Минбар 270 16.08.2019 12:25:26

Kun.uz сайтида эълон қилинган материал юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Kun.uz сайтида эълон қилинган материал юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ

15 август куни ОАВ вакилларининг журналистлик фаолияти давомида масъул мансабдор томонидан тазйиққа учрагани ҳақида материал эълон қилинди.

Матн ва унга илова қилинган видеолавҳада Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Kun.uz таҳририяти мухбирларига номуносиб, қўпол муомалада бўлгани, ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани акс этган.

Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.

Ахборот ва оммавий коммуниуациялар агентлиги мансабдорларнинг ОАВ вакилларига нисбатан номуносиб ҳаракатларини қоралайди. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортилади.

Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминланиш энг муҳим ва устувор вазифа сифатида яна кун тартибига чиқмоқда. Зотан, у хоҳ мансабдор шахс, хоҳ оддий фуқаро, хоҳ журналист ёки блогер бўлсин, қонун олдида ҳамма баробардир.

Ўзбекистон Республикасида сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат органлари вакилларининг журналист ва блогерлар билан конструктив муносабатда бўлиши, эркин ахборот олиш имкониятини таъминлаши жуда муҳим. Чунки матбуот ва сўз эркинлиги жамият тараққиётининг энг муҳим омилидир.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
матбуот хизмати


Мавзуга оид