Минбар 526 21.07.2019 10:20:05

“Имконияти чекланмаган Корея”да кўрганларим

“Имконияти чекланмаган Корея”да кўрганларим

"Имконияти чекланган одам". Бу сўзларни тинглаб туриб, кўз олдимизда юра олмайдиган, кўзи ожиз ёки бошқа бирор жисмоний нуқсони бўлганлар гавдаланади. Аммо кореяликларнинг фикрича, ҳаётда завқланиб яшай олмаслик ҳақиқий ногиронликдир. 2018 йилги маълумотга кўра, бу ерда 51.3 миллион нафар фуқаронинг 5 фоизи имконияти чекланган фуқаро сифатида рўйхатга олинган.

Яқин-яқингача кореяликлар орасида ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан салбий қараш мавжуд. бўлган. Илмий манбаларда ёзилишича, Будда эътиқоди таъсирида туғма ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қадимдан нотўғри фикр шаклланган. Гап шундаки, халқ орасида аввалги ҳаётида оғир гуноҳ қилганлар кейинги ҳаётларида жисмоний нуқсон билан туғилишлари хусусида фикрлар юради. Шунингдек, Конфуций таълимоти инсоннинг хушбичим ва хушрўй бўлишини ёқлайди. Ногирон, туғма нуқсонга эга болалар оиланинг шаънига путур етказади деб ҳисобланган ва аввалари бундай болалар жамиятдан яшириб келинган. Бугун эса қарашлар барҳам топди.

Таълим ...

Жанубий Кореяда имконияти чекланганлар таълими алоҳида назоратга олинган. Ҳар йили ўртача 18 миллиард АҚШ доллари, яъни таълим соҳасига ажратилган маблағнинг 4.7 фоизи ногиронлиги бўлган ёшлар таълимига йўналтирилади. Асосий маблағ ихтисослаштирилган мактабларга сарф қилинади. Имконияти чекланган ҳар бир бола учун ҳукумат ўртача 21 минг АҚШ доллари ажратади.

Имконият ...

Жанубий Корея пойтахти Сеулда ногиронлик аравачасидаги ёки кўзи ожиз инсон ёлғиз ўзи саёҳат қилиши мумкин. Жамоат транспортлари, йўлаклар, биноларда уларнинг эмин-эркин ҳаракатланишлари учун шароит мавжуд. Мамлакатда шаҳарсозликда имконияти чекланганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, шароитлар яратувчи нодавлат ташкилотлар кўплаб топилади.

Мисол учун, бинолардаги лифтларда, метро ва поездларда кўзи ожиз инсонлар учун Брайль ёзувида маълумотлар мавжуд. Лифтларда овозли огоҳлантириш тизимлари жорий қилинган.

Шаҳарлар, жамоат жойларида, олий таълим муассасаларида кўзи ожизлар учун махсус йўлакчалар мавжуд. Айрим чорраҳаларда овозли йўл чироқларига гувоҳ бўлдим.

Seoyoon-Gyeongbukgong.png

Суратда: "Имкониятли Корея" нотижорат ташкилоти асосчиси Сеоюн Сеул бўйлаб ёлғиз саёҳат қилмоқда.

Шу билан бирга, жамоат жойларида, хусусан диққатга сазовор жойларда, метро ҳамда вокзалларда ногиронлик аравачасидаги инсонлар учун махсус ҳожатхоналар қурилгани қувонарли.

Шунингдек, узоқ муддатда Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган хорижлик имконияти чекланган фуқаролар ҳам кореялик ногиронлиги бўлган шахсларга берилган имтиёз ва имкониятлардан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга. Жумладан. бундай инсонларга моддий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Меҳнат қонунчилиги ...

Йирик дўконларда, тамаддихоналарда, компания ва корхоналарда, ташкилотларда имконияти чекланган инсонларга тез-тез дуч келасиз. Қонунчиликда барча турдаги иш берувчиларга умумий ишчилар сонидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам алоҳида иш ўринлари ташкил қилиниши белгилаб берилган.

Қонунга кўра, ишчилари сони 50 нафардан ошган компанияларда ишчиларнинг 3.1 фоизи имконияти чекланганлардан иборат бўлиши мажбурий. Бунга бўйсунмаган ташкилотлар жарима тўлашади.

Мамлакат миқёсида 175,935 нафар имконияти чекланган фуқаро муқим иш жойига эга. Ногиронларнинг иш билан бандлик даражаси 2.76 фоизга тенг. 1991 йилда бу кўрсаткич 0.43 фоизни бўлган.

Starbucks тажрибаси ...

Мисол учун, жаҳонга машҳур Starbucks қаҳвахоналар тармоғи Корея Республикасида имконияти чекланганларни 2007 йилдан бошлаб ишга ёллашни йўлга қўйган. Кореянинг Имконияти чекланганлар бандлиги агентлиги билан ҳамкорликда ҳар йили 50 нафар ногиронлиги бўлган шахс ишга қабул қилинади. Номзодлар иш бошлашдан аввал 5 ҳафталик ўқувларда иштирок этишади. Айни пайтда мазкур компанияда 163 нафар имконияти чекланганлар хизмат қилади. Уларнинг 22 нафари менежер лавозимига кўтарилган.

Фаол иш берувчилар имтиёзга эга ...

Шунингдек, иш берувчилар иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган нотенгликни бартараф қилиш учун имконияти чекланган ходимларни йиллик малака ошириш курсларига жалб қилишлари керак.

Корея Республикасининг Бандлик ва меҳнат вазирлиги имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаётган иш берувчиларнинг фаоллигини баҳолаб боради. Мазкур рейтингда юқори бўлган иш берувчилар давлат, маҳаллий ҳокимият ёки давлат ташкилотлари билан тузиладиган молиявий шартномаларни олишда имтиёзларга эга бўлишади. Яъни, ўрни келганда ҳукумат ҳам уларни қўллаб юборади.

Рағбат ва эътироф ...

Сўнгги ўттиз тўққиз йилдан буён Жанубий Кореяда анъанавий "Имконияти чекланган инсонлар куни" тантанали равишда нишонланади. Шу куни мамлакат ривожига ҳисса қўшаётган имконияти чекланган фуқаролар, шунингдек уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганлар, намунали иш берувчилар рағбатлантирилади.

Хулоса қиладиган бўлсам, табиий бойликлардан маҳрум Корея Республикаси учун инсон ресурси ва салоҳияти – қадрли бойлик. Ҳукумат эътиборсиз қолган инсонга бой берилган имконият деб қарайди. Ҳар бир фуқаро, имкониятидан қатъиназар, мамлакатни ривожлантирувчи куч ҳисобланади. Барчага тенг имкониятнинг яратилиши мамлакат имкониятларининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг "Давлат ва бизнес бошқаруви" факультети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири


Мавзуга оид