Минбар 412 25.09.2019 10:04:22

Фақатгина аччиқ-аччиқ йиғлар эди...

Фақатгина аччиқ-аччиқ йиғлар эди...

Кеча саноат хавфсизлиги дарси бўлаётган бинода бир кўнглимни хира қилган воқеа гувоҳи бўлдим. Навоий кўчасида жойлашган бу эски бино зиналари расмдагидек экан.

Дарсдан қайтишда ўқишга ҳасса билан келаётган имконияти чекланган қиз шу зина ёнида хўнг-хўнг йиғлаётган вақтга келиб қолдик. Мендан бироз олдин келганлар у қизга ёрдам беришни айтишаётган эди, аммо на рад жавобини, на розилигини билдирмасди. Фақатгина аччиқ-аччиқ йиғлар эди. Қиз нега йиғлаятгани тушунарсиз эди. Тушунганимиз у зинадан тушаолмаётгани учун йиғларди, аммо зоҳирий сабаби бошқа эди...

Балки, бу ногирон қиз бино мутасаддилари оддийгина зина бўйлаб ушлаб чиқишни ташкил қилишга бефарқлигига ачиниб йиғлаётгандир...

Балки, бу ногирон қиз хаётда ўз ўрнини топишга харакат қилган сари қийинчиликларга учраётганига ўксиниб йиғлаётгандир...

Балки, бу ногирон қиз шу холатга тушиб қолганидан, сабабларини билгани, аммо қўлидан хеч нарса келмагани учун кўнгли тўлиб йиғлаётгандир...

Балки, бу ногирон қиз чет элда имконияти чекланганлар учун тротуарда махсус йўлаклар, гапирувчи светофорлар, эски биноларда алоҳида лифтлар, йўлак четидан асосий йўлга тушувчи махсус қулай жойлар каби қулайликлар яратиш бизда армон бўлишини ўйлаб умидсизларча йиғлаётгандир...

Балки, бу ногирон қиз агар аравачада келса бу бинонинг учинчи қаватига умуман чиқаолмаслиги ёки чиқиш учун шундай жой бўлса-ю, аммо ҳеч қаерда кўрсаткичлар йўқлигидан қайтиб кетишини тушунгани учун иложсизликдан йиғлаётгандир...

Балки, бу ногирон қиз 60-70 олдин қурилган бу бинога шу йиллар давомида келганлар эътибор бермагани, рахбариятга кириб айтаолмагани ёки ҳеч бўлмаса ижтимоий тармоқларда ёзмагани учун хафа бўлиб йиғлаётгандир... Балки, балки...

Аммо тушунганим, бу қиз ҳаммаси учун йиғлаётган эди... Бошқалар шу ҳолатга тушмаслигини ич-ичидан тилаб йиғлаётган эди...

Бахтиёр Ғозиев


Мавзуга оид