Минбар 142 23.07.2019 09:04:37

“Очиқ адлия” дастури коррупцияга қарши муҳим восита

“Очиқ адлия” дастури коррупцияга қарши муҳим восита

Дунё тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Шунга яраша ахборот оқими ҳам шиддатли. Бу эса ўз навбатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ, шаффоф бўлишини, фуқаролар билан интерактив фаолиятни кенг йўлга қўйишини тақозо этмоқда.

Айниқса, интернет фойдаланувчилари сони йил сайин эмас, кун сайин кўпайиб бораётганини инобатга олсак, фуқаролар билан ишлашда ҳар бир ташкилот ўз фаолиятини замонавий технологиялар жиҳатдан янги босқичга кўтариши зарур.

Бу борада Адлия вазирлиги томонидан “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди. Хўш, ушбу дастурнинг афзалликлари нималарда кўринади?

Аввало, дастур фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш имконини кучайтирди. Эндиликда эътибордан четда қолаётган камчиликлар, қолаверса ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича бевосита жамоатчилик ёрдамига таянилмоқда.

Шаффофликни таъминлашда қулай усул ва воситалардан бири сифатида фуқароларга адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат этилганлиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Хат-ҳужжат ишларида албатта нотариус хизматига эҳтиёж сезамиз. Бу эса нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашишини талаб қилади. Уларнинг ўз вазифасини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали тезкор шикоят бериш тизими яратилганлиги ҳам тизимнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Бунда ходимнинг айби аниқланган ҳолатлар кенг ёритиб борилмоқда.

Шу асосда ўз вазифасини қай даражада бажараётганига қараб ходимлар рейтинги шакллантирилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Давлат органларининг самарали фаолияти бугун кўп жиҳатдан уларнинг ахборот тизими – расмий веб-сайтларнинг ўрни ва электрон давлат хизматлари инфраструктурасини кенгайтириб бориш билан боғлиқ. Чунки айнан веб-сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалар кенг жамоатчиликни вазиятдан тезкор хабардор қилишнинг қулай усулига айланиб улгурди.

Вазирликнинг Facebook тармоғидаги “Адлия билан мулоқот” саҳифаси ҳамда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналини мазкур замонавий тажрибага мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин. Уларда ҳар бир чиқаётган қонун ҳужжатининг мазмун-моҳияти содда, тушунарли тарзда фуқароларга мунтазам етказиб борилмоқда. Шунингдек, кенг муҳокамага сабаб бўлаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан берилган ҳуқуқий экспертиза хулосаси мазмуни ҳам ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.

Очиқликнинг яна бир намунаси сифатида Адлия вазирлиги веб-сайти (minjust.uz) фаолиятига тўхталиб ўтиш жоиз. Унда фуқаролар адлия органларига юборган ўз мурожаатларини кузатиб боришлари мумкин. Яна бир муҳим жиҳат, адлия органлари ходимлари устидан берилган ҳамда ўз тасдиғини топган шикоятлар ҳақида маълумот олиш имконини берувчи махсус платформани ишга тушириш ҳам назарда тутилмоқда.

Вазирлик биносида хизмат хоналарнинг жойлашиш структурасини ҳам очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида қайта кўриб чиқилди. Ходимларнинг кунлик фаолияти бемалол кузатиб бўладиган даражада жойлаштирилди. Бу эса назоратни, иш унумдорлигини оширади.

Қолаверса, ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимларнинг иш жараёнини ўз кўзи билан кузатиши мумкин. Содда қилиб айтганда, ойнаванд деворлар ва эшиклар шаффофликни таъминлашнинг яна бир ўзига хос мезонидир. Бу усул коррупцион омилларнинг ҳам олдини олади. Бундай тартибдаги хоналардан дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида кенг қўлланилади.

Очиқликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, бу шубҳасиз, молиявий маълумотлардир. Молиявий маблағларнинг сарфи, қайдан келиб қайга кетаётгани, нима мақсадларда ажратилаётгани, умуман, Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирлик веб-сайтида эълон қилиб борилмоқда. Бунда харажатлар, уларни амалга оширилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлади.

Муҳим янгиликлардан яна бири, бу адлия органларининг ҳар йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот беришидир. Мазкур ташаббус 2018 йил якунлари бўйича амалга оширилди ва “Адлия ҳисобот беради” номли рисола тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

2018 йили давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” бўйича рейтинги эълон қилинган эди. Рейтинг 59 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олиб, унда 88,12 балл билан биринчиликни Адлия вазирлиги эгаллагани ҳам шаффофлик борасида вазирлик тинимсиз изланишда ва ҳаракатда эканидан далолат беради.

Ж.УЗОҚОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими


Очиқ адлия