Минбар 392 07.07.2019 14:20:59

Жо Ог Ҳянг: “Илк қадамни ташлашим учун ўн йил тайёрландим.”

Жо Ог Ҳянг: “Илк қадамни ташлашим учун ўн йил тайёрландим.”

Жанубий Корея пойтахти – Сеулдан Ёжу шаҳригача 1 соатлик йўл. Кўпчилик кореяликларга маълум бўлган Ина фермаси шу шаҳар яқинида жойлашган. Ферманинг довруғи ҳақида эшитгач, у ерга йўл олдим.

Ферма шаҳарга етмасдан, яшил тепаликлар ва ўрмон бағрида, осуда масканда қад ростлаган экан. Қушларнинг хотиржам хониши, пишқирганча ўтлаб юрган байтал, унинг атрофида ўйноқилаётган митти кучукчалар, бир-бирини қувлаётган улоқлар ва одамлардан ҳайиқмайдиган барралар сизни жонли табиат бағрига олиб киради. Йил бўйи бу ерга келувчиларнинг кети узилмайди.

Ферманинг ўзига хосликларини ўрганиш учун унинг асосчиси – Жо Ог Ҳянг билан суҳбат қуришга муваффақ бўлдим.

photo_2019-07-07_09-15-36.jpg

Ферма ҳақида ...

Бундан 37 йил аввал турмуш ўртоғим билан Сеулдан бу ерга кўчиб келдик. Табиатга, гуллар ва жониворларга меҳрим бу ферманинг бунёд этилишига сабаб бўлган. Катта қизим ҳозир 35 ёшда. Қизларимнинг ҳар иккаласи ҳам шу ерда туғилиб, улғайишди. Улар Кореяда, Япония ва Францияда фермерлик ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида таҳсил олиб, фермани кенгайтиришга кўмаклашишди.

Жанубий Кореяда чорвачилик муваффақияти президент Пак Чон Хининг сиёсати билан боғланади.

1970-йилларда амалга оширилган иқтисодий ривожлантириш дастурида фуқароларнинг соғлом бўлишлари учун кўпроқ сут ичишларига эътибор қаратилган. Ҳукумат 1984 йилга қадар 1 гектар майдонга пичан эккан фуқароларга узоқ муддатли кредит асосида сигир берган. Фермерлар бу кредитни 3-5 йил давомида давлатга сут топшириш орқали ёпишган.

photo_2019-07-07_09-17-49.jpg

Ўша йилларда мамлакатдаги фермалар сони 46 мингтага, соғин сигирлар сони 530 мингтага етади. Натижада, эҳтиёждан ортиқ сут ишлаб чиқарила бошланган.

Ҳукумат 2001 йилдан бошлаб фермалар ва соғин сигирлар сонини камайтиришга киришади. Ҳозирда бундай фермалар сони 6 минг, сигирлар эса 42 мингта.

Сигирлардан олинадиган сут миқдори эса ошган ...

Мисол учун, Ина фермасида 80 та соғин сигир мавжуд. Авваллари битта сигирдан бир йилда 4 минг литр сут олган бўлсак, ҳозирда 10 минг литр олинмоқда. Жанубий Корея бу борада Исроил, АҚШ ва Канададан кейинда туради. Мисол учун, Исроилда битта сигирдан йиллик 11 минг литр сут олишга эришилмоқда.

photo_2019-07-07_09-15-37 (2).jpg

Жанубий Кореяда кўплаб фермалар бор, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам Ина фермаси каби машҳур эмас.

Мамлакатда минглаб фермалар бор. Мен аввалбошданоқ Ина фермасининг шунчаки мол боқиб, сут ва гўшт оладиган ферма бўлишини хоҳламаганман. Мен бу ернинг одамларни табиат билан алоқасини мустаҳкамлайдиган маскан бўлишини орзу қилганман. Ферманинг бизнес модели ёки бизнес фалсафаси ҳам шунга асосланган.

Ина фермасига одамлар дам олиш учун келадилар. Бу ерга ота-оналари билан келаётган болалар илк маротаба жониворларни силаб кўрадилар. Улар бу ерда табиатнинг бир бўлаги эканликлари, атроф-муҳит бизнинг эътиборимизга муҳтож эканига гувоҳ бўлишади.

photo_2019-07-07_09-17-48.jpg

Ферманинг асосий даромад манбаи ...

Асосий даромад ўқув машғулотларидан. 2002 йилдан бошлаб уй ҳайвонларини боқиш, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, пишириқлар тайёрлаш, соғлом овқатланиш, руҳий соғломлик бўйича сабоқларни йўлга қўйдик. Одамлар фермамизга "яшил саёҳат" уюштиришади, дам олиш учун келишади. Бунинг орқасидан йиллик даромадимиз 300 миллион вон ($260,000) ни ташкил қилса, бошқа фаолият турларидан келиб тушадиган маблағ 100 миллион вондан ошмайди. 2015 йилдан бошлаб Ёжудаги мактаб ўқувчилари учун фермерлик ҳақида билим берадиган курсларни очдик.

photo_2019-07-07_20-19-03.jpg

"Руҳий соғломлик" деган тушунча қизиқ экан.

Бу курсни аслида 2016 йилда ҳарбийлар учун кўнгилли равишда ташкил қилганмиз. Ҳарбий ҳаётга мослашишга қийналаётган аскарларга руҳий кўмак бериш мақсадимиз бўлган. Кейинчалик бу курсни оддий одамлар учун ҳам йўлга қўйдик. Табиат ҳар дардга даво.

Ферманинг пишлоқлари ҳам яхши танилган...

Пишлоқ тайёрлаш сирларини илк бор япониялик устозимдан ўрганганман. Шундан сўнг дунёнинг кўп мамлакатларида бўлиб, пишлоқ тайёрлаш сирлари билан танишдим. Бугун фермада 14 турдаги пишлоқ, жумладан дунёга машҳур мозарелла пишлоғи ҳам тайёрланади.

photo_2019-07-07_09-15-32.jpg

Орзудаги масканга ҳаётда етиш осон агар ...

Илк қадамни ташлашим учун ўзимни ўн йил тайёрладим. Бедор тунларда масъулият билан юзлаб китоблар ўқидим, илм излаб Японияга бордим. Устозим – Андо Гоичи Ҳоккайдо сут маҳсулотлари академиясининг профессоридан кўп нарса ўргандим. Мен ўзгаришлар ҳақида кўп ўқийман. Чорловларни довюраклик билан қабул қиламан. Мен пулнинг эмас, янгиликларнинг ортидан чопаман. Шунинг учун ҳам мен доим орзуларимдагидек яшаяпман.

Устозингиз Ўзбекистонда яшаган экан ...

Устозим Ўзбекистон ҳақида кўп гапирар эди. Айниқса, мевалар ва ноз-неъматларини доим мақтар эди. Унинг мақтовларини тинглаб, кўнглимда Ўзбекистонга бориб тарвуз ейиш орзуси пайдо бўлган.

photo_2019-07-07_09-15-38.jpg

Ўзбекистон чорвачилик учун ҳам қулай жой

Хабарим бор. Эҳтимол, келажакда шундай имконият туғилар. Ҳозир Вьетнам билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Келажакда халқаро фаолиятни кенгайтириш режаси бор.

Жо Ог хоним, қизиқарли суҳбат ва саёҳат учун сизга катта раҳмат!

 Human.uz учун махсус тайёрланди.

Суҳбатдош - Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг "Давлат ва бизнес бошқаруви" факультети тадқиқотчиси.


Мавзуга оид