Минбар 347 12.08.2019 19:14:03

"Давлат хизматлари агентлигига мурожаат" номли мақолага муносабат

"Давлат хизматлари агентлигига мурожаат" номли мақолага муносабат

Бугун, яъни 12 август куни сайтимизда “Давлат хизматлари агентлигига мурожаат” номли мақола эълон қилган эдик. Мазкур материалга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигидан жавоб хати юборилди. Унда қуйидагилар баён этилган: 

Давлат хизматлари агентлиги бугунги кунда ахборот майдонида бўлаётган ўзгаришлар, очиқлик ва ошкораликни олқишлайди, қолаверса Агентлик айнан коррупциянинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ушбу ижтимоий-сиёсий фаолиятни ривожланишидан манфаатдор ҳисобланади.

Мурожаатда ходимлардан бир кунлик иш ҳақлари маблағлари мажбурий тартибда ушлаб қолинганлиги келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасига мувофиқ, умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкинлиги белгиланган.

Давлат хизматлари агентлиги ходимлари томонидан “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш мақсадида ҳақиқатан ҳам Агентлик директорининг 2019 йил 26 мартдаги буйруғига асосан бюджетдан ташқари ҳисоб рақами орқали ходимларнинг 1 кунлик иш ҳақи асосий ойлик иш ҳақидан ташқари бўлган қўшимча устамалар ҳисобидан жамиятимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган ижтимоий лойиҳага йўналтирилган.

Таъкидлаш жоизки, ходимга бюджетдан ажратилган ойлик иш ҳақи миқдоридан ташқари, иш берувчининг ташаббусига (хоҳишига) кўра, фаолиятида эришган ютуқлари ва фаоллиги учун, Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан ҳам белгиланган тартибда устамалар тўланади.

Ушбу маблағлар - айнан ойлик иш ҳақига қўшимча тарзда тўланадиган устамаларга тааллуқли бўлиб, ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашга доир ҳуқуқлари чекланмаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, мазкур маблағлар инсонпарварлик юзасидан 1979 йилда қурилгандан буён, яъни 40 йил таъмир кўрмаган, аянчли аҳволда бўлган Косонсой тумани, Қўқимбой қишлоғидаги 4-сонли МТМни таъмирлашга тўлиқ ва мақсадли йўналтирилган (МТМ фотосуратлари илова қилинади).

Аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш мақсадида ўтказиладиётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида Давлат хизматлари агентлиги ҳам ўз маъсулиятини сезган, мактабгача таълим – эртанги кунимизга замин эканлигини англаган ҳолда, шу боғчада тарбия олаётган болакайлар учун зарур шароитларни яратиш мақсадида шундай хайрли ишни бошлаган.

Мазкур боғчани таъмирлаш учун Давлат бюджети пуллари бу лойиҳага умуман сарф қилинмади. Агарда қайсидир ходим ушбу пулларни ундирилишида камчиликка йўл қўйилганлигини ва пул маблағи учун розилик бермаганлигини айтадиган бўлса, бундай маблағлар ушбу ходимга қайтариб берилиши таъминланади.

Маълумот тариқасида билдирамизки, ушбу МТМ Агентлик директорининг туғилиб ўсган туманда (Янгиқўрғон тумани) жойлашмаган. 

Шунингдек, мурожаатда, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик акция доирасида фуқаролардан энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги йиғимдан ташқари, гўёки, аризани қабул қилиш, электрон калит олиш учун ҳамда ҳоким қарорини чоп этиш учун энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдоридан қўшимча маблағ ундирилганлиги юзасидан қуйидагилар билдирилади.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июндаги 461-сонли қарорига асосан, ушбу турдаги хизматларни Марказлар орқали кўрсатишда электрон рақамли имзо калитидан фойдаланиш талаб этилмайди, Марказда аризани қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Жойлардаги Давлат хизматлари марказлари томонидан мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишда юқорида қайд этилган энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 январдаги 70-сонли қарорига мувофиқ, ҳужжатлардан (ҳоким қароридан) нусха олиш, сканер қилиш ва чоп этиш учун ихтиёрий пуллик хизмат асосида 3-10 минг сўмгача тўлов ундирилиши мумкин.

Давлат хизматлари агентлиги тизим ходимларининг ижтимоий жиҳатдан қўллаб қувватлашга катта эътибор берган ҳолда, ушбу ихтиёрий тўланган тўловларни 90 фоизини Марказ ходимларига қўшимча иш ҳақи сифатида ва Марказларни моддий-техника жиҳатидан қўллаб қувватлаш учун сарфламоқда.

Шу билан бирга, хизмат учун ундириладиган энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги пул маблағлари мурожаатда келтирилганидек “адлияни ҳисоб рақамини тўлдириш”га эмас, балки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июндаги 461-сонли қарорига мувофиқ, 40 фоизи – ер ресурслари ва кадастр идораларига, 40 фоизи – маҳаллий бюджетга ва 20 фоизи – Давлат хизматлари агентлиги ҳисоб-рақамига йўналтирилади.

Шу ўринда, яна бир маротоба эслатиб ўтмоқчимиз, жамоатчилик билан мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ижтимоий тармоқларда Давлат хизматлари агентлигининг қайта алоқа саҳифалари (Телеграм қайта алоқа боти: @davxizmataloqa_bot, Фейсбук саҳифамиз: https://www.facebook.com/davxizmat/) ҳамда 1148 ишонч рақами ишлаб турибди.

Мазкур қайта алоқа воситалари орқали келиб тушаётган барча мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдирилади ва имкон даражада масалалар ҳал этилиши эслатиб ўтилади.

4cc583e6-ccc2-4a13-8aa7-d0615ee54640.jpeg

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги


Мавзуга оид