Минбар 128 13.04.2019 10:20:12

Томчилаб оқаётган сув...

Томчилаб оқаётган сув...

Интернет нашрларидан бирида ўқиб қолдим: агар хонадонда крандан сув оддий ип шакличалик тизиллаб оқса, бу кунига 840 литр обиҳаётнинг йўқотилишига олиб келар экан. Шу хабар менга ёшлигимдаги бир воқеани эслатди...

Ўшанда мактабни битириш арафасида эдим. Мактабга боришда маҳалла кўчасидан ўтардим. У ердаги бир ҳовлининг дарвозаси олдидаги жўмракдан сув оқиб турарди. Босим жуда кучли эди. Чанқаганда сувдан тўйиб-тўйиб ичардигу, аммо ёполмасдик: қувур ёрилган эди. Хонадон соҳиби уни умуман таъмирламасди. Ўтган-кетганлар эътироз билдирса, у “сув баҳона ариқлар ювилади, машинаси борлар «мойка»га бориб юрмайди”, дерди. Бу ҳолат қарийб бир ойча давом этди.

Пойтахтга келиб ўқишга кирдим. Ёзги таътилда қишлоққа қайтганимда ўша жойга кўзим тушди: бир пайтлар отилиб оқадиган сув қувури ўрнида батартиб қилиб водопровод ўрнатилибди. Ҳисоблагичи ҳам бор. Уй эгаси атрофини панжара билан ўраб, эшигини қулфлаб қўйган.
Маълум бўлишича, сувни беҳудага исроф қилган лоқайд, бефарқ хонадон соҳибидан кимнингдир ғазаби қайнаб туман сувсоз корхонасига мурожаат қилган. Мутасаддилар келиб, уй эгасини катта жаримага тортиши ва ҳисоблагич ўрнатилишини айтган. Шундан кейингина хонадон соҳиби носозликни бартараф этибди...

Бугун ер юзининг 70 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, истеъмол учун яроқлиси атиги бир фоизни ташкил этади. Ҳoзирнинг ўзида дунёнинг турли бурчакларидаги бир неча миллионлаб одам ичимлик сув тaнқислиги вa oқовa тизимлaр eтишмaслигидaн aзият чeкмoқдa. Ҳaр куни минглаб oдaм (aсoсaн бoлaлaр) бу муaммoнинг у ёки бу oқибaтлaри туфaйли нoбуд бўлмoқдa. Агар вазият ҳозиргидек давом этса, яъни инсоният чучук сувдан оқилона фойдаланиш, асраб-авайлашга жиддий эътибор бермаса, 2030 йилгa бориб қарийб 500 миллион oдaм сув излaб қитъaдaн-қитъaгa кўчиб юриши мумкин экан. Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат. Ором олганингизда водопроводдан сувнинг онда-сонда бўлса-да, томчилаётганини эшитсангиз, уйқунгиз қочади. Табиийки, дарҳол бориб кучингиз борича жўмракни бураб ёпасиз. Сабаби, бу асабингизни эговлайди. Балки бу ҳам бизни сувни исроф қилмасликка ундовчи табиий бир кучдир.

Ичимлик сув туганмас манба эмаслигини яхши биламиз. Уни тежаб ишлатиш, сувда келажак авлодларнинг ҳам ҳақи борлигини бир зумга бўлса-да, унутмаслигимиз керак. Ҳатто, сув томчилаганда ҳам уни беркитиб қўйишни азбаройи асабимизга ўйнашидан эмас, чин инсоний бурчимиз шуни тақозо қилаётгани учун бажарайлик.

Шаҳобиддин Расулов, Human.uz журналисти


Мавзуга оид