Минбар 1080 19.08.2019 12:57:12

Огоҳ бўлинг, ёлғончи «свайпчилар»

Огоҳ бўлинг, ёлғончи «свайпчилар»

Пулнинг қадрини пешона тери билан топган одам билади. Хоҳ ойликка кун кўрсин, хоҳ тадбиркорлик қилсин, ўз меҳнати билан даромад топаётган ҳар бир киши пулни тежаб-тергаб сарфлайди. Негаки, бугун нарх-наволар кун сайин ортиб бораётган бир пайтда бирор сўм жамғариб қолишнинг ўзи бир муаммо.

Шундай вазиятларда бир рекламага кўз тушади: бирор ҳаракатсиз мўмай пул ишлаб топиш, фойда олиш таклифи. Табиийки, жимжимадор ўқилади. Ахир қўшимча даромад қилишни ким ҳам хоҳламайди?! Шошманг, бу қуп-қуруқ фирибгарликдан бошқа нарса эмас, турган битгани ёлғон бўлиши мумкин. Яна бу ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги ботлар, каналлар, схемалар ва пул тикиш орқали бўлса!

Аслида биз кўтарган мавзу ҳар бир интернет фойдаланувчисини сергак торттириши керак. Чунки хорижий сайтларидан «улуш»ини олаётган айрим «уддабурон»ларнинг қармоғига ўзи билмаган ҳолда илиниб қолганларнинг кун сайин ортиб бораётгани оғриқли нуқтадир.

photo_2019-08-19_14-59-20.jpg

Ижтимоий тармоқларда кунига камида беш-олтита «свайпчилар» рекламаси чиқади. Гўёки улар «қимор» ўйнаб, бойиб кетган. Ва шу бойликларини сизлар билан бўлишмоқчидек кўрсатади. Бироқ, бари уйдирма гап. Чунки бу каналларнинг барчаси ягона бот томонидан бошқарилади. Ишонмасанги, қуйидаги расмларни диққат билан кўринг:

Эътибор берган бўлсангиз, деярли барчасидан бир хил мазмундаги хабар, турли вақтда юборилади. Бошқа-бошқа шахслар номидан очилган каналларни эса «СатурнБет» букмекер сайти бошқаради.

Уларнинг даромади қандай?
Сиз энг камида 80-100 минг сўм пул киритишингиз керак (пул тикилган ғар қандай ўйин — қимор!). Ютиш учун схема берилади. Сиз аввалида пул ютганингиз билан уни ечиб олишга имкон берилмайди. Кейинчалик ўйин сизни ўзига қизиқтириб қўйиши учун. Агар улар қўйган тузоққа тушмай, сал кўпроқ пул топсангиз, ғирромлик деб блокланасиз.

«Пул ечдик, раҳмат»деб ёзаётганлар кимлар?
Ёзувлар ва расмлар уларнинг ўзига тегишли. Буни ҳозир исботлаб бераман.

Ўқинг, ёзиш услуби барчасида бир хил. «Salom!». Карта рақамларининг бирида шундай картага ташлангани айтилган:

Ўзбекистонда 9803 код билан бошланадиган бирорта банк йўқ. Ишонмасангиз буни Click орқали териб кўринг.

8600980373066797


Биз териб кўрдик. Мана натижа. Бундай карта йўқ. Ҳали ҳам ишонмасангиз, ўзингиз текшириб кўринг. Улар кўрсатган ҳамма картани ёзиб кўринг. Ундай карта йўқ!

Ёдингизда бўлсин, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади. Бу каби ўйинларга аралашиб ҳам вақтидан, ҳам нақдидан ажраб қолаётганлар бисёр. Улар қаторига тушиб қолманг, огоҳ бўлинг!

Муҳаммад Юнус


Мавзуга оид