Минбар 264 12.09.2019 14:51:25

Бепарволик инсониятга қимматга тушмасин

Бепарволик инсониятга қимматга тушмасин

Озон қатлами ва унинг емирилиши. Бу мавзуда сўз юритишдан аввал Куррайи заминнинг ўзида кечаётган экологик ўзгаришлар хусусида тўхталиш жоиз. Сабаби: табиат ва озон қатлами бир-бири билан узвий боғлиқ. Табиатда юз бераётган иқлим ўзгаришлари, чиқинди тоғлари, озиқ-овқат танқислиги — буларнинг бари, афсуски, инсониятга жуда қимматга тушиши башорат қилинмоқда. Сўнгги фактлар асосида қуйидаги таҳлиллар билан танишинг.

Биргина ўтган йилнинг ўзида ер юзидаги 62 миллион фуқароси у ёки бу даражада фавқулодда об-ҳаво шароитидан азият чеккан. Уларнинг аксарияти сув тошқинларидан жабрланган. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антонио Гутерриш Бош Ассамблея раиси Мария Фернанда Эспиноса билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилган.

Бутунжаҳон метеорология ташкилотига кўра, 17,7 миллион ички кўчишга мажбур бўлган инсонлардан 2 миллиони табиий офатлар, сув тошқинлари, қурғоқчилик каби ноқулайликлар сабабли уйларини тарк этган. Европа, Япония ва АҚШда кузатилган ўрмон ёнғинлари ва ҳаддан ортиқ жазирама ҳаво 1 минг 600 нафардан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган.

Кескин иқлим ҳодисалари очлик ва тўйиб овқатланмасликка қарши курашда ҳам жиддий тўсиқ бўлмоқда. 2017 йили етарли овқатланмайдиганлар сони 821 миллион кишига етган.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, Ер юзининг учдан бир қисми деградацияга учрамоқда. Ҳар йили 24 миллион тонна унумдор тупроқ бой берилади. Бу эса 1 миллиард аҳолининг фаровонлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳар йили инсоният 13 миллион гектардан ортиқ ўрмонлардан ажралади. Сувсизлик эса 3,6 миллиард ернинг чўлланишига сабаб бўлди. Чўлланиш ва қурғоқчилик — очлик ва қашшоқликка олиб келади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2030 йилга келиб глобал исиш туфайли меҳнат самарадорлиги пасаяди. Бу эса 80 миллион миқдордаги иш ўринларининг йўқолишига тенг деганидир. «Иссиқлик стресси» 2,4 триллион доллар иқтисодий зарар етқазади.

220 турга яқин денгиз жонзотлари пластик микробўлакларини ютиб юборади. Энг ёмони, ана шу денгиз организмларининг деярли яримини (қушлар, тошбақа-ю, сут эмизувчиларни инобатга олмаганда) инсонлар истеъмол қилади. Бу ҳақида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботида маълумот берилган. Пластик идишлар ва чиқиндиларнинг сувга ташланиши сабаб ҳар йили миллионлаб денгиз қушлари нобуд бўлмоқда.

Юқоридаги маълумотлар шунчаки тахминлар эмас. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинган баёнотлардан олинган. Шуниси аёнки, атроф-муҳит муҳофазасига доир тадқиқотларнинг аксари совуқ хулосалар билан якунланмоқда. Озон қатлами емирилиши ва туйнуклар ҳосил қилиши тўғрисида ҳам шу гап. Тўғри, маълум вақт ўтгач, ўзини-ўзи тиклаб олиши борасида асосли далиллар бор. Бироқ, инсониятнинг ўзи табиатга нисбатан муносабатни ўзгартирмас ва мувозанатни бузишдан тийилмас экан ҳар қандай ўзини қайта тиклаш механизми ҳам дош бера олмайди.

Хўш, Ўзбекистон аҳолиси озон қатлами ҳақида қанчалик маълумотга эга? Таҳририят одамларнинг фикрини ўрганиш мақсадида пойтахт кўчалари бўйлаб блиц-интервью ўтказди. Унда мактаб ўқувчиси ёшидаги болалар, ёш оналар, ўрта ёшлилар — хуллас аҳолининг турли қатламидан кам сонли бўлса-да, вакил қатнашди. Уларга «Озон қатлами ҳақида нималарни биласиз?», «Озон қатлами емирилишига нима сабаб бўлади?», «Сизнингча, озон қатламини емирилишини тўхтатиш мумкинми, мумкин бўлса қандай қилиб?» каби саволлар билан мурожаат қилинди. Лавҳада акс этганидек, озон қатлами хусусида аҳолининг маълумоти ҳаминқадар. Тўлиқроқ жавоб бераётганларнинг кўпи эса ёшлар. Умуман олганда, аҳолида бу хусусда тушунча бор. Бироқ етарли эмас.photo_2019-09-12_17-01-08.jpg

1996 йилда «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Қонуннинг 5 моддасига мувофиқ атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувига кирувчи ваколатли органлар қаторида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳам бор. Кейинги вақтларда мазкур қўмита ҳар бир воқеий ҳодисага ўз муносабатини билдиряпти. Масалан, дарахтлар кесилиши борасида ўтказган тезкор тадбирлари, жойларда ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш ва бартараф этиш, овлаш ман қилинган ҳайвонларга ўқ узган браконерларни топиб жазога тортиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари эътирофга лойиқ.

Аммо лавҳада акс этганидек, энг глобал экологик муаммолардан одамларнинг бехабарлиги, тушунчанинг умумийлиги қўмита учун огоҳлантирувчи белги бўлиши керак. Яна бир мисол, Қонуннинг 19 моддасида Озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талаблар қайд этилган: «Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар бундай моддалар ҳисобга олинишини ва улар озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминлашлари лозим». Бу борада корхоналар, ишлаб чиқариш объектлари мисолида ёки уларнинг атмосферага ҳар йили чиқазаётган заҳарли чиқиндилари, уни камайтиришдаги саъй-ҳаракатлари борасида ҳали бирорта кўрсатув, видеолавҳа ёки мақолага қўл урилмаган. Бор бўлса ҳам кенг жамоатчиликка етказилмаган. Демак, қўмита ОАВ билан янада узвий ҳамкорлик боғлаши керак. Қолаверса, аҳоли ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказиб, талаб ва таклифларини ўрганишнинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда муайян муддат оралиғида ҳисобот тақдим этса, ижобий натижа бериши аниқ. Шу орқали энг аввало, кишиларда табиатга нисбатан маданий муносабат чуқурлашади. Гарчи турли нуқталарда кимё заводларидан узлуксиз бурқсиб турган заҳарли моддалар олдида, кўкка учирилган ракеталардан қолган улкан массадаги газлар олдида табиатни асраб қолишдаги бу ҳаракат кўринмай кетса-да, ортга чекиниб бўлмайди. Муштарак мақсад сари қадам ташлаш вақти келди. Фурсатни бой бериш ва бепарволик башорат қилинганидек, инсониятга бундан-да қимматга тушмасин.

Наргиза ЮНУСОВА,
«Human.uz» ахборот портали мухбири


Мавзуга оид