Минбар 1687 13.08.2019 09:23:42

Эри бор аёллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлай олмайдими?

Эри бор аёллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлай олмайдими?

Human.uz ахборот порталида 10 август санасида «Андижон шаҳар Халқ таълими соҳасидаги аёлларнинг сирли рўйхати» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, мавзу юзасидан тегишли ташкилотларга қуйидаги саволлар қўйилган эди:

1. Нимага айнан 25-35 ёшлардаги аёллар, 25 га тўлмаган ёки 35 дан ошган бу каби тоифа аёллар моддий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эмасми?
2. Бу рўйхат қачондан бошлаб ва ким (қайси ташкилот)нинг талаби бўйича юритилади?
3. Нима учун айнан 25-35 ёшлар оралиғи танлаб олинган?
4. Бундай руйхат керакли органларга хам тақдим этилган, деганда айнан қайси органлар назарда тутилган?
5. Ушбу рўйхатдаги аёлларга айнан қандай моддий-ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган (кўрсатилади)?
6. Ушбу тоифадаги аёлларнинг рўйхати вилоятдаги яна қайси ташкилотларда юритилади?
7. Рўйхатда муайян ёш ва оилавий ҳолатнинг танлаб олинганлиги ижтимоий адолат принципларига зид келмайдими, тенглик бузилмайдими? 

Бу саволларга қай даражада тўлиқ жавоб берилган ёки йўқ, буни ўқувчининг ўзи баҳолаши мумкин. Бугун Халқ таълими ва Хотин-қизлар қўмитасининг қўшма баёноти Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган экан.
 
«Куни кеча ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ишловчи 25 — 35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумот пайдо бўлганди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ушбу рўйхат бўйича юзага келган саволларга жавоб беради. 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги мазкур воқеликни жиддий ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, бу рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёл ходимлар, хусусан, педагоглар сонини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Рўйхатда қайд этилган аёллар розилиги олинган ҳолда суҳбатга юборилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашни хоҳламаганлар эса рўйхатдан ўчирилган ва суҳбатга чақирилмаган. 

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур рўйхатнинг тузилишига мутлақо алоқаси йўқлигига қарамай, жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда, тегишли идоралар билан биргаликда юқоридаги саволларга жавоб излади. 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги ушбу рўйхатдаги аёллар масаласида аҳолининг ваҳимага тушишига ўрин йўқ деб ҳисоблайди» — дейилади баёнотда. 

Бундан чиқди бу рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан тузилган. Демак, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилган. Нега, ишсиз хотин-қизлар бу масаладан кўпинча четда қоладию, нега айнан «боши очиқ» хотин-қизлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига керак бўлган? Ички ишлар вазирлигининг бундан хабари борми? Йўқ бўлса, бу рўхатни тузишни ким буюртма берган? Саволларга жавоблар ҳануз ноаниқлигича қолмоқда. 


Мавзуга оид