Минбар 1702 10.08.2019 15:29:49

Андижон шаҳар Халқ таълими соҳасидаги аёлларнинг сирли рўйхати

Андижон шаҳар Халқ таълими соҳасидаги аёлларнинг сирли рўйхати

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ва Андижон вилоят ҳокимлигига мурожаат

Куни кеча журналист Хуршид Далиевнинг телеграмдаги "Anjanchafonogramma" каналида Андижон шаҳар Халқ таълими бўлимида тасарруфдаги мактабларда ишловчи 25-35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумот жойланди. Унда қуйидагилар баён этилган эди:

“Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими томонидан тасарруфдаги мактабларда ишловчи 25-35 ёшдаги, турмушга чиқмаган, турмушдан ажраган, бир сўз билан айтганда “боши очиқ” аёлларнинг алоҳида рўйхати (уларнинг туғиган куни, уй манзили, қўл телефони рақами ва фотосуратлари билан) юритилар экан.

Қизиқ, бу тоифадаги аёлларнинг рўйхатини юритиш кимга керак бўлди экан, бу рўйхат якунда кимга ва нима мақсадда тақдим этилар экан-а? (Халқ таълими бўлимидаги ишончли манбаамизнинг маълум қилишича рўйхат шаҳар ҳокимлигига тақдим этиларкан ва бундан кўзланган максад эзгуликка йўналтирилмаганмиш)

Буни, албатта, суриштириб кўрамиз. Бу ҳақида бирор нима билсангиз, билганларингиз билан бўлишарсиз... Жуддддда қизиқ!!!”
photo_2019-08-08_17-11-03.jpg Кўп ўтмай, Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг телеграм ижтимоий тармоғидаги “Янгиланаётган Андижон” номли каналида бунга ўзига хос муносабат билдирилди. У қуйидагича баён этилади (матн аслича сўзма-сўз берилади).
photo_2019-08-09_17-49-16.jpg “Мана яна бир тухмат! Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот бўлими ходимлари шу масала бўйича зудлик билан суриштирув ишларини олиб борди. Оқибатда, хақиқатдан ҳам мақолада кўрсатилган рўйхат мавжуд экан. Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими хотин- қизлар қўмитаси ходимлари томонидан тузилган бўлиб, турмушга чиқмаган ва оиласидан ажрашган қизларга, моддий-ижтимоий ёрдам бериш учун шакллантирилган экан. Қолаверса , бундай руйхат керакли органларга хам тақдим этилган. Нима учунлиги биз учун қоронғу! Демак керак бўлган.

Хабар муаллифи "бу рўйхат шаҳар ҳокимлигига тақдим этилган" деб тухмат қилган. Шаҳар ҳокимлигида ҳар бир хужжат рўйхатдан ўтади ва сақланади. Аммо бундай рўйхат хеч кимга керак бўлмагани аниқланди. Хурматли муаллиф! Бундай уйдирмани ёзишдан аввал, сиздан илтимос, озгина суриштирув олиб борсангиз бўларкан. Шунда сизга доим ҳам рост гапирмаётганларига, кимдандир аламзада бўлиб ўч олмоқчи, зимдан туриб ғаламислик қилмоқчи бўлган инсонлар мурожаат қилаётганига амин бўласиз. Ва ёки ўз манфаатларингизни инсон шаъни ва қадр-қийматидан юқори қўйиб (обуначиларингиз сонини кўпайтириш хисобига) обрў орттирмоқчидирсиз билишимизча!

Мақолада нимага шаъма қилмоқчи бўляпсиз билмадик, лекин шаҳар ҳокимлигида оилали, эси- хуши жойида , ўзини босиб олган инсонлар ишлайди! Шаъмангиз билан уларнинг нафсониятига тегманг! Қолаверса рўйхатдаги қизларни ҳам ота-оналари, ака-укалари бордир. Бизга ёш ўқитувчи мутахассислар керак. Андижонликларни орияти кучли булади! Тўғрими?”
photo_2019-08-09_13-47-10-696x464.jpg Ҳокимликнинг муносабатини ўқиб, жумладан шундай рўйхат мавжудлиги тан олинаётганлигини билиб, масаланинг моҳиятига қизиқиб қолдик. Ростдан ҳам бу қандай рўйхат ўзи, нима учун фақат “боши очиқ” ва 25-35 ёшлар оралиғидаги аёллар бор унда?

Эътибор беринг, рўйхат Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими хотин- қизлар қўмитаси ходимлари томонидан тузилган бўлиб, турмушга чиқмаган ва оиласидан ажрашган қизларга, моддий-ижтимоий ёрдам бериш учун шакллантирилган экан. Жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ушбу рўйхат бўйича юзага келган қуйидаги саволларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ва Андижон вилоят ҳокимлигидан расмий жавоб кутиб қоламиз:
1. Нимага айнан 25-35 ёшлардаги аёллар, 25 га тўлмаган ёки 35 дан ошган бу каби тоифа аёллар моддий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эмасми?
2. Бу рўйхат қачондан бошлаб ва ким (қайси ташкилот)нинг талаби бўйича юритилади?
3. Нима учун айнан 25-35 ёшлар оралиғи танлаб олинган?
4. Бундай руйхат керакли органларга хам тақдим этилган, деганда айнан қайси органлар назарда тутилган?
5. Ушбу рўйхатдаги аёлларга айнан қандай моддий-ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган (кўрсатилади)?
6. Ушбу тоифадаги аёлларнинг рўйхати вилоятдаги яна қайси ташкилотларда юритилади?
7. Рўйхатда муайян ёш ва оилавий ҳолатнинг танлаб олинганлиги ижтимоий адолат принципларига зид келмайдими, тенглик бузилмайдими?

 “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасига кўра оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади. Шунга кўра, мазкур мурожаатни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиб, натижаси бўйича тахририятни хабардор қилишингизни сўраб қоламиз.

Human.uz таҳририяти


Мавзуга оид