Минбар 195 17.09.2019 11:10:34

Туркий кенгаш доирасидаги ҳамкорликдан қандай манфаат бор?

Туркий кенгаш доирасидаги ҳамкорликдан қандай манфаат бор?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2009 йилнинг 3 октябрь куни имзоланган «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Мазкур Қонун ўтган ҳафта ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида тасдиқланган эди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
2009 йилнинг 3 октябрида Озарбойжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан иборат тўрт давлат иштирокида Туркийзабон давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши тузилгани эълон қилинган бўлиб, унинг фаолияти принциплари 2016 йил 16 сентябрдаги Истамбул декларациясида эълон қилинган. Биринчи босқичда Турк Кенгашига Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлиб кирган. Венгрия ташкилотда кузатувчи мамлакат саналади.

Ушбу келишувдан кейин туркий тилли давлатлар манфаатини бирлаштирувчи жиддий ташкилот пайдо бўлди. Энди бу халқаро ташкилотга айланди. Дастлаб, 1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. Кенгашни ташкил этиш ташаббускори Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳисобланади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити 2010 йилдан бошлаб 2015 йилгача ҳар йили ўтказилиб келинган. 2015 йилда саммитни ўтказиш навбати Қирғизистонга келган эди. Бироқ бу даврга келиб Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларни совуқлаштиргани ортидан бу саммит ўтказилмай қолинган эди.

Эътироф этиш керак, ташкилотнинг ўз котибияти ва ҳамкорликка оид керакли ҳужжатлари бор. Ушбу кенгаш сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, мадания ва спортга оид барча масалада ҳамкорлик қилишни назарда тутади. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Бокудаги Парламент ассамблеяси, Нур-Султонда Турк академияси, Анқарада турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган. Турк кенгаши яқинда Будапештда ўз ваколатхонасини очишни режалаштираяпти. 2019 йилнинг май ойида эса қўшма турк савдо-саноат палатаси таъсис этилди. Яқин вақтларда Турк инвестиция форуми ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2018 йилнинг 29-30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиш ва сентябрь ойида Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўтадиган навбатдаги саммитда иштирок этишни таклиф қилган эди. 2018 йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда президент Шавкат Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистон номидан фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти 2018 йилгача Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

Ўзбекистон раҳбари саммитда сўзлаган нутқида халқларнинг ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди. “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Президентининг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгарди, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон президентлари билан учрашув ва мулоқотлари самарасида турли соҳалардаги ҳамкорлик янада ривожланди. Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошди.

Ўзбекистон президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Булар, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтиришдан иборат. Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласи ҳам манфаатларимизга мос келади. Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳам энг зарур йўналишлардан. Туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамлиги ҳам халқларни янада яқинлаштиришини таъкидлаш ўринли. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон президентининг Чўлпонотадаги учрашувда қадимий Хивани ташкилот пойтахтига айлантириш таклифи эътиборга молик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қараётганидан далолат беради.

“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, - деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Қирғизистоннинг 2017 йил кузида сайланган президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Туркий тилли давлатлар саммитини 2018 йилнинг 3 сентябрида ўтказиш тўғрисидаги фармонни 21 июнь куни имзолаган. Мазкур саммитнинг ўтказилиши ўшанда Қирғизистон учун Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларнинг яхшиланаётганни англатган эди.

Қолаверса, ўшанда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштирок этиш ниятини юқори баҳолаган эди. Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, бу қадам Туркий кенгашнинг кенгайиши ва унинг халқаро майдондаги нуфузининг ошиши учун яхши шароит яратади, ташкилотга янги нафас беради ҳамда кўплаб янгиланишлар манбаига айланади. У мазкур саммит туркий тилли давлатларнинг кўп асрлик дўстлигини янада юқори босқичга кўтаришига ва унинг тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилиши Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишининг тезроқ бошланишига туртки бўлади.

Бошқа аъзо давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши (Турк кенгаши) га аъзо бўлиб киришини қўллаб-қувватлади. Улар қаторида Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон давлатлари бор. Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг 2019 йил 14 сентябрга тўғри келган Нахичеван келишуви ратификациясининг якунлаши туркий тилли давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим воқеа бўлганини эътироф этди. “Ўзбекистон Республикасининг Турк Кенгашида ўзини тақдим этиш қарори бизнинг кўп асрлик чуқур илдизларга асосланган маданий ва тарихий қардошлигимизни янада ривожлантириш, замон талабларига мувофиқ туркий тилли давлатлар манфаати, фаровонлиги нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига қўшилиши ҳақидаги тарихий қарорнинг Нахичеван келишуви имзоланишининг 10 йиллик санасига тўғри келишида Озарбайжон Республикаси учун алоҳида рамзий маъно бор. Шу йилнинг 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтадиган Турк Кенгашининг 7-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги қардош Ўзбекистон делегациясини қарши олиш кўнгилли хушхабар ва улкан шарафдир», - дейилади Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Абдували Сойибназаров
Human.uz колумнисти


Мавзуга оид