Минбар 308 13.04.2019 08:57:39

“Жэк”ка пул тўламайман”, дейиш мумкинми?

“Жэк”ка пул тўламайман”, дейиш мумкинми?

“Кўпқаватли уйда икки хонали квартирада тураман. Ҳар ой ширкатга 45 минг сўм “квартплата” пули тўлайман. “Дом”да ўзига яраша камчиликлар бор. Лекин ўтган олти ой давомида бирор тайинли иш қилинганини кўрмадим. Савол туғилади: “жэк” ҳеч қандай “каромат” кўрсатмаса, бадал тўламасликка ҳаққим борми? Ўзи “квартплата” пули нимага асосан шакллантирилади?

Таҳририятимизга мухлис юборган ушбу мурожаат аслида кўпчиликка таниш. Тўғри-да, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, қувур ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда томдан чакка ўтиши, ертўла абгор аҳволга келиб қолиши ва ҳоказо муаммоларга дуч келамиз. Хўш, бунга мутасадди идора нима дейди?

 Алипаша Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
— Дарҳақиқат, бу жуда ҳам ўринли савол, долзарб ва муаммоли масала. Шуни айтиб ўтмоқчиманки, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўша ҳудудда истиқомат қиладиган аҳоли йиғилиб сайланадиган орган ҳисобланади. Уларни бошқаришнинг энг юқори ташкилоти — бу уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилиши. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 32-сонли қонунига асосан, ширкат иш фаолиятига давлат органлари аралашишга ҳақли эмас. Биз уларга фақат ёрдам кўрсата оламиз.

Бадал пулига келсак, унинг суммасини белгилаш айнан уй-жой мулкдорлари ширкатининг умумий йиғилишида аниқланади. Лекин аҳоли бунга эътибор бермайди. Суммани шакллантиришда иштирок этиши лозимлигини тушунмайди. Бир сўз билан айтганда, одамлар ўзига белгиланган ваколатлардан фойдаланмайди. Аслида, пуллар қаерга ва нимага сарфланиши бўйича ширкат раҳбари одамларга ҳисобот бериши керак. Харажатларни уй-жой мулкдорлари билан келишган ҳолда белгилаши лозим.

Масалан, бир ойда қанча харажат кетади? Бунинг учун ширкатдаги штатлар, уйлар сони, уларнинг техник ҳолати ва яна бир қанча омиллар инобатга олиниб, қисқаси, ҳар бир уй индивидуал тарзда ўрганилгандан кейин аниқланади. Шу билан бирга, хонадон соҳиби мажбурий бадални тўламайман дейиши мумкин эмас. Чунки умумий фойдаланишдаги жойларни сақлаш, таъмирлаш бўйича ишлар амалга оширилиши шарт.


ЖЕК

Мавзуга оид