Минбар 314 08.07.2019 10:20:20

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Давлат ўз ҳокимиятини амалга ошириш имконини берувчи ташкилий-моддий механизмига эга. Давлат ҳокимиятининг шаклланиши жараёнида эса давлатнинг ижро этувчи ҳокимияти муҳум рол ўйнайди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ, давлат бошқаруви тизимини янгилаш ва замонавий шарт-шароитларга мослаштириш мақсадида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда айтишимиз лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш соҳасида муҳим ўринга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 28 январдаги ПФ–5644-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” 2019 йил 28 январдаги ПҚ–4136-сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг фаолият йўналишларини қонун ҳужжатларида янада аниқ акс эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси аппарати ва Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу Қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи ҳокимият сифатида давлат бошқарувидаги фаолият йўналишлари янада аниқлаштирилмоқда. Шу билан бирга, Бош вазир ўринбосарлари билан биргаликда Бош вазир маслаҳатчилари ҳуқуқий институти жорий қилинмоқда. Жумладан, Бош вазир маслаҳатчилари:
ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Бош вазирга таклифларнинг пухта ишлаб чиқилишини, экспертизадан ўтказилишини ва тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, ушбу масалалар учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши чораларини кўради;
ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини умумий мувофиқлаштиради;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Шунингдек, амалдаги Қонунда Бош вазир фақат ҳукуматлараро шартномалар ва битимларни имзолаш ваколатига эга эканлиги айтилган бўлса, Қонунинг янги таҳририда эса “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуни ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош Вазирнинг Ҳуқумат номидан халқаро шартномаларни ҳам имзолаш ваколати мазкур лойиҳада ўз аксини топган. Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, ижро этувчи ҳокимият ташқи алоқаларни ўрнатишда ва фаол ташқи давлат сиёсатини олиб боришда ўз ўрнига эга бўлиши лозим, бу эса давлатнинг комлекс ривожланишига, жумладан ижро этувчи ҳокимият механизмининг самарадорлигига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Эътиборга молик жиҳат шундаки, янги қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлар доираси аниқлаштирилган шаклда келтирилмоқда. Бу эса Вазирлар Маҳкамаси таркиби аъзоларининг валокат ва мажбуриятларини, шунингдек давлат сиёсатини олиб бориш жараёнида уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг
иқтисодиёт соҳасидаги;

бюджет, молия, кредит ва пул сиёсатини амалга ошириш соҳасидаги;
ижтимоий соҳадаги;

маданий-гуманитар соҳадаги;

ҳудудларни ривожлантириш соҳасидаги;

экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш соҳасидаги;

ташқи сиёсатни амалга ошириш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги;

инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги;

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги;

жамоат тартибини сақлаш, давлат хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари ва фаолият доираси аниқ белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Aдминистрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари алоҳида боб шаклида келтирилган бўлиб, Ҳукуматнинг бошқа давлат бошқарув органлари билан муносабатларининг тартибга солинганлиги давлат сиёсати шакллантириш ва уни олиб бориш жараёнининг осонлашишига олиб келади.

Халилжон Халилов
Адлия вазирлиги масъул ходими


Вазирлар Маҳкамаси лойиҳа