиш мақсадга мувофиқ. Буларнинг барчаси интеллектуал салоҳиятли фарзандларимизнинг эл-юрт корига ярайдиган, тажрибали мутахассис бўлиб етишишлари учун интилиш демакдир. Бу эса ёшларимизда масъулият ва мажбурият, англаш ва ҳис этиш туйғусини ўстиришга қаратилиши арур. Немис мутафаккири Ёҳан Гёте айтганидай, "Қаёққа бораётганингни билмасанг, узоққа бора олмайсан". Бизда эса мақсад аниқ, бу бешта йўналишли "Ҳаракатлар стратегияси", Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус ижроси ва 2030 йилгача бўлган таълим тизимини ривожлантириш концепциясини оғишмай амалга оширишдир.

Навоий ҳазратларининг ушбу ҳикматини бот-бот эслаб турамиз. "Ҳар ишники қилмиш одамизод, Тафаккур бирла билмиш одамизод". Демак, гап онгу шуур, тафаккур оламининг кенгайишида. Биз фарзандларимиз эҳтиёжи учун кўп нарсаларни муҳайё қилишимиз мумкин, иншоотлар барпо этиб уларни хурсанд қилишимиз ҳам мумкин. Уларда англаш, ҳис этишдан иборат онгу шуур ва тафаккур механизмини тўла шакллантириш зарурий ижтимоий ҳодиса. Уларда кенг мушоҳада, юқори даражадаги дунёқараш, теран мушоҳада юритиш ва ўз мулоҳазаларини эркин айта олиш ҳамда ҳимоя қилишдек риторик маҳоратни шакллантириш давр талаби. Демак, ёшларимиз онгида, тафаккур дунёсида бурилиш ясай олмай туриб, олий мақсадларнинг рўёбини кўриш мушкул ишдир. Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш керакки, онгу тафаккурда қурилишга яраша бурилиш бўлиши шарт.

               Раҳимбой Жуманиёзов, Тошкент Ирригация ва

қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари

институтининг Матбуот хизмати раҳбари,

"Маърифат" тарғиботчилари жамияти аъзоси


Мавзуга оид