Минбар 314 21.07.2019 19:00:47

Балки боғча акалар керакдир?!

Балки боғча акалар керакдир?!

Ижтимоий ҳаётимиздаги муҳим воқеа – Суриядан қайтган 156 киши ва навбатдаги гуруҳни қайтариш борасидаги уринишлар яқин йилларда мафкура соҳасида 33 миллион халқ учун қилиниши керак бўлган улкан ишларни ҳам кўрсатди.

Ўтган йиллар ичида мутаассиблик ва илмсизлик, радикализм ва диний экстремизм, зўравонликлар жарлиги шу қадар катталашиб кетдики, уни тўхтатишнинг айни фурсати. Мамлакат мафкурасиз бўлиб қолди. Баъзи йигитлар уйда бола боқиб, ўзбек аёли четда пул топиш учун ишлаб юрибди.

Куни кеча алимент тўламагани учун 15 суткага қамалган ўзбек аёли ҳақидаги хабарни ўқиб этимиз жунжикади. Бу замонда орсизлик, ғурурсизлик йигитлар учун “шараф”га айланди. Ўзбек қизларини бутун дунёдан қайлиқлик учун талашиб-тортишиб олиб кетмоқда. Кўзимизни каттароқ очиб: "Уларни ҳеч кимга бермаймиз", дея олмаймиз. Нима учун?

Дунёнинг бир четида чақмоқ чақса, "Яратган ўзинг асрагинки, ўзбекни урмасин", дея дуо қиладиган бўлиб қолдик. Сайёрамизнинг нариги ярим шарида бир портлаш бўлса, "Уни уюштирган, ишқилиб, ўзбек бўлмасин", деб юрак ҳовучлайдиган бўлдик.

Каримов даврида мустақилликдан кейин кўп йиллар йўқотилган бўлса-да, Президент Мирзиёев томонидан 5 та ташаббус илгари сурилгани кўнглимизга шамол эсгандай бўлади.

Шундан келиб чиқиб, айрим мулоҳазаларни ўртага ташламоқчиман.

Мактабларга эркак устозларнинг қайтаётгани ҳар тугул яхши бўлди. Лекин йигитлик ғурурини шакллантириш — боғчадан бошланиши лозим. Аллақачон ягона классификаторга “боғча акалар” касбини жорий этишимиз керак эди. Бир қарашда кулгули бўлар, бироқ гўдакликданоқ болани мустаҳкам ниҳол қилиб тарбияламасак, бўлмайди. Боғчалардаги турли сабоқларни беришда эркакларнинг иштироки, шубҳасиз, муҳим ва керак.

Ўқитувчиларга азбаройи тарбия мақсадида ўқувчига қаттиқроқ чора қўллагани учун жавобгарликка тортишга шошмайлик-да, уларга қонунчиликда алоҳида дахлсизлик имтиёзларини тақдим этиш ҳақида ўйлайлик. Ваҳоланки, вақтида ёмон йўлдан қайтарилмаган ёки ёмон хулқ-атвори учун қулоғи чўзиб қўйилмаган бир бола эртага устози тугул ота-онасига, Ватани ва халқига ҳам қурол кўтариб чопишдан тап тортмайди. Отасини ураётган, укасини ўлдираётган, хотинини пичоқлаётган, боласини ҳайдаётган авлод, ахир қаердан пайдо бўлади?

Муқаддас бурчни ва ижтимоий масъулият юкини тижорийлаштиришга барҳам бериш лозим. Армияга пул тўлаб боришнинг ўзи яқин ўтмишдаги энг катта хатолардан бири бўлди. Ҳарбий мажбурият эркин қилинса, тўлиқ эркин, пуллик бўлса, тўлиқ пулликка ўтиш лозим эди. Бизда на униси ва на буниси мукаммал бажарилди.

Чунки ўқишга киришнинг катта имтиёзини берадиган бир йиллик текин хизматга минг чиғириқдан ўтиб ҳам илиниш қийин эди. Бир ойлик “пулли хизмат” га эса камбағал одамнинг маблағ топиши амримаҳол. Агар касал ва бошқа истисно ҳолатлар бўлмаса, ҳарбий хизматга ҳамма йигит бориши керак. Борганда ҳам аввалдан пули тўлалнадиган ва тил учида айтиладиган бир ойлик “курорт”га эмас, ота-онасининг иссиқ қўйнидан сал ташқарига чиқиб, ҳақиқий йигитлик ва ор-номус мактабида синовдан ўтиши лозим.

Армиямиз минг профессионал ва малакали бўлмасин, кўп сонли ва қудратли ресурсларга эга Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар орасида бизга улкан инсоний заҳира зарур.

Эҳтимолий катта можаролар бошланганда бутун эл бўлиб душманга ташланилмаса, давлат ҳимояси тўла-тўкис бўлмайди. Қолаверса, армия мактабида чиниққан йигитлар оила қурса, ҳаётнинг биринчи зарбиданоқ оиласини ташлаб қочмайди, ажрашишлар ва суицидлар бугунгидан анча камроқ бўлади. Хизмат ўтаганларга таралло-ялло қилиб, оиласининг даврида ўйнаб юрган “болача”ларга нисбатан ишга жойлашишда устуворлик бериш мақсадга мувофиқ.

Буни қоида-ю қонунга тушириб бўлмас, аммо ватандошларимизга ички бир рашк ва келажак учун дахлдорлик ҳисси керак.

Ҳей уйланаётган йигит ва унинг ота-онаси, кўзингизни каттароқ очинг. Хотиндан мебел ва турли моддий бойликлар кутиб турсангиз, бир куни ўзбек қизига зор бўласиз. Дунёга очиляпмиз.
  
Оқила, меҳнаткаш ва гўзал ўзбек қизининг бу дунёда қиймати ҳам, баҳоси ҳам йўқ. Бугун эса катта-катта совға-ю саломлар, яхшигина маблағга бутун дунёдан чет эллик куёвлар уларни қайлиқлик учун сайлаб кетмоқда.

Хитойда 40 миллион бўйдоқ йигитга ўз юртида қиз топилмаяпти. Бу ёғи Ҳиндистон, Туркия, Германия, Буюк Британиядан океан ортигача миллионлаб талабгорлар кўпайиб боряпти.

Биз йигитлар, қизларимиз "экспорт" бўлмаслиги учун қалқон ва тўсиқ бўлишга қодирмизми? Тўйларни ихчамлаштириш, турли маърака-маросимларни соддалаштириш каби бошланган ишларимизни мамлакат ёшлар ташкилотининг етакчиси ўзи қандайдир бўлганми-бўлмаганми, айтиб “қовун тушириши” билан оғишимиз ёки сусайтиришиб қўйишимиз эмас, аксинча,ислоҳотларни сўзсиз охирига етказиш лозим.

Биз собиқ Иттифоқ даврдаёқ оилани ижтимоий бўлиб ташлаганмиз. Хотин-қизлар мақомини кўтарамиз ва тенглигини таъминлаймиз, деб алоҳида қўмита туздик. Аёллар бир томону, ёшлар бир томон, кексалар эса бутунлай бошқа бир оламга ажралиб қолди.

Хонадон стратеги – оилабоши эркак зоти билан ҳеч кимнинг иши йўқ, унинг муаммолари билан ҳеч ким шуғулланмайди. Оилани бундай сегментга ажратиб, ривожлантириш нафақат мумкин эмас, балки унга тескари ҳамдир. Боз устига янги лавозимга келган янги раис бугунги реалликдан нафақат узилиб қолган, балки замон шиддатини пайқай олмаётган кўринади.

Бош вазир ўринбосари мақомидаги Оила, кексалар, хотин-қизлар ва ёшлар вазирлиги тузилиши ва боши тўрт томонга бўлиниб ётган ва кўпи ишидан кутилган самара бўлмаётган тизимлар кучларини ягона-яхлит оила институти атрофида бирлаштиришни таъминлаш — энг тўғри йўлдир.

Давоми бор...

Хуршид ДАЛИЕВ,
журналист


Мавзуга оид