Минбар 845 20.07.2019 16:42:19

Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги тарихий адоват қайта уйғонмоқда

Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги тарихий адоват қайта уйғонмоқда

Шу кунларда Япониянинг Жанубий Кореяга қарши қўллаётган иқтисодий тақиқлари икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир қилмоқда. 

Гап шундаки, жорий йилнинг бошида Япония Жанубий Кореянинг электрон саноатида муҳим аҳамиятга эга бўлган учта кимёвий маҳсулотини импорт қилишни тўхтатди. Япония ҳукуматига кўра ушбу қарор мамлакатдаги хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Расмий Сеул эса қўшнисининг қарорини "иқтисодий қасос" сифатида қабул қилган ва Халқаро Савдо Ташкилотига бу бўйича арзнома топширган. Токио эса бунга жавобан Жанубий Кореяни июль охирига қадар ўта нозик маҳсулотлар савдоси амалга ошириладиган ишончли давлатларнинг "оқ рўйхати"дан олиб ташлаш билан таҳдид қилган. 

Тўсатдан юзага келгандек кўринган иқтисодий зиддиятлар аслида 2018 йилнинг кузида бошланган эди. Ўшанда Жанубий Корея Олий суди 1945 йилгача Япония ҳукуматига қарашли компаниялар томонидан мажбуран ишлатилган, бироқ ҳақ тўланмаган кореялик ишчиларнинг даъвосини ёқлаб чиққан ва Япониянинг бу компаниялари жабрланувчиларга товон пули тўлаб бериши кераклиги бўйича қарор чиқарган. Айни пайтда Жанубий Корея судида 70 та Япония компаниясига қарши 1300 нафар даъвогарнинг аризалари кўриб чиқилмоқда. 

Корея яримороли 1910 йилдан 1945 йилгача Япония мустамлакаси бўлган. Айнан шу йилларда кўплаб кореяликлар Япон ҳукумати томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Аммо Япония ҳукуматининг баёнотига кўра, 1965 йилда имзоланган иккитомонлама келишувга кўра, давлатлар ўртасидаги барча низо ва олди-бердилар ҳал қилинган. Шунга кўра, Токио расмийлари айбдор деб топилган компаниялар олдига товон пулларини тўламаслик талабини қўйган. Корея эса шартномада шартномада муайян шахслар билан боғлиқ масалалар кўзда тутилмаганини айтиб, Токионинг оқловларини рад қилган. 

Айнан мана шу айблов ва қарорлар икки ҳамкор ўртасидаги муносабатларга зарар етказмоқда. Аммо иккитомонлама зиддиятларнинг тарихий асослари ҳам бор. Мисол учун, кореяликларнинг фикрича, ҳукумат Япония билан боғлиқ тарихий ҳақиқатларга кўз юммаслиги керак. Хусусан, мустамлака даврида япон ҳарбийлари қўлида жинсий зўравонлик қурбони бўлган миллионлаб корейс аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши ва адолат қарор топиши зарур. Охирги президентлик сайловларида ҳам барча номзодлар дастурларида халқнинг бу талаби қондирилишини эълон қилишган эди.

Ўтказилган сўровларга кўра, японияликларнинг 50 фоизи Корея Республикасига нисбатан тақиқларни қўллаб-қувватлаган. Бунга жавобан, ҳар уч нафар Жанубий Корея фуқаросидан иккитаси Япония маҳсулотларига бойкотни қўллаб-қувватлашини билдирган. 

Экспертларнинг фикрича, Япониянинг Корея яриморолида узоқ асрлар давом этган тарихий зиддиятлар яна юзага келиши Осиё иқтисодиётига жиддий зарар етказиши мумкин. 

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг "Давлат ва бизнес бошқаруви" факультети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги мухбири.


Мавзуга оид