Минбар 423 07.08.2019 04:43:32

Америкаликларни қираётган АҚШ нинг “ўзидаги бало”

Америкаликларни қираётган АҚШ нинг “ўзидаги бало”

Жорий йилнинг 28 июлида Калифорнияда, 3-4 август кунлари Техас ва Огайода юз берган, 35 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган оммавий отишмалардан сўнг АҚШ жамоатчилиги мазкур жиноятларни келтириб чиқарган омилларни хавотир билан муҳокама қилмоқда. 4 августда Огайонинг Дэйтон шаҳридаги отишма 2019 йилда АҚШда содир этилган ўттиз иккинчи оммавий қирғин бўлди. Ўтган 216 кунда 112 киши қурбон бўлди. Деярли ҳар икки кунда бир инсон қурол туфайли ҳалок бўлмоқда.

1922 йилдан қайд этиб келинаётган ва йил сайин ортаётган оммавий отишмалар аслида америкаликлар учун янгилик эмас. Мисол учун, 2017 йилда АҚШ да 39,773 нафар фуқаро қурол билан боғлиқ можаро қурбони бўлган. Қурол билан боғлиқ қотиллик ва жиноятлар сони 2000-йиллардан кейин мунтазам ошиб келмоқда.

Доналд Трампга кўра айбдор ким?

АҚШ президенти Доналд Трампнинг баёнотида Интернет, видеоўйинлар ҳамда ижтимоий тармоқлар – АҚШ нинг бегуноҳ қурбон бўлаётган фуқароларининг аччиқ тақдирига, ҳаммасига ана шу учовлон айбдорлиги қайд этилади.

Оқ уй раҳбарига кўра, Интернет мувозанатга эга бўлмаган, яъни онгида ғоявий бўшлиқ мавжуд одамлар ўртасида зарарли, радикал ва экстремистик ғояларни тарқатаётган зарарли маконга айланган.

Шу билан бирга, отишмаларни ташкил этган қотиллардан бири жиноятига қадар Интернетда ирқий нафратга тўла фикр-мулоҳазаларини эълон қилган. АҚШ президентининг фикрича, ҳозир давлат олдида "Интернетнинг қоронғу ҳудудлари"га қарши курашиш вазифаси турибди.

Нима қилмоқ керак?

Доналд Трамп АҚШ Адлия вазирлигига давлат ва хусусий ташкилотлар, шунингдек ижтимоий тармоқлар билан биргаликда ирқчилик кайфиятидаги, келажакда жиноят содир этиши мумкин бўлган фуқароларни аниқлаш бўйича топшириқ берган. Қолаверса, АҚШ раҳбари зўравонликни тарғиб қилувчи видеоўйинлар сонини қисқартириш зарурлигини ҳам айтган.

АҚШ нинг собиқ раҳбари бошқача фикрда

АҚШ нинг собиқ раҳбари Барак Обама ўзининг Твитер тармоғидаги саҳифасида токим барча сиёсатчилар бир ёқадан бош чиқариб, АҚШ нинг қурол тўғрисидаги қонунчилигига қарши курашмас эканлар, бу каби фалокатларнинг содир бўлаверишини, Демократлар бу мавзуни сўнгги 25 йилдан буён кўтариб чиқишаётганини таъкидлайди.

Барак Обамага кўра, Ердаги ҳеч бир давлатда АҚШ дагидек кўп оммавий қирғин содир бўлмайди; бошқа бирор ривожланган давлат қурол зўравонлигига АҚШ каби хайрихоҳ эмас. Оқ уй собиқ раҳбари отишмалар ортида мамлакатда ирқий ғояларни тарғиб қилиш, мамлакатда "оқлар"нинг ҳукмронлигига нисбатан даъволар тургани, бу қотиллар Интернет тармоғидаги манбалар таъсирида пайдо бўлаётганини айтади.

Шунингдек, Барака Обама ўзининг мурожаатида айрим сиёсий етакчилар "Америка фақат оқларга тегишли" мазмунидаги нафратомуз фикрларни ёймасликлари, муҳожирлиги ва ирқидан қатъиназар АҚШ даги ҳар бир кишига аввало инсон сифатида эътибор қаратишлари зарурлигини айтади. Албатта, бу фикрлар биринчи навбатда амалдаги президентга қаратилгани кундек равшан.

Оқ уйнинг амалдаги раҳбари ирқчими?

Доналд Трампнинг муҳожир ва бошқа ирқ вакилларини камситувчи қочирим ва кинояларга, ишораларга бой фикрлари АҚШ да кўпчиликни хафа қилишга улгурган.

Бир қатор сиёсатчиларга кўра, Доналд Трамп айбни бошқаларга тўнкаб, оммавий отишмалар учун ўзини жавобгарликдан соқит қилишга уринмоқда.

Жамиятшуносларнинг сўзларига кўра, айнан АҚШ президенти турли мамлакатлардан АҚШ га келган муҳожирларни жиноятчи ва зўравон деб атаб, ирқчилик ғояларини тарқатмоқда. Мисол учун, Доналд Трампнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларининг ўзида бир йил ичида муҳожирлар ҳақидаги 2 мингта салбий мазмундаги чиқишларни ўқиш мумкин.

Видеоўйинлар айбдорми?

Жаҳонда видеоўйин ўйнашда Жанубий Корея ва Япония ёшларига тенг келадигани йўқ. Мисол учун, Жанубий Кореяда битта ўсмир ҳафталик ўртача 20 соатини видеоўйинларни ўйнашга сарфлайди. Аммо Жанубий Корея тарихидаги оммавий отишмалар ҳақида маълумотлар унчалик ҳам кўп эмас.

Айниқса, Доналд Трампнинг барчасига видеоўйинлар айбдорлиги ҳақидаги иддаолари электрон ўйин ишлаб чиқарувчи компанияларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Уларнинг айтишларича, бундай ўйинлар инсондаги тушкунликни тарқатувчи ва завқ берувчи восита холос.

Халқ қандай фикрда?

Ижтимоий тармоқда АҚШ фуқароларининг фикр-мулоҳазаларини ўқир экансиз, улар ирқий айирмакашлик ва қурол савдосини энг катта айбдор қилиб кўрсатишаётганига гувоҳ бўласиз.

2017 йилда ўтказилган сўровга кўра, америкаликларнинг 40 фоизи хонадонларида қурол сақлашларини маълум қилишган. АҚШ фуқаролари қурол сақлашда жаҳонда етакчи саналишади. Мисол учун, бу ерда ҳар 100 фуқарога 120 дона қурол тўғри келади. Расмий хабарга кўра, ҳар 100 нафар фуқародан 88 таси ўз қуролига эга.

Бугун америкаликларнинг аксарияти қурол олиб юриш сиёсатини қоралайди. Аммо халқнинг овози ва хоҳиши ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Сабаби қурол савдоси ортида турганлар жуда қудратли сиёсий ва молиявий тузилмаларга айланиб бўлишган.

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг “Давлат ва бизнес бошқаруви” факультети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Мавзуга оид