Минбар 2271 20.07.2019 14:56:47

Шоҳнур Файзуллаев: Меҳнат мигрантларининг барча ҳуқуқлари кафолатланган

Шоҳнур Файзуллаев: Меҳнат мигрантларининг барча ҳуқуқлари кафолатланган

Таҳририятимиз мухбири Шаҳноза Равшанова HUMAN xususiy bandlik agentligi раҳбари Шоҳнур Файзуллаев билан агентликнинг ўтган қисқа давр мобайнидаги фаолияти, миграция соҳасидаги ютуқ ва муаммолар ҳақида суҳбатлашди. Янада аниқроқ айтганда, ушбу суҳбатни, ўтган олти ойлик фаолияти юзасидан кенг жамоатчилик, хусусан, ташкилот мижозларига агентликнинг ҳисоботи дейиш мумкин. Мазкур мулоқотни тўлиғича ҳавола этамиз.

– Барчамизга маълумки, 2018 йилда Президент қарори билан мамлакатимиз фуқароларини чет давлатларга ишга юбориш учун хусусий бандлик агентликларига ҳам ваколат берилди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Сиз “HUMAN xususiy bandlik agentligi” номи билан янги хусусий бандлик агентлиги ташкил этдингиз. Ўтган давр мобайнида агентлик томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Шу ҳақида маълумот берсангиз...

– Президентнинг мазкур қарори ижросини таъминлаш борасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, ҳозирда фуқароларни хорижа ишлашга қонуний жўнатаётган хусусий бандлик агентликлари сони 80 тага яқинлашиб қолди. Ушбу агентликлар меҳнат бозорининг ҳар хил йўналишларида ўзларининг турли хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, бизнинг “HUMAN xususiy bandlik agentligi”миз фаолият бошлаганига ҳам 6 ойдан ошди. Бу вақт давомида агентлик ўзининг стратегиясини ишлаб чиқди. Унда биринчи навбатда фуқароларимизга қулайликлар яратишга эътибор қаратилди. Яъни мижозларнинг фақатгина мамлакат маркази пойтахтдан эмас, балки ўзи яшаб турган вилоятларидан мурожаат қилиш имконини яратиш мақсадида, республикамизнинг барча ҳудудининг маъмурий марказларида агентликнинг ваколатхоналари ташкил этилди.
Шунингдек, агентлик олдида турган яна бир асосий масала бу – ишга юборилган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифасидир.

Авваламбор, бу ҳуқуқлар – Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади. Унга кўра, ҳар бир хусусий бандлик агентлиги ўзи хорижга юборган мижозининг ишга жойлашишидан бошлаб, меҳнат фаолиятини якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келгунига қадар ҳуқуқларини таъминлаб бериши шарт.

Қўшимча равишда, Агентликнинг асосий меҳнат бозори Европа ва Шарқ давлатлари эканлиги, иш жараёнларида фуқароларга зудлик билан қандайдир ҳуқуқий ёки бошқа ижтимоий ёрдам керак бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Германиянинг Франкфурт шаҳрида унинг филиали очилди. Франкфуртдаги филиал фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кутиб олиш, ишга жойлаштириш ва иш берувчи ташкилотларнинг фаолиятини доимий мониторинг қилиш каби вазифаларни бажаради.

Ҳозирги кунда Шарқдаги асосий меҳнат бозоримиз Япония давлати ҳисобланади. Айнан шу давлат билан фуқароларимизнинг ҳуқуқларини таъминловчи ва ҳимоя қилувчи ташкилот билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.

Ўрни келганда айтиш жоизки, миграция бизда янги соҳа. Боиси, бу соҳа 25 йилдан ортиқ муддатда давлат монополиясида эди. Маълумки, давлат томонидан фуқароларимиз фақатгина Жанубий Корея ва Россияга ишга юборилган. У пайтларда ишга жўнатиш ўзига яраша тартибсиз ташкил этилганлигини ҳам кузатиш мумкин эди.

Аслини олганда, миграцион қонунчиликни ҳамма ҳам тушунавермайди. Ва ҳар бир давлатнинг миграцион қонунчилиги ўзига яраша характерга эга.

Ҳозирги кунда агентлигимиз Германия, Чехия ва Япониянинг иккитадан иш берувчи йирик ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади. Туркия билан ҳамкорлигимиз натижасида 200 нафарга яқин фуқаро ушбу давлатда ишламоқда. Шу кунларда Туркияда мониторинг ўтказилди. Ишга жўнатилган 100 дан ортиқ фуқаро билан очиқ мулоқот олиб бордик. Аҳамиятлиси, улар ишидан мамнун. Бу – агентлигимизнинг ютуғи, деб ҳисоблайман. Шундан келиб чиқиб, агентлик дастлабки 6 ойлик фаолияти даврида маълум даражадаги ютуқларга эришди десак, хато бўлмайди.

– Хорижга ишга кетаётган фуқаронинг виза олиш тартиби қандай, умуман олганда, виза олишда қийинчиликлар юзага келмаяптими?

– Биз ҳамкорлик қиладиган давлатларнинг деярли барчасига виза талаб қилинади. Биз оладиган виза – ишчи виза дейилади. Ўз навбатида ишчи визанинг ҳам бир қанча тури бор.

Ҳар бир давлатнинг виза бериш тартиби, ўзининг ички қонунлари билан тартибга солинади. Виза олиш жараёни осон кечмайди, албатта. Чунки виза олувчига на бирор бир халқаро ташкилот ёки миграцион агентлик ёрдам бера олмайди. Лекин шуни айтиш керак-ки, ҳар қандай давлатдан яхши иш топилса-ю, виза ололмаса, у мамлакатга боиршнинг ўзи имконсиздир. Бу ўринда бандлик агентликлари фуқароларга виза олишларида кўмаклашади.

Виза олиш жараёнда дипломатик консулхона ва элчихоналар бандлик агентликлари орқали кетаётган фуқароларнинг Шенген ҳудудларида бошқа давлатларга чиқиб кетмаслиги ва кейинчалик ишчиларни қайтариб олиб кела оладими ё йўқми каби саволларга аниқлик киритилади. Шу билан бирга, кейинчалик қандайдир муаммо келтириб чиқармайдими, агентликнинг мақсади ўзи нима эканлигини ўрганиб чиққандан сўнггина виза берилади. Яна бир масала, мигрантлар бораётган давлатларнинг қонунларини ҳурмат қилиши ва мамлакат ички тартиб-қоидалари, қонунларини бузмаслигига ким кафолат беради? Бу нарса ҳам виза олишда ўзига яраша қийинчилик келтириб чиқади. Чунки бу – бевосита хавфсизлик масаласидир.

Ҳозирги кунда ҳам элчихоналарга ҳужжат топшириш жараёни жуда қийин. Ҳамма ҳужжат тайёр бўлгани билан тўғридан-тўғри топшириш имкони мавжуд эмас. Маълум миқдорда чекланган квота, кунлик режим, кейин ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни жуда чўзилиб кетиш каби ҳолатлар мавжуд. Лекин шу пайтгача нима учун ҳужжатлар рад этилганлиги, нима сабабдан бу даражада чўзилиб кетганлиги, дипломатик ваколатхона ва элчихоналардан сўралмас эди.

Эндиликда хусусий бандлик агентликлари элчихоналардан нафақат сўраш, балки талаб қилиши ҳам мумкин. Буни амалга ошириш эса, аввало, давлатимиз ва мижозларимизнинг берган ишончини оқлаш ҳисобланади. Чунки ҳамма ишни аъло даражада бажариб, якунда виза ололмаса, мижоз биринчи навбатда биздан, қолверса, давлатга ишончи йўқолади. Ҳуқуқ ва манфаати нуқтаи назардан агентликлардан талаб қилади. Шу сабабдан биз элчихоналардан натижани ва унинг сабабини талаб қилишга ҳақлимиз.

Ҳужжат қабул қилишда ҳам икки хил ҳолат бор. Улар мижозни шахсан ўзининг иштироки ёки унинг ишончнома берган вакили орқали топширишлари мумкин. Лекин Европа давлатларига иккинчи усулда ҳужжат топшириш имкони йўқ. Боиси ҳужжат топширишда фуқароларнинг биомаълумотлари зарур бўлади. Биомаълумот талаб қилинмайдиган давлатларга ҳужжат топширишда фуқароларга бир қанча қулайликлар мавжуд. Масалан, бизнинг агентлик мизожларини Туркияга ишга юборишда фуқаролардан ҳужжатларни ўзи қабул қилиб олади. Ўзи ҳужжатларни топширди. Бу кўплаб оворагарчилик ва саргардонликларининг олдини олишга хизмат қилаётир.

Ушбу соҳа янгилиги учунми виза олишда жуда кўп муаммолар бор. Унинг устига виза олишни тушунадиган мутахассислар ҳам етарлича, деб бўлмайди. Шунинг учун керак бўлса, хориждан мутахассисларни жалб қилиш зарур.

Маълумки, мамлакатимизда фаолият олиб борувчи дипломатик ваколатхона ва элчихоналар қаттиқ режимда ишлайди. Бу ҳолатда бизга Ташқи ишлар вазирлигининг кўмаги керак бўлади. Чунки ташқи алоқаларни Ташқи ишлар вазирлиги координация қилиб боради. Негаки, амалдаги қонунчилигимизда хусусий бандлик агентликлари виза масаласида элчихоналаридан маълумот олиш ёки олмасликка ҳақли ёки ҳақли эмаслиги тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

– Ноқонуний меҳнат миграцияси хусусий бандлик агентликлари, хусусан сизнинг ташкилотингизга қайсидир маънода таъсир этяптими?

– Хусусий бандлик агентлигини ташкил этиш жуда ҳам осон. Ташқи миграция агентлигига юридик шахс гувоҳномаси, низоми, раҳбар ҳақида маълумот, номи ва электрон базасига ариза топширилади. Шундан кейин хусусий бандлик агентлиги тузилади. Лекин бу – сиз чет элга фуқароларни ишга юборасиз, дегани эмас.
Миграция соҳаси амалиётида иккита тушунча бор: хусусий бандлик агентликлари реестри ва лицензияга эга бўлган хусусий бандлик агентликлари мавжуд.

Бундан ташқари ҳозир ҳам мазкур соҳада носоғлом рақобат муҳитининг борлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Масалан, ижтимоий тармоқлар орқали ишга юборамиз, бизга мурожаат қилинг, деган эълонларни кўришимиз мумкин. Лекин ана шу эълон берганнинг эгаси ким, нима мақсадда тузилганлиги маълум бўлмаган баъзи ташкилотлар ҳам учраб туради. Уларни молиялаштирадиган ташкилотлар ҳам бор.

Иш бошлаганимизда ана шу жиҳатларни ҳам эътиборга олганмиз. Агентлик раҳбари сифатида бу каби ҳолатлардан чўчимаганман ва ишни доим ўз жойида қонуний ташкиллаштирамиз. Фуқароларни биз олиб бораётган фаолият билан очиқ танишиб чиқишига имкон яратиб бермоқдамиз.

Бу борадаги энг оғриқли нуқта шундаки, нотўғри маълумотлар билан одамларни чалғитиб қўйишдир. Чунки миграция бўйича мурожаат қилувчиларнинг асосий қисми аҳолининг етарлича даромадга эга бўлмаган қисми саналади. Уларнинг асосий қисми олий маълумотга эга бўлмаган, юртимизнинг чекка ҳудудларида яшовчи, миграцион қонунчиликдан деярли хабари бўлмаган одам учун ижтимоий тармоқдан келган қандайдир маълумот қизиқарли туюлиши мумкин. Натижада ноқонуний гуруҳларнинг тузоғига илиниб қолганлик каби ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Бу ҳолатда фуқароларга Ташқи меҳнат миграция агентлигининг ишонч телефонларига ёки меҳнат вазирлигининг сайти ва ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларига мурожаат қилишни тавсия қилар эдик. Олдинлари бу сайтлар унчалик ҳам фаол ишламаган. Лекин ҳозирда ҳар бир мурожаатчининг сўровига жавоб бериб борилмоқда. Марҳамат ишончли манбаалардан маълумот олишсин ва шу асосда ҳаракат қилишсин. Шунда ҳар бир фуқаро ва агентлик ҳам хотиржам, ишонч билан фаолият олиб бориши мумкин бўлади.

Нотўғри маълумотларни тарқалиши элчихоналарнинг қайсидир маънода хусусий бандлик агентликларига бўлган ишончи ҳам йўқотади. Чунки фуқаролар нотўғри маълумотлари асосида элчихоналарга мурожаат қилишади. Улар бу маълумотларни қандайдир ноқонуний агентликлар ва гуруҳлардан олганлигини айтишади. Натижада эса элчихоналарда агентликлар шундай ишлайди, деган тушунча пайдо бўлиши мумкин. Хусусий агентликлар олдида ана шу муаммоларни ҳал қилиш масаласи юзага чиқади. Буни ўзига хос имтиҳон даври, деб ҳам айтиш мумкин. Мақсад битта натижага эришиш.

HUMAN xususiy bandlik agentligi раҳбари балан суҳбатни қуйидаги видеолавҳада томоша қилишингиз мумкин.


Суҳбат меҳнат миграцияси