Минбар 107 16.08.2019 10:13:41

Унутманг: журналист қонун ва давлат ҳимоясида

Унутманг: журналист қонун ва давлат ҳимоясида

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига кўра, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Шунингдек, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист текшируви ўтказиш; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиш; журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш; маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ва бошқа бир қатор ҳуқуқларга эга экани белгилаб қўйилган. Мазкур Қонуннинг 8-моддасига биноан эса, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади, танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди.

Қонуннинг 10-моддасида журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланиши, давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши, журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланиши назарда тутилган.

Ва ниҳоят, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ифодаланган бўлиб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистнинг сўров билан мурожаат қилиш ва зарур ахборотни олиш ҳуқуқини бузганлик; журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик; журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортилишлари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, журналистнинг ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг журналистлик касбига доир фаолияти билан боғлиқ ҳолда шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Азиз юртдошлар! Биз ҳуқуқий-демократик, очиқ ва кучли, юксак тараққий этган давлат барпо этиш йўлида астойдил интиляпмиз. Бу мақсадимизга етишимиз учун эса, амалдаги қонунларни ҳурмат қилишимиз ва уларга сўзсиз амал қилишимиз, шу билан бирга, ким бўлмайлик, қайси лавозимда ишламайлик, бир биримизга ўзбекона одоб-ахлоқ, хушмуомала билан муносабатда бўлайлик. Ва унутмайлик, халқ хизматига камарбаста журналист ҳам ҳамиша қонун ва давлат ҳимоясида!

“Тараққиёт стратегияси” маркази


Мавзуга оид