Минбар 1826 30.08.2019 10:03:19

“Сирли рўйхат” ортидан журналистга таҳдид қилишди

“Сирли рўйхат” ортидан журналистга таҳдид қилишди

Сўнги вақтларда журналист ва блогерлар жамият фаолиятида нисбатан фаоллашгани сари уларнинг қонуний фаолият юритишини хуш кўрмайдиган, бошқача айтганда, сирлари фош бўлишини истамайдиган айрим мансабдор шахслар томонидан таҳдид ва босимлар ҳам учрамоқда.

Яқинда Андижон шаҳридаги мактабларда ишловчи “боши очиқ” аёлларнинг сирли рўйхати ҳақида ёзгандим. Тан олиш керак, бу рўйхат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳаттоки, Хотин-қизлар қўмитаси билан Халқ таълими вазирлиги унчалик ишонарли чиқмаган бўлса-да, рўйхат “ички ишлар идораларига номзод кадрлар резерви учун” керак бўлганлигини айтди.

Сўнги кунларда Андижонда юз берган ҳодисалар эса (ўйлайманки, гап нимада эканлигини тушундингиз) рўйхат, аслида нима учун керак бўлганлигига сигналдек туюлди менга. Қолаверса, айнан шу рўйхатнинг ортидан мен турли тазйиқ ва таҳдидларга учрамоқдаман.

13 август куни кеч соат бирларга яқин телефонимга + 998 93 062 95 25 рақамидан номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўзини таништирмасдан, бирор бир сабабсиз мени турли ёмон ва куракда турмайдиган сўзлр билан ҳақорат қилиб, ўлдириб юбориш билан тахдид қилди. Номаълум шахс ўз сўзларида менинг Андижон вилоятидаги мавжуд муаммоларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги шахсий сахифаларим орқали ёритаётганлигимни “ватанга ҳиёнат”га тенглаштирди (пастдаги суратларда кўринг).
photo_2019-08-30_00-24-02.jpg Чора кўришларини сўраб, Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат қилган эдим. Аризаларим айланиб-айланиб Наманган шаҳар ички ишлар идорасига бориб тушибди. Ўрганишяпти шекилли, ҳар ҳолда аҳён-аҳёнда қўнғироқ қилиб, у-буни сўраб туришипти. Энг қизиғи, таҳдид қилган одамнинг рақами аниқ. Уни топиш қийин бўлмаса керак, деган яхши фикрдаман. Ахир биз тош асрида яшамаяпмиз-ку, тўғрими?! Умид қиламанки, журналистик фаолиятимга тўсқинлик қилишга уринган ва ҳақоратлаган шахслар аниқланиб, қонун олдида жавоб беради.

Хуршид ДАЛИЕВ, журналист


Мавзуга оид