Минбар 388 13.04.2019 15:40:04

Нима ейиш, нима ичишда ўзимизни ўзимиз алдамайлик!..

Нима ейиш, нима ичишда ўзимизни ўзимиз алдамайлик!..

Ислом дини ўзбек миллатининг қадрияти билан қоришиб кетганки, уни алоҳида мазмунда қабул қилиш ёки англаш мумкин эмас. Маҳаллада жаноза бўлиб қолса, бирор қўшнига ёрдам зарур бўлса, турли тадбир ва малакаларда ҳам бунинг яққол гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Аммо сўнгги вақтларда Ислом дини ва унинг тушунчаларига зид бўлган, ўзбекчилик қонун-қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган айрим масалалар юзага чиқяпти-ки, бу кишини ташвишга солади.

Масалан, ота-боболаримиз оиланинг баракаси, фарзандларнинг оқил бўлиб вояга етишларини ҳалол ризқ-насибадан деб билишган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳар қандай замонда ҳам бунга қаттиқ амал қилишган ва фарзанд-набираларни ҳам шу амалга тарғиб этишган. Аммо сўнгги кунларда фитнага йўғрилган айрим  хабарлар чиқяпти-ки, бундан барчамиз огоҳ бўлмасак, ташвиш чекмасак тўғри келмайди. Яъниким шариат томонидан истеъмол қилиш ҳаром қилинган егимлик ва ичимликлар “Ҳалол” тамғаси остида чиқарилаётгани, уларнинг тарғиб этилаётгани юқоридаги фикрларнинг туғилишига сабаб бўлди.

Телеграм мессенжеридаги “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъат аъзоларига яқиндагина қуйидагича савол келди:

“Ассалому алайкум! Устозлар, мен интернетда ўқиб қолдим. Ҳалол тамғаси босилган винолар бор экан. Шулар ҳақиқатдан ҳам ҳалолми?”.

Ушбу саволга уламолар томонидан қуйидагича жавоб йўлланган:

“Ва алайкум ассалом! Динни мазах қилиш шу даражага етдики, шариатга мувофиқ сўйилмаса ҳам ҳалол тамға боссак одамлар ейишавераяпти, энди ҳаром нарсаларга ҳам босиб кўрайликчи улар ичишаверса керак деб буни ҳам қилишиб кўришмоқда. Аввалроқ балиқни Бисмиллаҳ айтиб сўйиш шарт бўлмасада пакетларига “ҳалол” деб тамға босиб жўнатишаётган эди. Валлоҳу аълам!”.

Бу дунёдаги барча неъматлар инсон учун. Уларнинг адоғи йўқ ва буни кўпчилигимиз билади. Аллоҳ ўз бандаси учун, унинг саломатлиги учун нима зиён ва нима фойдалагини яхши билгани учун, унга айрим нарсалар истеъмолини тақиқлади. Шундай экан, турли фитналарга учмаган ҳолда, турли ҳолатларга алданмаган ҳолда хаёлни бир жойга қўйиб, фикрлаш, тафаккур ва тадаббур қилиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Зеро, дунёга энг гўзал неъматларнинг барчаси фақат инсон учун!

Сарвар Анвар ўғли,
журналист


ризқ ислом